Сурхондарёда 20 гектар ердаги сомон поялари ёқиб юборилгани учун фермерга 32,7 миллион сўм зарар ҳисобланди
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида буғдой ўриб олингандан сўнг унинг майдони ёқиб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалган. Ҳолат юзасидан вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси маълумот берди.
Маълум қилинишича, Жарқўрғон туманида ғалладан бўшаган майдон 2022 йил 19 июн куни тунги вақтда ёқиб юборилган. Туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими инспектори томонидан олиб борилган суриштирувда ушбу жой “Сурхон” ТФХБ ҳудудида ташкил бўлган “ABBOS-AR” фермер хўжалигига тегишли экани аниқланган.
Вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилининг келишувига кўра текшириш ўтказилганда фермер хўжалиги раҳбари сомон қолдиқлари ёнган даласида текшириш ўтказишга ҳеч қандай сабабсиз қатнашмаган.
Ўрганиш натижасида ғалла ўримидан бўшаган жами 20 гектар ер майдонда сомон пояси қолдиқлари ёқиб юборилиши оқибатида Ер кодексининг 40 ва 79-моддаси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасида кўрсатиб ўтилган фермер хўжалигига ажратилган ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишда экологик талаблар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилиш мажбуриятлари бажарилмагани аниқланган.
Шунингдек, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 24-модда талаблари (Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги мажбуриятлари) бузилишига йўл қўйилгани аниқланган.
Қайд этилишича, аниқланган ҳолат юзасидан 32 миллион 711 минг 397 сўм миқдорида зарар суммаси ҳисобланиб, жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун тегишли тартибда судга юборилган.