Жамият | 16:00 / 09.06.2022
15049
5 дақиқада ўқилади

Танқидлардан сўнг: Навбаҳорда беморлардан пул олган шифокор, Карманада ўқитувчилардан “ҳашар пули” ундирмоқчи бўлган ҳисобчи ишдан кетди

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида шифокор беморлардан муолажа учун ноқонуний пул олган, Кармана туманидаги айрим мактабларда эса ҳашар учун ўқитувчилардан икки марта пул ундиришга ҳаракат қилинган. Мавзулар Kun.uz’да ёритилгач, шифокор ва ХТБ ҳисобчиси ишдан олинди.

Kun.uz Навбаҳор тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси стоматолог шифокори Илёс Жўраев беморлардан ноқонуний равишда пул олгани ҳамда Кармана туманидаги айрим мактабларда ўқитувчиларнинг таътил пулидан умумхалқ хайрия ҳашари учун иккинчи бор 20 минг сўмдан ушлаб қолишга топшириқ берилгани ҳақида маълум қилганди. Ҳолатлар юзасидан Навоий вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Кармана тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди.  

Бошқарма муносабатига кўра, ўрганиш жараёнида стоматолог шифокор Илёс Жўраев ҳақиқатан ҳам беморга тиббий муолажа ўтказганлиги, унинг муолажаси учун зарур бўлган нур таъсирида қотувчи тиш пломбаларини хусусий клиникадан олиб келганлиги ва шу сабабли фуқародан бажарилган муолажа учун 60 минг сўм олганлиги аниқланган.  

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 18 февралдаги 63-сонли буйруғига асосан кўп тармоқли марказий поликлиникада кўрсатиладиган тиббий хизматлар ҳамда дори воситалари рўйхати тасдиқланган бўлиб, стоматолог Илёс Жўраев томонидан кўрсатилган тиббий хизмат ушбу рўйхатга киритилмаган. Хусусий тиббиёт муассасасидан ишлатиш учун харид қилган сарфлов воситаларини давлат ташкилотида ишлатганлиги сабабли ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Шунингдек, назоратни етарлича олиб бормаганлиги туфайли бош стоматолог Ж.Мадалиевга ва туман кўп тармоқли марказий поликлиника мудири Ф.Ўсаровларга ҳайфсан интизомий жазо чораси қўллаш тўғрисидаги буйруқлар имзоланиб, юридик марказга хулоса олиш учун тақдим этилди”, — дейилади расмий муносабатда.

Ҳолат такрорланмаслиги учун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти томонидан 2022 йил 8 июн куни ҳудуддаги барча даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари, кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оилавий поликлиникалар ҳамда оилавий шифокорлик пунктлари мудирлари иштирокида видеоконференция кўринишида йиғилиш ўтказилиб, соҳа ходимлари қатъий огоҳлантирилган.   

Кармана тумани ҳокимлигининг расмий муносабатида билдирилишича, кузатилган ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги, тегишли мутасаддилар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳокимлик муносабатида шундай дейилади:

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги 199-Ф-сонли фармойиши 8-бандига асосан “Маҳалла ободлиги-юрт фаровонлиги” ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашарини ўтказиш доирасида барча корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларнинг бир кунлик иш ҳақи миқдоридаги маблағлари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлимининг банкдаги ҳисобрақамига ихтиёрий равишда ўтказилиши белгилаб қўйилган”.

Аммо Вазирлар Маҳкамасининг мазкур фармойишида ҳам, Навоий вилояти ҳокимининг 2022 йил 28 апрелдаги фармойишида ҳам ўтказилган ҳашарда ташкилот, корхона ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ихтиёрий маблағларини «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг республика бошқаруви ҳамда жойлардаги бўлимларининг банкдаги ҳисобварақларига ўз ташаббуслари билан ўтказиш тавсия этилган. Яъни гап бир кунлик иш ҳақи эмас, «ходимларнинг ихтиёрий маблағлари» ҳақида бормоқда. Бу, ходим ҳашар учун ўзи истаган миқдорда маблағ ажратиши мумкинлигини (агар хоҳласа) англатади.

Шу муносабат билан, Кармана тумани умумтаълим мактабларидаги педагог ва ишчи ходимларнинг бир кунлик иш ҳақлари ўртача 80000-150000 сўмни ташкил этганлигини инобатга олиб, уларнинг иш ҳақларини бир мартада сақлаб қолмаслик мақсадида, ўз аризаларига асосан 2 ойда камроқ миқдорда сақлаб қолиш назарда тутилган.Май ойи иш ҳақларидан ходимларнинг ўз аризаларига асосан 15000, 20000, 30000 сўмгача сақлаб қолинган. Кармана тумани 24-умумий ўрта таълим мактаби ишчи-ходимларининг бир кунлик иш ҳақлари 2467000 сўмни ташкил этса-да, хайрия ҳашари учун 740 000 сўм сақлаб қолинган. Тумандаги умумтаълим мактабларининг педагог ва ишчи ходимлари иш ҳақларидан ҳашар учун 2 маротаба пул ушланмаган”, — дея давом этади расмий муносабат.  

Бу билан ҳокимлик Вазирлар Маҳкамаси ва Навоий вилояти ҳокимининг фармойишларини очиқчасига ўз фойдасига “мослаб оляпти”. Чунки “бир кунлик иш ҳақи” ва “ихтиёрий маблағ” ўртасида маъно жиҳатдан ҳам катта фарқ бор.  

Ҳокимликка кўра, туман ХТБ ҳисобчиси Зувай Шокиров топшириқни нотўғри талқин қилгани сабабли ўз аризасига биноан у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шунингдек, Кармана туманидаги 24-умумтаълим мактаб директори Дилфуза Шарипованинг шаръий турмуш ўртоғи Лутфулло Хўжақулов шу мактабда қоровул вазифасида ишлаётгани ҳолати ўрганилиб, батафсил маълумот берилиши маълум қилинган. 

Мавзуга оид