“Мен ҳам сен учун ота-онангдек қайғураман” — Шавкат Мирзиёев оққонга чалинган болалар билан учрашди
Президент Онкогематология марказида оққондан даволанаётган Саидазизхоннинг мақсади Президент мактабига кириш эканини билгач, соғайиб кетгач у ерга имтиҳонсиз қабул қилинишини айтди.
“Умидинг яхши бўлса, ниятинг яхши бўлса, Худо хоҳласа президент мактабларида ўқиб, жонажон ватанимизнинг, Янги Ўзбекистоннинг келажагисан. Мен бунга ишонаман. Ота-онанг қандай ният қилган бўлса, мен ҳам шундай ният қиламан, шундай қайғураман. Илоҳим яхши кунларда кўришайлик. Ниятларинг амалга ошсин. Президент мактабида албатта ўқийсан”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Саидазизхон Эшонхонов Kun.uz мухлислари учун бегона эмас: сайтимизда унинг соғайиши учун хайрия акцияси ўтказилган.
Президент бошқа бир бемор бола Самандар Кабулов билан ҳам танишиб, унинг онаси билан суҳбатлашди.
“Даволаш тактикамизни яна бир кўриб чиқяпмиз. Бунинг учун Германиядан мутахассисларни жалб қиляпмиз. Ўзим назоратга олганман. Мақсадимиз – соғайиш жараёнини тезлаштириш. Касалликни биргаликда енгамиз”, – деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев нукуслик болакай ва унинг онасининг ҳам кўнглини кўтарди.
“Онангизнинг кўзларида қувонч кўриняпти, ўғлим оёққа турди деб. Худо хоҳласа ўғиллари бу касалликни эсдан ҳам чиқариб юборади. Сизлар билан Нукусда ҳам кўришамиз, хўпми?” деди президент.
Эслатиб ўтамиз, президент топшириғи билан гематологик, онкологик ва иммунологик касалликларга чалинган болалар учун алоҳида марказ қуриб битказилди. Январ ойидан фаолият бошлаган марказда болалар ва уларнинг ота-оналари яшаб даволанишлари учун замонавий шароитлар яратилган.
Мавзуга оид
07:35
Шавкат Мирзиёев Россия ҳукумати раисининг ўринбосарини қабул қилди
17:13 / 01.11.2024
Президент бозорларда нархларни барқарорлаштириш бўйича тезкор чоралар кўришни буюрди
12:39 / 01.11.2024
Кичик ГЭСлар “саноат ипотекаси” асосида тадбиркорларга берилади
12:38 / 01.11.2024