Ўзбекистон | 17:21 / 24.06.2022
32811
5 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Эскалатор»дан 20 йилдан бери қарз. Россия компаниясининг «сабри тугамоқда» 

Россия компанияси Ўзбекистоннинг Россиядаги мулкларига тақиқ қўйилишини сўраб судга мурожаат қилмоқчи. Бунга Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсисчилигидаги давлат корхонаси Россия компанияси олдидаги 2,5 млн доллар миқдоридаги қарздорликни тўлаб бермаётгани сабаб бўлмоқда. 

Россиянинг «Эскалатор» компанияси вакили Тошкент шаҳар ҳокимлиги таъсисчилигидаги корхона қарийб 20 йиллик қарздорликни тўлаб бермаётгани юзасидан Kun.uz’га мурожаат қилди. Таҳририят мурожаат бўйича кичик суриштирув олиб борди. 

Маълум бўлишича, 1998 йил Россиянинг «Эскалатор» ЁАЖ ва Қурилаётган метрополитен линияси дирекцияси ўртасида эскалатор ускуналари етказиб бериш бўйича жами 9,1 млн долларлик шартнома имзоланган. Россия компанияси томонидан шартнома асосида жами 11 тўплам (комплект) эскалатор ускуналари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари етказиб берилган ҳамда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган. 

2001-2005-йиллар давомида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан 6,5 млн доллар миқдорида тўловлар амалга оширилган. 2,6 млн доллар қарздорлик эса бугунги кунгача тўланмаган. 

Ушбу қарздорликни ёпиш мақсадида 2002 йил 2 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилиниб, мақсадли йўналиш белгилаб берилган. Бироқ шунда ҳам ҳокимлик қарздорликни ёпмаган. 

Ўтган вақт мобайнида Россия компанияси билан шартнома қилган ташкилот – Қурилаётган метрополитен линияси дирекцияси бир неча марта қайта ташкил этилган. Хусусан, 2016 йил «Toshkent Texnotrans Locistik» ДУК сифатида ташкил қилинган, унинг ягона таъсисчиси 100 фоизлик улуш билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳисобланади. 

2018 йил Тошкент шаҳар туманлараро иқтисодий суди ишни кўриб чиқиб, мавжуд қарздорликни «Toshkent Texnotrans Locistik» ДУК ҳисобидан «Эскалатор» компанияси фойдасига ундириш ҳақида қарор чиқарган. Ушбу суд ишида низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахслар сифатида қатнашган Тошкент шаҳар ҳокимлигига қарзни қоплашда ёрдам кўрсатилиши лозимлиги белгиланган. 

Шу тариқа, суд қарорига мувофиқ ижро варақаси чиқарилиб, МИБнинг Шайхонтоҳур тумани бўлимига юборилган. Аммо МИБ томонидан «Toshkent Texnotrans Locistik» ДУК 2,6 млн долларлик қарзни қайтариш учун етарли маблағ ёки мулкка эга эмаслиги аниқланган. 2021 йил 2 март куни МИБ «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 48-3-моддасига асосан қарздорликни таъсисчи ҳисобланган Тошкент шаҳар ҳокимлиги мол-мулки ҳисобидан ундириш бўйича ариза киритган. Аммо бу ариза суд томонидан рад қилинган. 

«Эскалатор» ЁАЖ Тошкент туманлараро иқтисодий судининг қарори устидан апелляция берган. Лекин Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати қарорни ўзгаришсиз қолдирган. 

Аслида Фуқаролик кодексининг 72-моддасига кўра, давлат корхонасининг мол-мулки етарли бўлмаганида давлат унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгар бўлади. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 16 октябрдаги 215-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат корхоналари тўғрисида»ги Низомнинг 26-банди эса давлат корхонаси ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб бериши, муассис корхона мулки етарли бўлмаганда давлат корхонаси мажбуриятлари бўйича субсидиар тартибда жавоб бериши белгилаб қўйилган. Демак, ушбу ҳолатда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз муассислигидаги «Toshkent Texnotrans Locistik» ДУКнинг мол-мулки етарли бўлмагани сабабли субсидиар жавобгар ҳисобланади.

2001 йил 15 августда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан «Эскалатор» ЁАЖга шартнома бўйича мавжуд қарздорликни 2002 йил 1 июнга қадар ҳар ойда 665,6 минг АҚШ доллардан бўлиб тўлаш бўйича кафолат хати берилган. Бироқ орадан йигирма йил ўтганига қарамай, қарздорлик тўланмаган. 

Масалага Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳам аралашди. Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 2021 йил 16 июнда Вазирлар Маҳкамасига юборилган хатда таъкидланишича, Россия компанияси ҳолат ижобий ечим топмаса, Ўзбекистоннинг Россиядаги мулкларига тақиқ қўйиш бўйича судга мурожаат қилишини билдирган. 

Масалани ўрганиб чиққан Адлия вазирлиги ҳукуматга киритган таклифида «Эскалатор» компанияси Ўзбекистоннинг Россиядаги давлат активларини ҳибсга олиш орқали даъволарни таъминлаш учун ариза бериш мақсадида Тошкент шаҳар иқтисодий суди томонидан чиқарилган ижро варақасини мавжуд халқаро шартномалар ва битимлар доирасида ижросини таъминлаб келаётгани ҳақида ўз хавотирларини билдирган.

Ўзбекистонда буюртма бажариб, пулини тўлиқ ололмаётган «Эскалатор» компаниясининг сабри тугаб бормоқда, Россия нашрларида мазкур иш бўйича материаллар кўрина бошлади

Тошкент шаҳри ҳокимлигининг бир компаниядан қарзи икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларда ўнғайсизлик юзага келтирмаслиги учун ҳам масалага ҳукумат даражасида эътибор қаратилиши керак бўлмоқда. 

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид