Ўзбекистон | 18:05 / 22.06.2022
26354
2 дақиқада ўқилади

170 дан ортиқ тузатишлар: Конституцияни ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси парламентга киритилди

Ўзбекистон Конституциясининг 66 та моддасига 170 дан ортиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш керак, деган хулосага келди Конституциявий комиссия. Ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси парламентга киритилди. Лойиҳа ҳозирча эълон қилингани йўқ.

Фото: Kun.uz

“Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси амалдаги қомуснинг 83-моддасига асосан Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палатага киритилди. Бу ҳақда Конституциявий комиссия матбуот хизмати маълум қилди.

Лойиҳада амалдаги Конституциянинг барча бўлимларидаги 66 та моддага 170 дан ортиқ тузатишлар кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасига қуйи палатанинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари масъул этиб белгиланган.

Лойиҳа, шунингдек, парламентдаги партияларнинг сиёсий фракцияларига ҳам тарқатилган. Ҳозирча жамоатчиликка очиқлангани йўқ.

Бугун, 22 июл куни бўлиб ўтган масъул қўмиталарнинг қўшма йиғилишида Конституциявий қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун қабул қилинган. Қуйи палата кенгаши ҳам шу мазмундаги қарорни қабул қилган.

Эндиликда манфаатдор вазирлик ва идоралар, экспертлар хулосалари асосида дастлабки хулосалар олинади ва ялпи мажлисда биринчи маротаба кўриб чиқиш учун қабул қилинади.

Маълум қилинишича, ялпи мажлисда концептуал равишда кўриб чиқилган қонун лойиҳасини халқ муҳокамасига чиқариш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.

Аввалроқ президент мазкур ўзгаришларни референдум ўтказиш орқали қабул қилишни таклиф этганди.

Мавзуга оид