Ўзбекистон | 10:32 / 23.06.2022
7160
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда йўлларни таъмирлаш жараёнида бюджет пулларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди 

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги йўлларни таъмирлашда ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Фото: ДХХ

Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўрганишлар олиб борилган.

ДХХ хабарида айтилишича, ўрганишлар натижасида йўл инфратузилмаси объектларида бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди.

2020-2021 йилларда Боёвут тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан тумандаги умумфойдаланув автомобиль йўллари ва “Обод қишлоқ” дастурига асосан ички йўлларда амалга оширилган қайта таъмирлаш ишлари назорат ўлчовидан ўтказилганда, мазкур корхона мансабдор шахслари ўзаро тил бириктириб, ҳисоботларга бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали жами 1 млрд 525 млн сўм миқдоридаги бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани маълум бўлди.

Ҳозирда Боёвут тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодекси 167- (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш”) ва 209- (“Мансаб сохтакорлиги”) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид