Жаҳон | 17:03 / 08.06.2022
20457
2 дақиқада ўқилади

Меркел: «Путин Европа Иттифоқини йўқ қилишни хоҳлайди»

Германия собиқ канцлери Ангела Меркел маҳаллий Der Spiegel нашрига интервю бериб, Россиянинг Украинага бостириб киришини кескин қоралади. Унинг айтишича, Россия президенти Путин Европа Иттифоқини йўқ қилишни истайди.

Фото: Reuters

Меркел Россиянинг Украинага бостириб киришини катта хато деб атаган: «Бу халқаро ҳуқуққа зид бўлган ваҳший ҳаракатни оқлаб бўлмайди», деди собиқ канцлер. Унинг фикрича, Путиннинг нафрати ва душманлиги Ғарб демократик моделига қаратилган. «Путин Европани ва Европа Иттифоқини йўқ қилишни хоҳлайди, чунки бу НАТО томон босилган илк қадам деб ўйлайди», деб Меркел хонимнинг сўзларини келтирган нашр.

Меркел Германиянинг собиқ ҳукумати етарли даражада хавфсизлик архитектураси қура олмаганини тан олди. Собиқ канцлерни Россияга нисбатан жуда юмшоқ муносабатда бўлганликда айблашади, лекин у бу ҳаракатлари учун кечирим сўрашни истамади. Аммо Меркел хоним Россия Қримни босиб олгани учун кескинроқ ҳаракат қилиш лозим бўлганини тан олди.

Меркел нега 2008 йил Украина ва Грузиянинг НАТОга киришига қаршилик қилгани ҳақида ҳам гапирди. «У вақтда Украина ҳозир биз кўраётган давлат эмасди. Мамлакат Янукович ва Юшенко ўртасида сиёсий бўлинган эди. Ўша Украина ички демократик ва барқарор давлат эмасди», деди Меркел.

Собиқ канцлернинг айтишича, 2008 йил Путин Грузия ва Украинанинг НАТОга киришига йўл қўймас, буни ўзига очилган уруш деб қабул қилган бўларди: «Путин бутун Ғарбни ўзининг душмани деб билади. Мен бу қарашга қўшилмасам-да, уни провокация қилишни истамагандим», дейди Меркел. Сиёсатчи Путиннинг ҳозирги ҳаракатларини оқлаб бўлмаслигини айтган.

Мавзуга оид