Ўзбекистон | 16:51 / 24.06.2022
21532
2 дақиқада ўқилади

Ҳисоботларда ёзилган 6 млн туп кўчат аслида экилмаган бўлиб чиқди

Шу йил баҳор ойларида “Яшил макон” умуммиллий акцияси доирасида аслида экилмаган 6,2 млн кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилган, 3,4 млн туп кўчат суғориш тизими йўқ жойга экилган. Ҳисоб палатаси тафтишида маълум бўлишича, 2,4 млн туп кўчат баҳор тугамасданоқ қуриб битган.

Сурхондарё вилояти Сариоёсиё тумани / Архив фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси “Яшил макон” умуммиллий акцияси доирасида шу йил баҳорда олиб борилган дарахт кўчатларини экиш ишлари юзасидан тафтиш ўтказди.

Баҳорги мавсум ҳисоботларида республика бўйича жами 129,6 млн дона кўчат экилгани ёзилган. Амалда эса, Ҳисоб палатасининг маълум қилишича:

  • ҳақиқатда экилмаган 6,2 млн туп кўчат ҳисоботларга қўшиб ёзилган;
  • 3,4 млн туп кўчат суғориш тизими бўлмаган жойларга экилган;
  • 2,4 млн туп кўчат сувсизлик ва етарли парвариш бўлмагани сабабли баҳор тугамасдан қуриб нобуд бўлган;
  • ернинг табиий иқлим хусусиятларини инобатга олмаган ҳолда 341 минг туп кўчат яроқсиз ерларга экилган, 65 минг тупида кўчатлар орасида белгиланган масофа сақланмаган;
  • дарахт экиш ишлари тизимли ташкил этилмаган, суғориш ва парваришлаш учун тегишли масъуллар бириктирилмаган.

“Ваҳоланки, давлатимиз раҳбари томонидан кўчатларни ҳудудий экология хусусиятларидан келиб чиқиб, тўғри ёндашган ҳолда экиш ва бу борада намунавий маҳаллаларни барпо этиш масаласи қатъий белгиланган эди.

Ўрганиш натижаларига кўра, Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда тегишли вазирликларга аниқланган камчиликларни танқидий муҳокама қилиб, қайд этилган хато ва камчиликларни бартараф этиш, шу жумладан, кўчатларни парваришлашга жиддий эътибор қаратиш ва масъулларга кескин интизомий чоралар кўриш юзасидан топшириқлар берилди”, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, Ҳисоб палатаси Экология ва Ўрмон хўжалиги қўмиталари билан бирга экилган кўчатларнинг парвариши устидан ҳам назорат тадбирлари ўтказяпти.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев дарахт экиш бўйича “Яшил макон” умуммиллий акциясини 2021 йил ноябр ойида эълон қилган эди.

Мавзуга оид