Жамият | 16:48 / 25.06.2022
99791
8 дақиқада ўқилади

Андижонда қотил аёл икки норасидани нега ўлдирганди?

Ёмон хабар яшин тезлигида тарқалади. Андижон шаҳрида аёл киши ўз қариндошлари – 10 ёшли ўғил бола ва 7 ёшли қизалоқни шафқатсизларча ўлдириб, чойшабга ўраб пол тагига яширгани ҳақидаги хабар ҳам шундай тез тарқалди ва барчанинг юрагини ларзага солди.

Қотиллик содир этилган Андижон шаҳар Ўзбекистон маҳалласи, Зафар кўчасида бўлганимизда аҳоли ўз фарзандларини ваҳима ва қўрқувдан кўчага ўйнагани ҳам чиқармай қўйганини айтишди.

Прокуратура айни пайтда жиноят содир этгани аниқланган Ё.Д. иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини бошлаган.

Аниқланишича, бу аёлнинг номида бўлган уйда 2022 йил апрел ойидан буён қариндоши (холаваччаси), 2 нафар вояга етмаган фарзанди (ўғли 10 ёш, қизи 7 ёш) ва бувиси билан яшаб келишган.

Аёл ўз кўрсатмасида холаваччасини оиласи бузилиб кетишига сабабчи бўлганликда айблаб, юкларини ўз уйига олиб келмоқчи бўлганида холаваччаси бунга қаршилик қилгани, унга уйни бўшатиб қўйиш ҳақида қўйган талабини ҳам рад қилиб келаётганини билдирган.

Шунда аёл холаваччасидан қасд олиш мақсадида унинг уйда йўқлигидан фойдаланиб 16 июн куни уйга келиб, холаваччасининг 2 нафар фарзандини қасддан ўлдириб, жасадларини уйнинг айвон қисмига, пол тагидаги ертўлага яширган.

Воқеа қандай бўлган?

Онаизор болаларини йўқолиб қолди дея қўни-қўшнилар билан уч кун излаган эди.

“Ёлғиз она болалари билан яшарди. Рўзғор, тирикчилик учун ишларди. Ҳар куни кўз олдимизда юрган болажонлар. “Болаларим йўқолиб қолди” деб югуриб қолди. Ҳамма излашга тушди. Қотилликда айбланаётган аёлни яхши танирдик. Ҳеч бундай иш қиладиганга ўхшамасди. Ҳамшира бўлгани учун невараларимга укол қиларди. Ҳомиладор эди. Уни бу даражада ёвузлик қилиши миямга сиғмаяпти.

Болаларнинг ўлиги топилган куни онанинг оҳ-у зори, додини эшитиб юракларимиз тўкилиб кетди. Ҳалигача ўзимизга келмаяпмиз”, – дейди маҳалла фуқароларидан бири Зуҳра Матёқубова.

Қўшнилардан бири, болалар жасадини пол тагидан топган Зуҳриддин Мансуров билан суҳбатлашдик.

“Иккала бола жуда мустақил ва дадил, биров чақирса кетиб қоладиган эмасди. 16 июнда, болалар йўқолиб қолган кундан бошлаб, ички ишлар излашни бошлади. Мен ҳам икки-уч километр Оқ гўр маҳалласигача бориб изладим.

Дўконларга қўйилган камераларни кўриб чиқдик. 16 июнда фақат катта йўл бўйидаги битта кичик дўкон камерасидан ака-сингил “Роллтон“(тез тайёрланадиган лапша) сотиб олгани маълум бўлди. 17 июнда темирйўл вокзали томонни, 18-да аэропорт томонни изладик.

19 июнда уйларига кирсам, болаларнинг онаси қариндош аёллар билан бирга экан. Топилмаганини билдим. Кейин ўзимни аёлим билан уларникига пичоғимизни олиб, тарвуз сўйиб бериш учун яна кирдик. Чунки уларнинг уйидаги барча пичоқлар ИИБ томонидан олиб қўйилган эди. Кирганимиздан сўнг, аёллардан бири “полни тўғрилаб беринг” деди. Полни тахтасини олсам, сассиқ ҳид чиқиб кетди. Бир қопда шиша банкалар турган экан, кўтариб олсам, тагида чойшабга боғланган бола қўлини кўриб қолдим.

Онаси “дод” солди. Мен қўрқиб ташқарига югуриб чиқиб кетдим. Чунки менга болани қўли қимирлагандай туюлган эди. Кейин қўшнилар фонар ёқиб туришди. Жасадларни олиб чиқдик. Воқеа жуда қўрқитиб қўйди”, дейди гувоҳ Зуҳриддин Мансуров.

Қўни-қўшнилар бўлган ҳодисадан ваҳимага тушиб қолишган. Ҳамманинг тинчи бузилган. Кечқурунлари катталар ҳам кўчага чиқмай қўйишган.

“Аёлнинг ўз холаваччасига “Мени оиламни буздинг” деб мана шу қабиҳликни қилиши жуда ёмон иш бўлди. Олдинги турмуши бузилган ва иккинчи турмуши билан яшар эди. Маҳаллага ёмон бўлди. Ширин, бир-бирига меҳрибон болалар қурбон бўлди. Ака-сингил ўта меҳрибон эди. Энди қўрқувда яшаяпмиз. Кўчаларимиз бўм-бўш. Мана, бугун сизлар келганингиз учун кўчага чиқдик. Болаларни биров кўчага чиқармай қўйган. Қўрқяпмиз”, – дейди яна бир қўшни Муҳаррам Давлатова.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари – воқеа тафсилотлари ҳақида

Қариндошлар ўртасида келишмовчилик оқибатида келиб чиққан бу қотиллик ҳудуддаги 24-мактабда ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳалла аҳли иштирокида муҳокама қилинди.

Андижон вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Фаррух Ғиёсов, вилоят прокурори ўринбосари Дониёр Масалиев иштирокида ўтказилган муҳокамада жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинди.

Фаррух Ғиёсовнинг айтишича, мудҳиш воқеанинг юз беришига қариндошлар ўртасида 3-4 ой олдин содир бўлган воқеа сабаб бўлган. Гумонланувчининг турмуш ўртоғи у билан ажрашган. Шундан сўнг гумонланувчи турмуш ўртоғи билан ажрашгани сабабини болаларнинг онасидан кўриб, қасд олиш мақсадида уларни ўлдириш режасини тузган.

Ғиёсов воқеани қуйидагича тушунтирди: “Болаларнинг онаси С.Д. Андижон шаҳридаги ‘Янги бозор” ҳудудида озиқ-овқат маҳсулотлари сотиш билан шуғулланиб келади. Одатда аёл ҳар куни эрталаб ишга чиқиб кетади, фарзандлари эса уйда қаровсиз қолади. Бир куни у билан яшовчи қариндоши Д.Ё. турмуш ўртоғининг Тошкент шаҳрида ишлаб юришидан фойдаланиб, С.Д. билан бирга яшовчи уйига бегона эркакни олиб келган. Бундан хабар топган С.Д. холаваччасининг акаларига хабар берган. Буни эшитган акалар воқеа жойига келгач, Д.Ё. уйдаги эри эканини, Тошкентдан келганини айтган. Акалари Д.Ё.нинг турмуш ўртоғига қўнғироқ қилгач, бор ҳолат ойдинлашган.

Шу сабаб ҳам Д.Ё. турмуш ўртоғидан ажрашган, бунда С.Д.ни айбдор кўриб, унга нисбатан қасд қилган. Болаларини ўлдириб ўч олмоқчи бўлган. 2022 йил 16 июн куни С. Д.нинг катта фарзанди Сайфиддин чўмилишга чиқиб кетганида, қизи – 2-синф ўқувчиси Робия уйда қолган. Шу ерда бўлган Д.Ё. қизни ҳаммомга олиб кириб бўғиб ўлдириб, қопга солиб, пол тагига яширган. Кейин 5-синф ўқувчиси бўлган Сайфиддин чўмилишдан келган. Д.Ё. унинг ухлашини пойлаган. 15:00–16:00 ларда бола ухлаган. Д.Ё. унинг кўкси ва бошқа жойларига ўткир тиғли жисм билан жароҳат етказган. Бола уйғонган ва қаршилик кўрсатишга уринган. Пичоқни ушлагани учун қўлида ҳам жароҳати бор. Д.Ё уни ҳам бўғиб ўлдириб, ертўлага олиб тушиб қўйган.

Она ишдан келиб, болалари йўқлигини билган ва ИИБга хабар берган. ИИБ ходимлари Д.Ё. билан суҳбат ўтказган. Орадан икки кун ўтиб жасадлар топилган”.

Вилоят прокурори ўринбосари Дониёр Масалиев маҳалла аҳли ва жамоатчилик вакилларига икки норасида гўдакдан бири қопга солинган, яна бири чойшабга ўралган жасади топилиши билан боғлиқ қотилликнинг сабаблари бўйича тўхталди.

Масъул тўпланганларга жиноятчига жазо муқаррарлиги таъминланиши аниқлиги ҳақида гапириб: “Мудҳиш ҳолатнинг олдини олиш мумкин эди-ку?” деган саволни ташлади. Маҳалла вакиллари ҳам ўз фикрларини билдиришди.

Жиноят иши қўзғатилган

Андижон вилоят прокуратурасида бўлдик. Прокуратуранинг алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси Сарварбек Ҳамидов мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълумот берди.

Ҳозирда жиноят бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Мазкур қотилликнинг қандай содир бўлгани ҳақида маълумотлар ҳозир шу. Лекин қариндош аёлларнинг адовати ортидан икки норасида боланинг қурбон бўлгани жуда ачинарли ҳолат.

Элмурод Эрматов,

Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид