Спорт | 18:53 / 07.06.2022
37944
11 дақиқада ўқилади

Мане, Погба ва бошқалар. Ёзнинг энг кўп кутилаётган трансферлари

Ёзги трансферларда рўй бериши энг кўп кутилаётган трансферлар.

Габриэл Жезус

Габриэл Жезус. Фото: Global Look Press
  • Клуби: «Манчестер Сити»
  • Трансфер қиймати (Transfermarkt бўйича): 50 миллион евро
  • Қаерга: «Арсенал», «Ювентус», «Тоттенҳэм»

25 ёшли бразилиялик ўсишдан тўхтаб қолди ва ўтган мавсумда «Манчестер Сити»нинг асосий таркиб футболчиси бўлмади. Пеп Гвардиола классик марказий форвардсиз ўйнашни одат қилди, Габриэл Жезус эса вақти-вақти билан қанотда ўйнади. Эрлинг Ҳоланд ва Хулиан Альвареснинг «Сити»га олиб келиниши бразилиялик футболчи учун ўйин вақтини янада қисқартиради, шу туфайли у ёзда кетади. Унинг клуб билан шартномаси муддати бир йилдан кейин тугайди, шу туфайли «шаҳарликлар» уни шу ёзда трансфер қилиш орқали пул ишлаб қолиши мумкин. Футболчи учун курашда фаворит — «Арсенал», Лондон клуби ярим йил ичида Обамеянг ва Ляказеттдан айрилди (қолаверса, Нкетия билан шартнома ҳали янгиланмаган). Жезусга «Ювентус» ва «Тоттенҳэм»дан ҳам қизиқиш бор.

Пол Погба

Пол Погба. Фото: Global Look Press
  • Клуби: эркин агент
  • Трансфер қиймати: 55 миллион евро
  • Қаерга: «Ювентус», «ПСЖ»

«Манчестер Юнайтед» ўз академияси тарбияланувчиси билан ўн йил ичида икки бор хайрлашди. Кўринишидан, Погба бу ўн йилликда иккинчи бор эркин агент сифатида «Ювентус»га бориб қўшилади. «ПСЖ» ҳам қизиқиш билдирганди, у вақти француз ҳали «МЮ»ни тарк этмаганди, аммо «Юве» варианти ҳамиша биринчи рақамлиси эди. Sky Sports нашрига кўра, туринликлар клуби келишув ҳақида 17 июн куни эълон қилади — ўша куни Погбанинг фаолиятига бағишланган The Pogmentary номли ҳужжатли фильм премьераси ўтказилади.

Роберт Левандовски

  • Клуби: «Бавария»
  • Трансфер қиймати: 50 миллион евро
  • Қаерга: «Барселона»

Мбаппе «ПСЖ» билан шартномани узайтирди, Ҳоланднинг «Сити»га трансфери эса май ойидаёқ маълум бўлиб улгурди, шундай экан ёзнинг асосий трансфер эртаги Роберт Левандовски билан боғлиқ бўлади. Полшалик ҳужумчи август ойида 34 ёшни қоралайди, унинг «Бавария» билан бир йиллик шартномаси қолган, аммо унинг ўзи очиқчасига кетиш ниятини билдирган. «Менинг «Бавария»даги даврим тугади. Мен бу ерда ортиқ ўйнашни истамайман. Трансфер — энг яхши ечим. Умид қиламанки, мени тўхтатишмайди», – деди Левандовски май ойи охиридаги матбуот анжуманида.

«Бавария» президенти Герберт Ҳайнер бунга жавобан Левандовски «Бавария»да қолишини айтди, аммо унинг бу жавоби эртакка нуқта қўйиши даргумон. Поляк кетишга қатъий аҳд қилган, манзили ҳам аниқ – «Барселона». Инсайдер Фабрицио Романо томонлар уч йиллик шартнома бўйича келишиб олишгани, барчаси трансфер суммаси келишилишида қолганини хабар қилди.

Садио Мане

Садио Мане. Фото: Reuters
  • Клуби: «Ливерпул»
  • Трансфер қиймати: 80 миллион евро
  • Қаерга: «Бавария»

Қишда «Ливерпул»га Луис Диас келиб қўшилди ва дарҳол чап қанотда Маненинг позициясини эгаллади. Сенегаллик ҳужумчи эса ҳужум марказига кўчди, аммо у бундан хурсанд эмас. Мане яқинда 30 ёшга чиқади ва унинг «Ливерпул»даги истиқболлари аввалгидек булутсиз эмас.

Мане «Ливерпул»да бўлишидан Сенегалдагилар ҳам норози. Форварднинг мухлислари унинг позицияси олиб қўйилгани, умуман олганда, клуб унга Салоҳдан кўра ёмонроқ муносабатда бўлаётганидан ғазабланишмоқда — масалан, уларнинг наздида, «Ливерпул» Сенегалнинг Африка миллатлар кубогида ғолиб бўлиши ва миллий жамоанинг жаҳон чемпионатига чиқишини нишонлашмаган, лекин бутун клуб Сенегалга қарши ўйинларда мағлуб бўлган Миср етакчисини юпатиш билан банд бўлган. Мане аллақачон шов-шувли матбуот анжумани ўтказди, унда тез орада «Ливерпул»дан кетишига ишора қилди, аммо кейин бунинг учун узр сўраб, бу шунчаки ҳазил бўлганини айтди. Бу вақтда эса Левандовски билан хайрлашиш арафасида бўлган «Бавария» Мане учун асосий даъвогар бўлиб турибди.

Рафинья

Рафинья. Фото: Reuters
  • Клуби: «Лидс»
  • Трансфер қиймати: 45 миллион евро
  • Қаерга: «Барселона», «Ливерпул», «Манчестер Юнайтед», «Бавария»

Агар «Лидс» премьер-лигадан тушиб кетганида, Рафинья клубини ўзгартириши аниқ бўларди. Бразилиялик АПЛда топ-6 жамоаларидан бирининг аъзоси бўлмаган энг кучли футболчилардан бири экани шубҳасиз. Чап оёқда ўйновчи вингер якунланган мавсумда 11 гол урди ва Европанинг топ-клублари эътиборини ўзига жалб қилди. Унинг учун асосий фаворит — «Барселона», Хавида яхши таассурот қолдира олмаган Адама Траоре ёзда клубни тарк этиши мумкин, шунингдек Усмон Дембеленинг келажаги сўроқ остида. Аммо бошқа грандлар ҳам Рафинья атрофидаги вазиятни кузатиб боришмоқда.

Пауло Дибала

Пауло Дибала. Фото: AFP
  • Клуби: эркин агент
  • Трансфер қиймати: 40 миллион евро
  • Қаерга: «Интер», «Тоттенҳэм», «Манчестер Юнайтед», «Арсенал», «Ньюкасл»

Аргентиналик форвард «Ювентус»дан кетиши анча олдинроқ аниқ бўлиб улгурганди. Дибала туринликлар клубига етти йилини бағишлади, сўнгги мавсумда эса кўп ўйинларда сардорлик боғичини тақиб чиқди, аммо шартномани узайтирмасликка қарор қилди. Энди аргентиналикда икки вариант бор — ёки АПЛ (у ўзини бошқа чемпионатда синаб кўрмоқчи), ёки «Интер». Шу кунларда Дибала бошқа лигалар билан танишишни исташи, аммо Италияда ҳам бахтиёр эканини айтди. Шу туфайли қора-кўклар — нисбатан юқори эҳтимолли вариант.

Орельен Тчуамени

Орельен Тчуамени. Фото: AFP
  • Клуби: «Монако»
  • Трансфер қиймати: 60 миллион евро
  • Қаерга: «Реал», «ПСЖ», «Челси», «Ливерпул», «Манчестер Юнайтед»

Тчуамени ҳали ёш, у энди 22 ёшда, у сайёранинг энг кучли таянч яримҳимоячиларидан бири, шундай экан унинг атрофида бундай ажиотаж юзага келиши табиий ҳол. Франция термаси аъзосига «ПСЖ» ҳам даъвогар, аммо Тчуамени «Реал»га ўтиши эҳтимоли юқори.

The Athletic хабарига кўра, мадридликлар клуби монегаскликлар билан футболчи трансфери борасида оғзаки келишувга эришган, келишув қиймати 100 млн еврони ташкил этади. Шу тариқа, Тчуамени бу йил ёзги трансферларнинг энг қимматбаҳо футболчисига айланади — ҳатто Ҳоланд учун «Сити» бундан анча камроқ тўлаганди.

Ромелу Лукаку

Ромелу Лукаку. Фото: Reuters
  • Клуби: «Челси»
  • Трансфер қиймати: 85 миллион евро
  • Қаерга: «Интер», «Барселона»

Бир йил муқаддам бельгиялик титан «Интер»дан «Челси»га қарийб 100 миллион фунт эвазига ўтганди. Ўшанда Лукаку Лондон клубини АПЛда ғолиб чиқиш учун тўлақонли даъвогарга айлантириши кутилганди. Аммо бельгиялик ёрқин стартдан кейин тўхтаб қолди, асосий таркибдаги ўрнини йўқотди, қишда эса негадир интервьюларидан бирида «Интер»ни соғинганини айтди (бунинг учун Томас Тухель форвардни маълум вақтга таркибдан четлаштирди).

Ўтган чемпионатда Лукаку атиги саккиз гол урди, баҳорги ўйинларда эса «Челси» унинг ёрдамисиз ҳам кучли тўртликда қолди. Мантиқан олиб қараганда, ҳозирда ушбу улкан форварднинг Миланга қайтишини кутиш керак. «Интер» ҳозирча музокараларда фаол, аммо ҳеч ким шошилмаяпти: матбуотда яна бир даъвогар сифатида «Барселона» номи келтирилмоқда, аммо каталонияликлар ҳозирда Левандовски трансфери билан банд. The Telegraph нашри ёзишича, «Челси» Лукакуни катта пул эвазига ижарага беришга ҳам тайёр — клуб бир йиллик ижара учун 20 миллион фунт сўрамоқда.

Гарет Бэйл

Гарет Бэйл. Фото: Reuters
  • Клуби: эркин агент
  • Трансфер қиймати: 3 миллион евро
  • Қаерга: «Тоттенҳэм», «Милан»

Якунланган мавсумни Бэйл «Реал» захира ўриндиғида ўтказди ва шунчаки шартномаси муддати тугашини кутаётганини яширмади. 32 ёшли уэлслик ақлли йўл тутди: у Чемпионлар лигаси ва примера ғолиблигини қўлга киритди, энди эса янги клубига текинга бориши мумкин.

Бэйл атрофида миш-мишлар кўп эмас. Барча у энди ёш ва иштиёқманд эмаслигини, шу билан бирга катта маош сўраши ва кўп вақтини голф майдонида ўтказишда давом этишини англаб турибди. Аммо у Уэлсни кўп йиллик танаффусдан кейин жаҳон чемпионатига олиб чиқди, унга асосий даъвогар собиқ жамоаси «Тоттенҳэм» бўлиб турибди. Бэйл шу ерда жаҳон миқёсидаги юлдузга айланган ва 2020/21 йилги мавсумда ижара муддатини ҳам ёмон ўтказмаганди.

Дарвин Нуньес

Дарвин Нуньес. Фото: Global Look Press
  • Клуби: «Бенфика»
  • Трансфер қиймати: 55 миллион евро
  • Қаерга: «Ливерпул», «Манчестер Юнайтед», «Ньюкасл», «Арсенал», «Тоттенҳэм»

Ёзги трансферлар ойнаси бирор жанубий америкалик ёш футболчи португал клубидан бошқа каттароқ клубга ўтишисиз кечмайди. Бу сафар «Бенфика» сотадиган асосий футболчиси — 22 ёшли уругвайлик форвард Дарвин Нуньес. У ўтган мавсумда ўзини яхши намойиш этди (Чемпионлар лигасида у «Барселона», «Бавария», «Аякс» ва «Ливерпул»га гол урди).

Португалия чемпионатида «Бенфика» учинчи бўлди, аммо Нуньес 26 гол билан мавсум тўпурарига айланди. Катта эҳтимол билан, Уругвай термаси ҳужумчиси Англия клубларидан бири билан шартнома имзолайди — унга АПЛнинг деярли ярми даъвогар.

Мавзуга оид