Жамият | 13:51 / 10.06.2022
4879
1 дақиқада ўқилади

Навоийда мансабдорлар спортчи ёшларнинг овқатланиши учун ажратилган маблағларни ўзлаштириб юборгани маълум бўлди 

Ёш спортчиларнинг овқатланиши учун бюджетдан ажратилган жами 109 млн сўм маблағ мансабдорлар томонидан “ҳазм қилиб” юборилган.

Бош прокуратуранинг хабар беришича, прокуратура идоралари томонидан Навоий вилояти спорт мактабларида текшириш ўтказилган ва жараёнда 2020-2021 йилларда спортчи болаларнинг ўқув-машғулот йиғинлари учун ажратилган бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Хусусан, Навоий шаҳридаги 2-сонли спорт мактабида эркин кураш бўйича 16 нафар спортчи болага 56 млн сўм, вилоят олимпия захиралари коллежида юнон-рум кураши бўйича 12 нафар спортчига 31 млн сўм ҳамда Кармана туман спорт мактабида 25 нафар спортчи болага 22 млн сўм овқатланиш учун ажратилган маблағлар мансабдор шахслар томонидан ўзлаштириб юборилган.

Ушбу ҳолатлар бўйича масъулларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Олдинроқ Навоий вилояти Халқ таълими бошқармаси ҳамда олдинги вилоят Туризм ва спорт бош бошқармаси моддий жавобгар шахслари спорт анжомларини қиммат нархларда сотиб олиб, давлат манфаатларига қарийб 1,4 млрд сўм зарар етказишгани маълум бўлганди.

Мавзуга оид