Жамият | 12:41 / 07.06.2022
19405
5 дақиқада ўқилади

“Давога муҳтож” тиббиёт – Навоийда шифокор беморлардан ноқонуний пул олиб келгани маълум бўлди 

Бепул тиббий хизмат кўрсатиши керак бўлган стоматолог шифокор беморлардан 50-60 минг сўмдан пул олган. Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи унинг бу ҳаракатидан бехабарлигини, ҳолат юзасидан қонуний чора кўрилишини айтмоқда.  

Фотоколлаж: Kun.uz

Kun.uz’га Навоий вилояти Навбаҳор тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида шифокор беморлардан пул олаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Таҳририят журналисти ҳолат юзасидан кичик суриштирув ўтказди. Маълум бўлишича, стоматолог шифокор Илёс Жўраев фуқаролардан муолажа учун ноқонуний равишда пул олган. Буни поликлиника бош стоматологи Жўрабек Мадалиев тасдиқлади (таҳририятда бунга далил бўлувчи аудио материаллар ҳам мавжуд).  

Навбаҳор тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ёдгор Абдуалимов ҳолатни шундай изоҳлади:

Тиббиёт бирлашмамизда бепул ва пулли хизмат кўрсатиш бўлимлари бор. Пулли тиббий хизмат кўрсатиш бўлими шифокори мен тасдиқлаган прейскурант асосида пул олишга ҳаққи бор. Унда ҳам тўлов кассада амалга оширилади ҳамда бемор квитанцияни шифокорга олиб боради ва белгиланган тиббий хизматни олади. Шифокор пулни тўғридан тўғри ўзи олишга ҳақли эмас. Поликлиникада бугунги кунда пулли хизмат кўрсатиш бўлимида бир нафар, бепул бўлимда эса 3 нафар стоматолог фаолият олиб боради. Агар шифокор (Илёс Жўраев бепул тиббий хизмат кўрсатиш бўлимида фаолият юритган - таҳририят) бемордан пул олганлиги тасдиғини топса, унга нисбатан қонуний чора кўрилади”.

Поликлиника бош стоматологи Жўрабек Мадалиевга кўра, шифокор Илёс Жўраев фақатгина бир бемордан унинг тишига “светопломба” қўйгани учун пул олган. Мазкур турдаги тиш қопламаси давлат томонидан бепул бериладиган дори-дармонлар ва тиббий буюмлар рўйхатида йўқлиги сабабли шифокор уни ўз ҳисобидан қўйган. Бироқ бу “оқлов” қонунчиликка зид. Аслида давлат тиббиёт муассасасида ишловчи шифокор бемордан муолажа учун нақд кўринишида пул олишга ҳақли эмас. 

Президентнинг жорий йил 25 апрелдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турларидан ташқари хизмат турларини пулли асосда ташкил этишга рухсат берилган. Қарор билан аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг сифатини яхшилаш, тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Унга кўра Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи асосида туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизмат турларидан ташқари пулли асосда ташкил этиладиган тиббий хизматлар рўйхати тасдиқланади. Бунда, пулли хизматлардан тушаётган маблағларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ва фойдаланиш устидан самарали назорат тизими яратилади. Зарур ҳолларда эса пуллар тушумини мониторинг қилиш мақсадида махсус ахборот тизимини яратиш кўзда тутилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бу буйруғи 2022 йил июн ойида қабул қилиниши белгиланган.

Навоий вилояти тиббиёт бошқармаси маълумотига кўра эса Соғлиқни сақлаш вазирининг 2016 йил 2 августдаги 340-сонли буйруғи билан тизимда қўшимча пулли сервис хизматлари жорий этилган ва ушбу хизматлар беморларга уларнинг ҳоҳишига асосан кўрсатилади. Таъкидланишича, барча тиббиёт муассасаларида пулли тиббий хизмат кўрсатиш тартиб ва қоидалари, хизмат турлари ва нархлари акс эттирилган ахборот бурчаклари бўлиши керак. Пулли тиббий хизмат кўрсатувчи муассасаларда фуқаролар билан шартнома тузилиши ва уларга пул тўланганлиги тўғрисида квитанция берилиши лозим.

Президент томонидан соҳани ислоҳ қилиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамай очиқчасига чўнтагини ўйлаётган бу каби шифокорларга қатъий чора кўрилмас экан, тиббиёт тизими “касалланишда” давом этади.

Таҳририят: Мақола тайёрланиш жараёнида мурожаатчи шифокор Илёс Жўраев уйига бориб, кечирим сўраганини маълум қилди. Аммо Kun.uz бу кўпчиликнинг дарди бўлганлиги сабабли мақолани эълон қилишни маъқул топди.   

Мавзуга оид