Ўзбекистон | 12:50 / 21.06.2022
8834
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Озарбойжон бизнес-форумида 500 млн долларлик битимлар имзоланди

Тошкентда Озарбойжон президентининг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Инвестициялар вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси томонидан Озарбойжон Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Экспорт ва инвестицияларни рағбатлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил қилинган Ўзбекистон-Озарбойжон бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, тадбирда вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон ва Озарбойжон йирик компанияларининг 100 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни очар экан, делегациялар раҳбарлари икки мамлакат ҳудудлари орқали ўзаро ва транзит юк ташишни кўпайтиришни рағбатлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар жорий қилинишини билдирди. Бу, ўз навбатида, транспорт ва логистика соҳасида Ўзбекистон-Озарбойжон ҳамкорлигини чуқурлаштиради.

Тадбир дастури доирасида “B2B” ва “G2B” тарзида ҳам панел мунозаралари бўлиб ўтди, унда ўзбек ва озарбойжон бизнес вакиллари аниқ лойиҳа таклифлари асосида бизнес ҳамкорлик истиқболларини батафсил муҳокама қилиш имкониятига эга бўлди.

Форум якунлари бўйича умумий қиймати 500 млн доллардан ортиқ қўшма лойиҳалар ва савдо шартномаларини амалга ошириш бўйича қатор битим, икки мамлакат тегишли вазирлик ва идоралари ўртасида амалий ҳамкорлик тўғрисида 10 та келишув имзоланди.

Мавзуга оид