Ўзбекистон | 07:22 / 15.06.2022
7954
3 дақиқада ўқилади

Саноат зоналари иштирокчиларини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилди

Президент томонидан “Махсус иқтисодий, кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон имзоланди.

Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги давлат муассасаси шаклидаги кичик саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекциялар кичик ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекциялар сифатида қайта ташкил этилади.

Уларга қўшимча равишда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ривожлантириш ҳам улар ҳудудидаги ер майдонлари, бино ва иншоотларни электрон онлайн-аукционга чиқариш вазифалари юклатилди.

Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри махсус иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгашлари тугатилиб, улар вазифалари тегишинча махсус иқтисодий зоналар дирекцияларига ҳамда ягона дирекцияларга юклатилади.

Ҳужжат билан махсус иқтисодий зоналар ҳудудида инвестиция лойиҳалари бизнес-режалари ёки техник-иқтисодий асосларига "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК хулосасини олиш талаби бекор қилинди.

Бунда, махсус иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириш учун таклиф этилаётган лойиҳалар "Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги қонунда белгиланган талабларга мувофиқлиги тўғрисида хулоса махсус иқтисодий зоналар дирекциялари томонидан мустақил равишда қабул қилинади.

2022 йил 1 июлдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилмоқда, унга мувофиқ:

  • саноат зоналари ҳудудида инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш бўйича қарорлар махсус иқтисодий зоналар дирекциялари ҳамда ягона дирекциялар томонидан 10 иш кунида қабул қилинади;
  • махсус иқтисодий зоналар ҳудудида аукционга чиқарилган ер майдонларини ижарага бериш бўйича аукционда бир иштирокчи қатнашган тақдирда ҳам савдолар ўтказилган ҳисобланади;
  • махсус иқтисодий зоналар ҳудудидаги ер участкаларини ижарага олиш ҳуқуқи махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари томонидан кредитлар олишда гаровга қўйилиши мумкин;
  • саноат зоналарида ер майдонлари ва бино-иншоотларни электрон онлайн-аукцион орқали ижарага беришда бошланғич нархи бўйича тўловларни 12 ой муддатда бўлиб-бўлиб тўлаш тартиби татбиқ этилади;
  • махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари божхона имтиёзлари қўлланилган ҳолда импорт қилинадиган хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлар рўйхати бўйича мурожаати махсус иқтисодий зоналар дирекцияси томонидан мурожаат келиб тушганидан бошлаб етти иш кунида тасдиқланади ва электрон равишда Давлат божхона қўмитасига тақдим этилади;
  • импорт қилинаётган хомашё, материаллар ва бутловчи буюмлар ушбу рўйхатга мувофиқлиги ҳамда ҳар ярим йилда рўйхатдаги товарлар асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти устидан назорат божхона органлари томонидан амалга оширилади.

Белгиланишича, махсус иқтисодий зоналар ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича инвестиция буюртманомалари Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими томонидан беш кун муддатда тасдиқланади.

Бундан ташқари, кичик саноат ҳамда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари бош режалари туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланади.

Мавзуга оид