«Ўзимни айблай олмайман». Меркел Путинга нисбатан сиёсати ва Украина НАТОга киришига қарши бўлгани ҳақида
Германиянинг собиқ канцлери Ангела Меркел Россиянинг Украинага босқинидан кейинги илк катта интервьюсида ўз вақтида Владимир Путинга нисбатан олиб борган сиёсатини оқлашга ҳаракат қилди.
7 июн куни Меркел хоним томошабинлар иштирокида немис журналисти ва ёзувчиси Александр Осанг билан ўтказилган интервьюда Россиянинг Қримни аннексия қилгандаги реакцияси учун ҳам (ўшанда у Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватлаганди), Украинанинг НАТОга киришига қарши чиққани учун ҳам (у буни вақтли деб ҳисоблаганди) узр сўрашига ҳожат йўқлигини айтди.
Россиянинг босқинидан кейин кўпчилик, шу жумладан Украина расмийлари ҳам у канцлер бўлганида Владимир Путинни «тинчлантириш» билан шуғуллангани ва Украинанинг НАТОга киритилиши ҳақидаги қуруқ ваъдалар вазиятни фақат ёмонлаштирганини айтганди.
Украина аср бошидаёқ «НАТОга аъзо бўлиш бўйича ҳаракатлар режаси»га қўшилишни сўраган, аммо 2008 йилда альянснинг Бухарестдаги саммитида Германия ва Франциянинг позицияси туфайли рад жавобини олганди.
Шу позиция туфайли Володимир Зеленский апрел ойида Ангела Меркел ва Франциянинг собиқ президенти Николя Саркозини нотўғри ҳисоб-китоб қилишда айблаган ва натижада Россияда Украина ўз таъсири доирасида қолиши борасида ишонч мустаҳкамланганини айтганди.
Сешанба куни собиқ канцлер бир ярим соатлик интервьюсида Путин ўшанда бу борада нимани ўйлаганини англагани ва уни провокация қилишни истамаганини айтган.
«Путин бунга йўл қўймаслигига ишончим комил эди. У буни уруш эълон қилиш сифатида қабул қилган бўларди. Мен унинг Ғарб душман экани, уни доим пастга уришлари ҳақидаги таассуротларига қўшилмайман. Аммо у шундай деб ўйлашини билардим ва уни провокация қилишни хоҳламасдим», – дея тан олган Меркел.
Ангела Меркел ўша йилларда Украина НАТОга қўшилишга тайёр бўлмагани, чунки бу давлатда ўшанда барқарор демократия бўлмагани ва олигархлар томонидан бошқарилгани ҳақида гапирди.
«Шу туфайли биз айта олмасдик: окей, эртага НАТОга қабул қиламиз. Украина биз ҳозир билган мамлакат эмасди. Бу жуда парчаланган Украина бўлган... ҳатто икки ислоҳотчи кучлар - Тимошенко ва Юшченко ўртасида келишмовчилик бўлган. Бу шуни англатадики, мамлакат барқарор демократияга эга эмасди. Мамлакатни НАТОга киргизаётганингда, улар ҳужум юз берган тақдирда ўз мамлакатини ҳимоя қилишга тайёрми-йўқми – билишинг керак», – дея изоҳлаган Меркел.
Собиқ канцлер Украинанинг альянсга аъзолик учун йўлини ушбу мамлакат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда тўсиб қўйганини айтди.
«Бир кунда НАТО аъзоси бўлиб қолиш мумкин эмас. Путин бунга осонликча йўл қўймаслигига ишончим комил эди. Унинг нуқтайи назарига кўра, бу уруш эълон қилиш ҳисобланарди», – деган Меркел.
Унинг сўзларига кўра, шу тариқа вақтдан ютилган: «Бу вазиятни юмшатган ва Украинада ривожланиш ва ҳозирги ҳолатга келиш имкони бўлган».
Меркелнинг сўзларига кўра, лавозимининг сўнгги ҳафталарида, Римдаги G20 саммитида иштирок этиш учун келганида, босқин эҳтимоли яқинлашаётганига жиддий ёндаша бошлаган.
«Ишоралар бор эди ва биз бу ҳақда кўп гапирдик. Мен Путин Минск келишувларига амал қилмай қўйганини тушунгандим», – дея эслайди у.
Ангела Меркел Путин билан музокараларда соддалик қилмаганини, уни Россия билан савдо алоқалари орқали ўзгартириш мумкин, деб ҳисобламаганини таъкидлади.
«Дипломатияни муваффақиятли якунланмагани учунгина хато деб аташ мумкин эмас... Ҳарбий жиҳатдан тийиб туриш – у тушунадиган ягона тил», – деган у россиялик президент ҳақида.
Меркел Россиянинг тажовузкор урушини сўзсиз қоралади, аммо Ғарб унинг олдини олиш учун барча ишни қилмаганини қўшимча қилди.
«Бўлиб ўтган ишлар – Россия томонидан йўл қўйилган катта хато… Европада тинч-тотув яшашимизга имкон берувчи халқаро ҳуқуқнинг барча нормаларини бузиш.
Биз урушнинг олдини олиши мумкин бўлган хавфсизлик архитектурасини ярата олмадик. Ва биз бу ҳақда ҳам ўйлашимиз керак. Бунга йўл қўймаслик учун кўпроқ нарса қилиш мумкинмиди? Мен ҳалигача ўзимга шу саволларни бераман. Бу иш бермагани улкан фожиа, аммо мен ўзимни айблай олмайман. Мен уриниб кўргандим», – дея қайд этган Меркел хоним.
Мавзуга оид
22:35 / 11.11.2024
«Трамп билан ҳам, Ғарб етакчилари билан ҳам мулоқот режаланмаяпти» — Песков
16:42 / 11.11.2024
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
12:57 / 11.11.2024
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
07:55 / 11.11.2024