Жамият | 16:37 / 13.06.2022
36662
6 дақиқада ўқилади

Писталарни майнага қўриқлатаётган фарғоналик боғбон

Раҳматжон Усмонов ҳар қарич еридан унумли фойдаланиб, томорқасида гўзал боғ яратган. Айни кунларда боғбоннинг томорқасига ораласангиз, Эрон хандон писталари шиғил бўлиб мева солганига гувоҳ бўласиз. Энг қизиғи, у дарахт устидаги писталарини майнага қўриқлатар экан.

“Писта ғарқ пишганида ҳаккалар мевани еб қўяди. Майналар эса табиатан муттаҳам қуш бўлади: у пистани ўзи емайди, ўғриликка келган ҳаккаларни эса олдига солиб ҳайдайди. Майна – яхши қўриқчи. Писта дарахти устига 10 йил аввал майналар учун атай ин қуриб берганман. Улар дарахтларимни бегона қуш ва ҳашаротлардан қўриқлашади.

Майналар учун қурилган ин

 

Майналар ҳар йили инида бола очади. Ҳовлимизда улар учун алоҳида 2 та ин бор”, – дейди боғбон.

1953 йилда Фарғона вилояти Фарғона тумани Хонқиз қишлоғида туғилган Раҳматжон Усмонов колхозда омборчи, кейинчалик “Ўзбекистон” МФЙда раис бўлиб ишлаган. 6 фарзанд – 4 ўғил 2 қизни вояга етказган. Унинг 20 сотих ерида сархил мевалар парвариш қилинмоқда.

Раҳматжон Усмонов

 

“Фарғона водийсида Эрон хандон пистаси кўчатларининг ривожланишига ҳисса қўшган инсон акам Эрмат ҳожи Камолов бўлади. У инсон 1990 йилларда Эрондан 1 кг хом писта олиб келиб кўчатчиликни шундан бошлаган. Уларни томорқасига экканида 18 дона кўчат чиққан. Писталар мевага киргунича одамлар ишонишмаган.

Аҳоли писта кўчат Фарғона шароитида бўлмаслигини таъкидлашган эди ўша пайтда. Писталар мевага кирганида ўша одамлар ҳайратдан ёқа ушлаганлар.

Мен ҳам бундан 22 йил аввал Эрмат ҳожи акамдан кўчатларни олиб келган эдим. 22 йилдан бери ҳам деҳқончилик, ҳам даромад қилиб, кўчат билан шуғулланиб, аҳолини ҳам таъминлаяпмиз.

Писта кўчатларини ҳар хил шароитда экиш мумкин. Кўчат қилиш учун иссиқхона қилганмиз. Иссиқхонага экилган кўчатларни ҳаво исиши билан ташқарига чиқариб олиб, бутун ёз давомида одамларга етказиб берамиз.

Писта кўчати
Писта кўчати

Буюртмага қараб 1 ёшдан 3 ёшгача бўлган кўчатларни тайёрлаб қўямиз”, – дейди суҳбатдошимиз.

Боғбоннинг таъкидлашича, Фарғона иқлимига мослашган писта дарахти 4-5 йилдаёқ мевага кирар экан.

“Писта пишган даврда дарахтнинг тепасида уруғини танлаб оламиз. Танламай олса ҳам кўчат чиқаверади. Лекин “оталик” кўчатлари кўпайиб кетади. Писта кўчатларининг оталик ва оналиги бўлади. 10 туп писта кўчатига 1 туп оталиги бўлмаса, мева қилаверади. Лекин кам ҳосил беради.

Чанглатгандан кейин яхши бўлади. Шунинг учун уруғ сараланиб экилади. Писта кўчатини қаламча қилиб кўклатиш мушкул. Писта кўчатини уламасидан кўпайтириш ҳам жуда қийин.

Кўчатларимиз 3 хил бўлади. Баҳорги кўчатлар, кузгилари ҳамда 3 йиллик кўчатлар. Уч йиллик кўчатлар ёши катта бўлганига қарамай кечроқ мевага киради. Бир ёшли кўчатларни эксангиз, 4-5 йили мевага киряпти. Чунки писта кўчатлари ўзимизнинг иқлим шароитимизга мослашди. Аввалги навлар 7-8 йилда мевага кирарди”, – дейди у.

Бир туп писта дарахти ўртача 5-6 килограммдан ҳосил берар экан. Танаси унчалик катта бўлмагани боис боғбон дарахт тагида бошқа экинларни ҳам парваришлайди.

“Бундан 22 йил аввал акамдан олиб олиб келган 3 туп писта кўчати 8 йилда мевага кирган. Ундан кейин ўзимизда бошладик. Ҳозирда томорқамда 40 туп писта дарахти бор. Шулардан 20 тупи мева қиляпти. Тупидан ўртача 5-6 килограммдан мева олинади.

Уруғлик учун саралаб олинган писталар килограммини бугунги кунда 300 минг сўмдан сотяпмиз. Оддий қовурилган писталар 100-150 мингдан сотиляпти.

Энг яхши томони – писта дарахтининг тагида ҳамма экинлар бўлаверади. Помидор, бодринг, булғор қалампири – ҳаммасини экаверасиз, пистага ҳеч қандай зарар қилмайди. Писта дарахтига ҳашарот ҳам келмайди.

Писта дарахтига дори сепиб бўлмайди. Дори сепсангиз, қуриб қолиши мумкин. Тагига гўнг яқинлаштириб бўлмайди. Чиринди, озроқ фосфор ва амафос солиб турамиз. Ёшига қараб дарахтларни бутаймиз.

Писта кўчати унчалик катта бўлиб ўсиб кетмайди. Баҳор фаслида бутаб шакл берамиз. Бошқа фаслда буталса қуриб қолиши мумкин. Жуда ҳам нозик бўлади”, – Раҳматжон Усмонов.

Боғбоннинг таъкидлашича, писта дарахти 500 йилдан ортиқ умр кўради. Мевали кўчат –50 даража совуққача бардош берар экан.

“Писта дарахти ер танламайди. Хонқиз қишлоғига биринчи марта кўчатини олиб келганимизда одамлар бу дарахт фақатгина тоғли ҳудудда бўлади, дейишганди. Кейинчалик улар ҳам ҳосилини кўриб қизиқиб қолишди. Ҳозирда бошқалар ҳам кўчатчилик билан шуғулланишяпти.

Писта сентябр ойининг охирларида пишади. Аввал пишган мевасини қўл билан териб олиб уруғликка олиб қўямиз. Қолганини силкиб-силкиб, ерга тўкилганини териб оламиз. Яна бир нозик жиҳати, мевасини қўл билан тераман десангиз, қўл теккан мева очилмай қотиб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам писта меваси эҳтиёткорлик билан териб олинади. Дарахт устидаги меваларнинг барчаси етилиб пишганда силкиб тушириб териб оламиз.

Хандон писта меваси дарахтнинг тепасида 99 фоизи очилиб ёрилиб қолади. Тожикистон пистаси ва бошқа хил писталарни етиштириб кўрганман. Улар Эрон хандон пистасидек пўчоғи дарахтининг ўзида очилмайди. Бошқа писта навларининг дарахт устида 40-50 фоизигина очилади холос”, – дейди у.

Сарвар Зияев,
Kun.uz мухбири

Монтаж устаси: Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид