“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ОАВ ходимлари учун Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида пресс-тур ташкил қилинди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоатчиликка тўғри ахборот етказиш, сўнгги кунларда муҳокамада бўлаётган саволларга жавоб бериш, жумладан автобензин нархларининг шаклланиши, тақчилликка йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек “Ўзбекнефтгаз” АЖ истеъмолчилар учун қанча миқдорда бензин ва дизель ёқилғиси ишлаб чиқараётгани каби саволларга жавоб бериш мақсадида журналист ва блогерлар учун прес-тур ташкил қилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб Баҳовуддин Нақшбанд зиёратгоҳида бўлдилар. Мажмуада Қуръон тиловат қилиниб, қурбонлик қилинди.
Тан олиш керак, очиқликка интилаётган жамият сўнгги пайтларда қатор вилоятларда прес-турлар ташкил қилиб, тизим фаолиятини кенг оммага кўрсатиб келмоқда. Хусусан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳам муҳим объектлардан ҳисобланиб, шу вақтга қадар деярли ёпиқ ҳолатда фаолият кўрсатган. Журналист ва блогерлар завод масъул ходимлари билан мулоқот давомида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Таъкидлаш жоиз, “Ўзбекнефтгаз” АЖ табиий газ, нефть ва газ конденсати қазиб чиқариш, нефть-газ маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичлари ижросини бажариб, истеъмолчиларнинг табиий ва суюлтирилган газ, нефт маҳсулотларига бўлган талабини қондириш учун зарур чораларни кўрмоқда.
Тадбир давомида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг бугунги кунда ишлаб чиқариш қуввати, бензин нархларининг шаклланиши, маҳсулот тақчиллигига йўл қўймаслик учун қилинаётган ҳаракатлар ташриф буюрувчиларни кўпроқ қизиқтирди ва шу ҳақида кўпроқ маълумотлар берилди.
Завод бош муҳандиси Бахтиёр Мустафоевга кўра, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи республика истеъмолчиларини сифатли нефть маҳсулотлари билан таъминлаган ҳолда нефть маҳсулотлари нархи барқарор бўлиши учун ҳам хизмат қилмоқда. Завод бир йил давомида 2,5 млн тонна нефт ва газ конденсатини қайта ишлаш қувватига эга. 2022 йилда республика истеъмолчиларининг автобензинга бўлган талаби 1,3 млн тонна бўлиб, 2022 йил давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан жами 835,2 минг тонна автобензин ишлаб чиқарилиши истеъмолчилар талабининг 65 фоизини қондиради. Шунингдек, 861 минг тонна дизел, 480 минг тонна мазут, 300 минг тонна авиакеросин тайёрланади. Завод республиканинг дизелга бўлган эҳтиёжини 48-50 фоизга таъминламоқда.
Айтиш мумкинки, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2022 йилнинг 5 ойида 623,9 минг тонна суюқ углеводородлар қазиб чиқарилиши белгиланган бўлса, амалда 657,5 минг тонна қазиб чиқарилган. Жамият тасарруфидаги нефтни қайта ишлаш заводларида жорий йилнинг 5 ойида 603,1 минг тонна углеводород хомашёси қайта ишланиши белгиланган бўлса, амалда 626,1 минг тонна қайта ишланган. Жорий йилнинг 5 ойида 353,9 минг тонна автобензин ишлаб чиқарилиши белгиланган бўлса, амалда 381,4 минг тонна ишлаб чиқарилган.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи директори ўринбосари Нурали Примовнинг айтишича, “Ўзбекнефтгаз” АЖ раисининг 2021 йил 7 июндаги буйруғига асосан маблағларни тежаш мақсадида Газли нефт ва газ қазиб олиш бошқармасидан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига 27 дона газ конденсати ташийдиган махсус транспорт ўтказилган. 2022 йилнинг беш ойи давомида 2155 та рейс амалга оширилиб, 44 419 тонна маҳсулот ташилган. Ўғриликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир транспорт воситаси GPS билан жиҳозланган.
Айтиш мумкинки, заводнинг бензин ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиши ўртача 120-125 фоизни ташкил қилмоқда.
Пресс-тур давомида заводда фавқулодда вазиятлар вақтида қандай ҳаракатланиш, ёнғинни ўчириш бўйича тактик-машғулот намойиш этилди.
Заводда юқори октанли бензин (AИ-80, AИ-91, AИ-92, AИ-95, AИ-98), дизел ёқилғиси (ЭКО, Евро-4, 5), авиакеросин (Джет A-1), мазут, суюлтирилган газ, олтингугурт, пиролизли газолин, углеводород эриткичи каби нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Пресс-тур давомида “Ўзбекнефтгаз” AЖ раҳбарияти тизимга илғор инновацион технологиялар, юқори самарали ускуналар, шу жумладан янги катализаторлар, эскирган ускуналарни алмаштириш, йирик инвестиция лойиҳаларини жалб этиш орқали нефть ва газ саноатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган мақсадли ишларни олиб бораётганининг гувоҳи бўлдик.
Журналист Исомиддин Пўлатов
Оператор ва монтаж устаси Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
18:04 / 14.09.2024
Йирик энергетика корхоналарининг солиқ тўловлари кескин қисқаришда давом этмоқда
21:27 / 05.09.2024
GTL заводининг давлатга солиқ тушуми 2 баробарга камайгани маълум бўлди
20:27 / 29.08.2024
Йирик энергетика корхоналари солиқ тўлашни кескин камайтирди
13:59 / 29.08.2024