Ўзбекистон қаҳрамони Қувондиқ Саноқулов Навоий давлат кончилик институти ректори лавозимидан озод этилди
Ҳукумат қарори билан Бахтиёр Мардонов Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ректори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
“Нигоҳ” телеграм канали хабарига кўра, Бахтиёр Мардонов Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ректори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди ва Қувондиқ Саноқулов Навоий давлат кончилик институти ректори лавозимидан озод этилди.
Мазкур университет президентнинг 2022 йил 31 мартдаги қарори билан ташкил этилган. Университетда саноат, техника-технология, муҳандислик соҳалари учун олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрланади.
Университет ҳузурида қуйидагилар ташкил этилган: Нукус кончилик институти; “Навоий” илмий-технология саноат парки; 2022/2023 ўқув йилида: Кармана политехника техникуми; Ғозғон политехника техникуми.
Университет ҳузуридаги техникумларда саноат, кончилик, металлургия, машинасозлик, қурилиш, энергетика, электротехника, хизмат кўрсатиш йўналишларида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон қаҳрамони Қувондиқ Саноқулов «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси бош директори ҳисобланади. У 2014 йилнинг апрель ойидан ўриндошлик асосида Навоий давлат кончилик институти ректори сифатида ишлаб келган.