Ўзбекистон | 15:07 / 25.06.2022
387861
34 дақиқада ўқилади

Конституцияга таклиф этилаётган ўзгаришлар рўйхати

Конституциядаги 128 та модданинг роппа-роса ярми – 64 тасини ўзгартириш ва 6 та янги модда қўшиш таклиф этиляпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини эълон қилди.

Лойиҳада асосий қонуннинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим-моддалар) қўшиш таклиф этилмоқда.

Kun.uz ўз ўқувчиларига қулай бўлиши учун 20 бетдан иборат қонун лойиҳасини юридик қолипдан соддароқ форматга ўтказиб, зарур ҳолатларда амалдаги Конституция билан таққослаган ҳолда эълон қилмоқда.

Таъкидлаш лозим, қонун лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамалари портали – regulation.gov.uz сайтида эмас, Meningkonstitutsiyam.uz сайтида pdf форматда эълон қилинди. Бу эса фуқароларда лойиҳага моддама-модда фикр билдириш ва онлайн муҳокама ўтказиш имкониятини чеклайди. Аввалроқ Kun.uz барча НҲҲ лойиҳалари жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун мажбурий тартибда regulation.gov.uz'га жойланиши тартиби бекор қилингани ҳақида ёзганди.

1-моддадаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласини қуйидагича ўзгартириш таклиф этилмоқда:

  • Ўзбекистон – суверен республика, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий, демократик давлат.

1-модда ўзгаргач, уни бошқа ҳеч қачон ўзгартирмаслик белгиланмоқда. Бунинг учун 127-моддага (бу моддада Конституцияни ўзгартириш принциплари ёзилган) қуйидагича иккинчи қисм қўшилади:

  • Ушбу Конституция 1-моддасининг ва ушбу моддаси иккинчи қисмининг қоидалари қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.

13-модда кенгайтирилиб, унга хусусан қуйидаги қоидалар қўшилиши кутиляпти:

  • Инсонга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси давлат органи томонидан кўзланадиган қонуний мақсадга эришиш учун етарли бўлиши ҳамда манфаатдор шахсларга имкон қадар қийинчилик туғдирмаслиги керак.
  • Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонунчиликда юзага келадиган, бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилинади.

15-модда қуйидагича норма билан тўлдириляпти:

  • Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси олий юридик кучга эга бўлиб, тўғридан тўғри амал қилади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади.

16-моддадаги: “Мазкур Конституциянинг бирорта қоидаси Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас” деган қоида кенгайтирилмоқда:

  • Ушбу Конституциянинг бирорта қоидаси инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқ ва манфаатларига, ушбу Конституциянинг биринчи бўлимида назарда тутилган асосий принципларга ва қоидаларга зарар етказадиган тарзда талқин этилиши мумкин эмас.

17-модданинг биринчи қисми амалдаги таҳрири бундай: “Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади”.

Мазкур модданинг юқоридаги биринчи қисми ўрнига қуйидагича биринчи ва иккинчи қисмларни киритиш таклиф этиляпти:

  • Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсати инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади.
  • Ўзбекистон барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсеварлик ташқи сиёсат олиб боради

Амалдаги 17-модданинг қуйидагича иккинчи қисми ўзгармай қолади ва учинчи қисмга айланади: “Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин”.

20-моддага инсон ҳуқуқларининг чекланишига оид қуйидагича норма қўшиляпти:

  • Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонун билан ва бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек жамоат хавфсизлигини ва тартибини таъминлаш учун зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.

22-моддага қуйидагича янги қоидалар киритилмоқда:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга берилиши мумкин эмас.
  • Давлат хорижда яшаётган фуқаролар ва ватандошлар билан алоқаларнинг сақланиб қолиши ҳамда ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

24-моддага киритилаётган янги жумла:

  • Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади.

25-моддага жиноят қонунчилигига оид нормалар қўшиляпти:

  • Ушлаб туришга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга ёки озодликни бошқача тарзда чеклашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суд қарор қабул қилмагунича 48 соатдан кўп муддат ушлаб турилиши мумкин эмас. Агар ушлаб туриш ёки озодликни бошқача тарзда чеклаш тўғрисидаги қарор белгиланган муддатда суд томонидан қабул қилинмаса, шахс дарҳол озод қилиниши керак.
  • Шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб туриш асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши керак.
  • Ҳеч ким шартномавий мажбуриятларни бажара олмаганлигига асосланиб жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
  • Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага ёхуд жазога дучор этилиши мумкин эмас.
  • Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий, илмий ва бошқа тажрибалар ўтказилиши мумкин эмас.
  • Ҳар бир инсон ўз шахсини эркин ривожлантириш, қонун билан тақиқланмаган ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузмайдиган ҳар қандай ҳаракатни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига унинг розилигисиз юклатилиши мумкин эмас.

26-моддага қўшилаётган суд-ҳуқуқ тизимига оид нормалар:

  • Айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак. Қонунни қўллаш жараёнида юзага келадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак.
  • Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
  • Ҳеч бир шахс ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас.
  • Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабатда бўлиниши ва уларнинг шахсий қадр-қиммати ҳурмат қилиниши керак.
  • Шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги керак.

Конституцияга 261ва 262-моддаларни қўшиш таклиф этиляпти, бу янги моддаларда қуйидагилар белгиланмоқда:

  • Ҳар бир шахс адвокат ёрдамидан ўз танловига кўра ҳамда жиноят процессининг ҳар қандай босқичида фойдаланиш, шахс ушлаб турилганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
  • Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи айбловнинг моҳияти ва асослари тўғрисида хабардор қилиниш, ўзига қарши кўрсатма берган гувоҳлар билан юзлаштирилиш, ўз фойдасига кўрсатма бераётган гувоҳларнинг чақиртирилиши ҳуқуқига эга.
  • Қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди.
  • Ҳуқуқбузарликлардан ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишдан жабрланганларнинг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади. Давлат жабрланганларга одил судловдан фойдалана олишини ва етказилган зарар компенсация қилинишини таъминлайди.
  • Ҳар бир шахс давлат органларининг ёки улар мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши ҳуқуқига эга.
  • Ҳеч ким айни бир ҳуқуқбузарлик учун икки марта жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
  • Ҳеч бир шахс содир этилган пайтда ҳуқуқбузарлик деб топилмаган қилмиш учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
  • Қилмиш учун жазони истисно этадиган ёки енгиллаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга.
  • Жавобгарликни белгилайдиган ёки оғирлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас.
  • Ҳеч бир инсон расмий равишда эълон қилинмаган қонунга асосан ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.

27-моддадаги шахсий ҳаёт дахлсизлигига оид нормалар кучайтириляпти:

  • Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсиз бўлиши, шахсий ва оилавий сири, ўз шаъни ва қадр-қиммати ҳимоя қилиниши ҳуқуқига эга.
  • Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларни ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
  • Ҳар бир шахс ёзишмаларни, телефон ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали сўзлашувларни, почта-телеграф жўнатмаларини ҳамда бошқа хабарларни амалга ошириш эркинлиги ва уларнинг сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда, суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

28-моддадаги: “Ўзбекистон Республикаси фуқароси Республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир” деган норма қуйидагича таҳрирга ўтказиляпти:

  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосларда бўлиб турган ҳар бир шахс республика ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга, бундан қонунда белгиланган чекловлар мустасно.
  • Ҳар ким республикадан ташқарига чиқиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари Ўзбекистонга монеликсиз қайтиш ҳуқуқига эга.

29-моддада интернетдан фойдаланиш ҳар кимнинг ҳуқуқи деб эълон қилинмоқда (ҳозирча истиснолар, хусусан суд қарорлари билан чеклашга оид қўшимчалар лойиҳада йўқ):

  • Ҳар ким интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга.

30-моддада шахснинг ўзига тааллуқли ҳужжатлар ва маълумотларга оид ҳуқуқлари аниқ ёзилмоқда:

  • Давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар ҳар кимга ўз ҳуқуқларига ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши шарт.
  • Ҳар ким давлат органларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида, жамоат бирлашмаларида, ташкилотларда ўзи ҳақида тўпланган маълумотлар билан танишиш ва нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, шунингдек ноқонуний йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмаган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб этиш ҳуқуқига эга.

32-моддага маҳалла идораларига оид таъриф киритиляпти:

  • Фуқароларнинг маҳаллий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ўз манфаатларидан, ривожланишнинг ўзига хос тарихий хусусиятларидан, шунингдек миллий ва маънавий қадриятлардан, маҳаллий урф-одатлар ҳамда анъаналардан келиб чиққан ҳолда, мустақил равишда ва қонун доирасида ҳал этиш ҳуқуқи ҳамда уни амалга ошира олиш қобилияти фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши деб эътироф этилади.

36-моддадаги: “Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли” деган жумла қуйидагича ўзгартириляпти:

  • Ҳар ким қонун билан муҳофаза қилинадиган мулкка, шу жумладан интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуққа эга.

37-моддага меҳнат ҳуқуқига доир қуйидагича нормалар қўшиляпти:

  • Ҳар ким меҳнати учун ҳеч қандай камситилишларсиз ва белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш ҳуқуқига эга.
  • Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи яшаши учун етарли бўлиши керак.
  • Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади.
  • Ҳар бир ишловчи аёл ҳомиладор бўлган тақдирда ва туғиш даврида ҳақ тўланадиган таътилга ҳамда янги туғилган чақалоқни парвариш қилиш учун таътилга ёки болани фарзандликка олиш учун таътилга чиқиш ҳуқуқига эга.

Шу моддадаги: “Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади” деган жумладан кейин қуйидагича янги жумла қўшилмоқда:

  • Мажбурий меҳнатдан ва болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан фойдаланиш тақиқланади ҳамда бу қонунга кўра жавобгарликка сабаб бўлади.

38-моддадаги: “Ёлланиб ишлаётган барча фуқаролар дам олиш ҳуқуқига эгадирлар. Иш вақти ва ҳақ тўланадиган меҳнат таътилининг муддати қонун билан белгиланади” деган жумла қуйидагича ўзгартирилмоқда:

  • Ҳар бир шахс дам олиш ҳуқуқига эга. Ёлланиб ишлаётган фуқаролар дам олиш ҳуқуқига, дам олиш ва байрам кунлари, ҳақ тўланадиган ҳар йилги таътилга чиқиш ҳуқуқига эга.

39-моддадаги: “Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас” деган жумладаги “тирикчилик учун зарур энг кам миқдор” деган сўзлар “энг кам истеъмол харажатлари” деб ўзгартирилмоқда.

39-моддага ижтимоий ҳимояга оид қуйидагича янги бандлар ҳам қўшиляпти:

  • Давлат ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд ва кам таъминланган, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни қонунда белгиланган тартибда уй-жой билан таъминлайди.
  • Давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалга ошириш учун зарур тенг шароитларни яратади.
  • Ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳар қандай ажратиб қўйиш, ҳисобга олмаслик, четлатиш, чеклаш ёки ортиқча ён босиш, шунингдек ногиронлиги бўлган шахсларнинг объектлар ва хизматлардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратишдан бўйин товлаш тақиқланади.

40-моддага соғлиқни сақлашга оид қуйидагича нормалар қўшиляпти:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий ёрдамнинг қонунда белгиланган ҳамда тез ва шошилинч тиббий ёрдамни ҳам ўз ичига оладиган кафолатланган ҳажмини бепул олишга ҳақли.
  • Давлат соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимларини ривожлантириш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш, тиббий суғуртанинг турли шаклларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича зарур чоралар кўради.
  • Давлат барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва ҳимоя қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади.
  • Давлат Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, уни ижтимоий, иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантириш бўйича зарур чоралар кўради.

Конституцияга 401-модда қўшилмоқда:

  • Ҳар ким соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мол-мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга.

41-модданинг амалдаги таҳрири бундай: “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир”. Бу моддани қуйидагича янги таҳрирга ўтказиш таклиф этилмоқда:

  • Ҳар ким таълим олиш ҳуқуқига эга.
  • Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга кўмаклашади.
  • Давлат ҳар бир боланинг умумий ўрта таълим ташкилотларига ўқишга кириши учун мажбурий бир йиллик тайёргарликдан ўтишга бўлган ҳуқуқини кафолатлайди.
  • Бепул умумий ўрта таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Умумий ўрта таълим мажбурийдир.
  • Мактаб ишлари, мактабгача таълим ва тарбия давлат назоратида бўлади.
  • Таълим бўйича алоҳида эҳтиёжларга ва индивидуал имкониятларга эга бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ва тарбия ташкил этилади.
  • Давлат истеъдодли ёшларнинг моддий аҳволидан қатъи назар, таълимни давом эттиришини кафолатлайди.
  • Давлатга қарашли, хусусий ва бошқа шаклдаги таълим муассасалари ҳамда ташкилотларини ривожлантириш учун давлат тенг шарт-шароитлар яратади.
  • Педагог ходимларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг мақсади ҳамда масъулиятли вазифасидир.
  • Педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, шунингдек уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилмайди.

Конституцияга қуйидаги мазмундаги 411-модда қўшилмоқда:

  • Ҳар ким давлат таълим ташкилотларида танлов асосида бепул олий маълумот олишга ҳақли.
  • Олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари қонунда белгиланган доирада ўзини ўзи бошқариш, академик эркинлик, шунингдек тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эга.
  • Давлат илм-фанни ривожлантиришга, жаҳон илмий ҳамжамияти билан илмий алоқалар ўрнатишга кўмаклашади.

42-моддага илмий ва техникавий ижод эркинлигидан ташқари, бадиий ижод эркинлиги ҳам қўшилади:

  • Ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади.

Конституцияга 421-модда қўшилмоқда:

  • Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, болалар ҳамда ёшларни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратади.

Амалдаги 43-модда қуйидагича битта жумладан иборат: “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”. Мазкур моддани қуйидагича қайта ёзиш таклиф этилмоқда: 

  • Инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир.
  • Давлат инсон ва фуқаронинг Конституцияда ҳамда қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлайди.
  • Ҳар бир шахс ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли.

44-моддага қуйидагича янги банд киритиляпти:

  • Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши учун инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ва халқаро институтларга мурожаат қилишга ҳақли.

Амалдаги 45-модда қуйидагича битта банддан иборат: “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир”. Мазкур моддага қуйидагича иккинчи банд қўшилади:

  • Давлат аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёт сифатини оширишга, уларга жамият ва давлат ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг равишда иштирок этиш учун шарт-шароитлар яратишга ҳамда уларнинг асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда таъминлаш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чоралар кўради.

49-моддадаги “Маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасидадир” деган жумла ўрнига қуйидагилар киритилади:

  • Тарихий, маънавий, маданий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилинади.
  • Давлат ва жамият миллий қадриятларни ҳимоя қилиш, Ўзбекистон халқи маънавий ва маданий меросининг узлуксизлигини таъминлаш тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Амалдаги 52-моддада шундай ёзилган: “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир. Фуқаролар қонунда белгиланган тартибда ҳарбий ёки муқобил хизматни ўташга мажбурдирлар”. Юқоридаги икки жумладан олдин қуйидагича янги жумла киритилади:

  • Ватанга бўлган садоқат муқаддасдир.

53-моддага иқтисодиёт ва тадбиркорликка оид қатор янги нормалар, хусусан қуйидагилар қўшилади:

  • Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолиятининг йўналишини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли.
  • Ўзбекистон Республикасида товарларнинг, хизматларнинг, ишчи кучининг ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади.
  • Иқтисодий фаолиятда инсофсиз рақобатга, монополлаштиришга йўл қўйилмайди.
  • Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди.

Конституцияга янги 531-модда қўшилади:

  • Ҳеч бир шахс ўз мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкни жамоат эҳтиёжлари учун мажбурий равишда бошқа шахсга ўтказиш қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда ҳамда тартибда унинг ўрнини олдиндан ва тенг қийматда қоплаш шарти билан амалга оширилиши мумкин.

55-моддага қуйидагича нормалар қўшилади:

  • Ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк ҳам бўлиши мумкин.
  • Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди давлатга тегишли бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномалари асосида ажратилади.

56-модданинг амалдаги талқини қуйидагича: “Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилади”. Мазкур моддани қуйидагича таҳрирга ўтказиш таклиф этиляпти:

  • Фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан маҳаллалар, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, оммавий ахборот воситалари, касаба уюшмалари, жамоат фондлари ва шахсларнинг бошқа жамоат бирлашмалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этади, унинг мазмунини белгилайди.
  • Фуқаролик жамияти институтлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилишга, ижтимоий ҳамда маданий мақсадларга эришиш учун кўмаклашишга, жамиятнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилгандир.

61-моддага диний эркинликка оид қуйидагича нормалар қўшилади:

  • Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда фаолият кўрсатаётган барча диний ташкилотлар фаолиятининг эркинлиги кафолатланади.
  • Давлат конфессияларнинг тинч-тотув яшашига кафил бўлади.

63-модданинг амалдаги таҳрири бундай: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”. Мазкур модда қуйидагича таҳрирга ўтказилади:

  • Оила жамиятнинг табиий ва асосий бўғини, аҳолини сақлаб қолиш ҳамда кўпайтириш негизи сифатида жамият ва давлатнинг алоҳида муҳофазаси остида бўлади.
  • Никоҳ аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.
  • Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун зарур бўлган ижтимоий ва иқтисодий шарт-шароитларни яратади.
  • Давлат кўп болали оилаларга қонунга мувофиқ имтиёзлар ва ижтимоий кафолатлар берилишини таъминлайди.

64-моддада ота-оналар зиммасига юклатилган вазифалар уларнинг ўрнини босувчи шахслар зиммасига ҳам юклатилмоқда. Бу вазифалар қаторига болаларни вояга етгунга қадар боқиш ва тарбиялашдан ташқари, уларнинг таълими, соғлом ва тўлақонли камол топиши ҳақида қайғуриш ҳам қўшилмоқда.

65-моддадаги: “Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади” деган жумла ўрнига қуйидагилар ёзилади:

  • Боланинг манфаатлари, болаларнинг тўлақонли, жисмоний, ақлий ва маданий ривожланиши учун барча шарт-шароитларни яратиш давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишидир.
  • Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади.
  • Давлат ва жамият болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросидан фахрланиш туйғусини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилади.

70-модданинг амалдаги таҳрири бундай: “Суверен Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикасининг суверенитети Ўзбекистон Республикаси томонидан муҳофаза этилади”.

Мазкур моддани қуйидагича шаклга ўтказиш кўзда тутилмоқда:

  • Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибига киради. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳамда қонунчилигида назарда тутилган барча ҳуқуқ ва эркинликлар кафолатланади.

74-модданинг амалдаги таҳрири бундай: “Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси таркибидан Қорақалпоғистон Республикаси халқининг умумий референдуми асосида ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга”.

Мазкур моддани икки қисмдан иборат қуйидагича шаклга ўтказиш таклиф этилмоқда:

  • Қорақалпоғистон Республикаси ўз ҳудудида қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ҳамда қонунларига, Қорақалпоғистон Республикасининг Конституциясига ва қонунларига мувофиқ амалга оширади.
  • Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Қорақалпоғистон Республикасининг олий мансабдор шахсидир.

75-модданинг амалдаги таҳрири бундай: “Ўзбекистон Республикаси билан Қорақалпоғистон Республикасининг ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасида тузилган шартномалар ҳамда битимлар билан тартибга солинади. Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги низолар муросага келтирувчи воситалар ёрдамида ҳал этилади”.

Мазкур моддани қуйидагича шаклга ўтказиш кўзда тутилмоқда:

  • Ўзбекистон Республикаси Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий, иқтисодий, маданий, инновацион жиҳатдан ҳар томонлама ривожланиши учун зарур молиявий, моддий, ташкилий-техник ва бошқа шарт-шароитларни яратади. Қорақалпоғистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти олий органларида ўз вакилларига эга бўлади.

77-моддага Олий Мажлис депутатлари ҳудудий кенгашларда депутат бўлишини чекловчи банд қўшилмоқда:

  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати айни бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас.

78- ва 93-моддаларга киритилаётган ўзгаришларга биноан:

  • Ўзбекистон ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ваколати Олий Мажлисдан президентга ўтказилади.

78-моддада, Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биргаликдаги ваколатларига қуйидагилар қўшилмоқда:

  • Вазирлар Маҳкамасининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузасини кўриб чиқиш;
  • Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилини сайлаш;
  • Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги Миллий маърузани кўриб чиқиш.

80- ва 93-моддаларга киритилаётган ўзгаришларга асосан, Сенатнинг ваколатлари учтага кўпаймоқда:

  • Президент тақдимига биноан Ҳисоб палатаси ва Судьялар олий кенгаши раисларини тайинлаш ва лавозимидан озод этиш;
  • Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорини тайинлаш ҳамда лавозимдан озод этиш тўғрисидаги президент фармонларини тасдиқлаш;
  • Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги дипломатик вакиллари фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳисоботларни эшитиш.

83-моддада қонунчилик ташаббусига эга субъектлар рўйхатига қуйидагилар қўшиляпти:

  • Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари;
  • Олий Мажлис Сенати;
  • Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман);
  • Марказий сайлов комиссияси.

Бу модданинг янги таҳрири асосида Конституциявий суд, Олий суд ва бош прокурорнинг қонунчилик ташаббуслари доираси чекланмоқда: улар (шунингдек, Судьялар олий кенгаши ҳам) фақат “ўз ваколатларига оид масалалар юзасидан” қонунчилик ташаббуси билан чиқиши мумкин бўлади.

84-модданинг янги таҳрири билан қуйидагилар таклиф этиляпти:

  • Қонунчилик палатаси қабул қилган қонунларни Сенатга юборишнинг чекланган муддатини (қонун қабул қилинган кундан бошлаб) амалдаги 10 кундан 20 кунга узайтириш;
  • Сенат маъқуллаган қонунларни имзолаш ва эълон қилиш учун президентга юборишнинг чекланган муддатини (қонун маъқулланган кундан бошлаб) 10 кундан 20 кунга узайтириш;
  • Президент Сенатдан келиб тушган қонунни имзолаши ва эълон қилишининг чекланган муддатини амалдаги 20 кундан 2 ойга узайтириш.

90-моддада президентнинг ваколат муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш таклиф этилмоқда.

93-моддада президентнинг ваколатларига қуйидагилар қўшилмоқда:

  • ички ва ташқи сиёсатнинг энг муҳим стратегик устувор йўналишларини белгилаш ҳамда уларнинг ижро этилишига оид масалалар юзасидан Олий Мажлисга мурожаатномалар йўллаш;
  • президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашини шакллантириш ва бошқариш;
  • Президент администрациясини, шунингдек арезидент ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органларини ва бошқа органларни шакллантириш.

98-модданинг янги таҳрири билан Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги йўналишларда жавобгарлик юклатилмоқда:

  • экология бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
  • ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • оилани қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, анъанавий оилавий қадриятларни сақлаб қолиш;
  • ижтимоий ҳимоя қилиш, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими ишлашини таъминлаш;
  • фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш.

99-, 100-, 101- ва 102-моддаларга киритилаётган ўзгаришлар орқали вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда ижро этувчи ва вакиллик ҳокимияти органлари бир-биридан ажратилади:

  • Ҳудуддаги ижроия ҳокимиятига вилоят, туман ва шаҳар ҳокими бошчилик қилади.
  • Халқ депутатлари кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилади.
  • Кенгашлар ва ҳокимлар фаолияти қонун билан тартибга солинади.
  • Кенгашларнинг ваколат муддати – 5 йил.

102-моддадаги амалдаги норма – пойтахт ва вилоятлар ҳокимлари президент томонидан, туман-шаҳар ҳокимлари эса юқори турувчи ҳоким томонидан тайинланиши ва лавозимидан озод этилиши, бу борадаги қарорлар ҳудудий кенгаш томонидан тасдиқланиши ҳақидаги қоида ўзгаришсиз қолдирилмоқда.

Кенгашларнинг ваколатларига қуйидагилар киради:

  • ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режасини ва уни қуриш қоидаларини ҳокимнинг тақдимига биноан тасдиқлаш;
  • тегишли маҳаллий бюджетларни ҳокимларнинг тақдимига биноан кўриб чиқиш ва қабул қилиш, ушбу бюджетларнинг ижро этилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш;
  • маҳаллий солиқлар ставкаларини ва бошқа мажбурий тўловларни қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш;
  • бюджетдан ташқари жамғармаларни шакллантириш;
  • ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;
  • қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда халқ депутатларининг ваколатларини тан олиш ҳамда муддатидан олдин тугатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш;
  • қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳокимнинг қарорларини тасдиқлаш;
  • тегишли прокурорларнинг, ички ишлар органлари раҳбарларининг, адлия органларининг ва давлат бошқаруви органлари бошқа бўлинмаларининг ҳисоботларини эшитиш;
  • ҳокимнинг ва қуйи турувчи халқ депутатлари кенгашининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бўлмаган қарорларини бекор қилиш;
  • қонунда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Ҳокимларнинг ваколатларига қуйидагилар киради:

  • қонунларни ҳамда Олий Мажлис палаталарининг қарорларини, президентнинг, Вазирлар Маҳкамасининг фармонларини, қарорларини ва фармойишларини, юқори турувчи органларнинг ҳамда тегишли халқ депутатлари кенгашининг қарорларини бажариш;
  • соғлиқни сақлаш, таълим, жамоат транспорти тизимларининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш;
  • ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чораларни амалга ошириш;
  • фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, уларнинг хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлашга доир чораларни амалга ошириш;
  • муниципал мулкни ва маҳаллий коммунал хўжаликни бошқариш; атроф-муҳитнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш;
  • фуқароларнинг бўш вақтини ташкил этиш ва маданият соҳасидаги хизматлардан фойдаланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;
  • маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш;
  • халқ депутатлари кенгашларига вилоятни, туманни, шаҳарни иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, вилоят ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг, туман ва шаҳар бюджетининг тегишли лойиҳаларини, шунингдек уларнинг ижро этилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш;
  • қонунда белгиланган ҳолларда, қуйи турувчи ҳокимларнинг қарорларини бекор қилиш ва халқ депутатлари кенгашига қуйи турувчи халқ депутатлари кенгашларининг ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш;
  • республикада ва хорижда вилоят, туман ҳамда шаҳарнинг расмий вакили сифатида иш юритиш;
  • қонунда назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

105-модда янги таҳрирга ўтказилиб, маҳалла ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши бўйича қуйидагича қоидалар белгиланяпти:

  • Раисни ва ўз бошқарув органларини сайлайдиган маҳаллалар – шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидир.
  • Маҳаллалар давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмайди ва ўз ваколатлари доирасида мустақилдир.
  • Давлат маҳаллалар фаолиятини амалга ошириш учун зарур шарт- шароитлар яратади, уларга қонунчиликда берилган ваколатларни амалга оширишда кўмаклашади. Маҳаллалар фаолиятининг ҳуқуқий асослари, шунингдек маҳалла раисининг ва бошқарув органларининг сайлови тартиби, ваколатлари ҳажми қонун билан белгиланади.

109-моддага қўшиладиган янги бандга биноан:

  • Конституциявий суд фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқади.

111-моддада Судьялар олий кенгаши мустақил деб белгиланмоқда:

  • Судьялар олий кенгаши – судьялар ҳамжамиятининг суд корпуси шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминловчи мустақил органидир.

112-модданинг жорий талқинидаги“Судя ваколат муддати тугагунга қадар судялик вазифасидан қонунда кўрсатилган асослар бўлгандагина озод этилиши мумкин” деган жумла қуйидаги жумлага алмаштирилади:

  • Судьяларни алмаштириб бўлмайди. Уларнинг ваколатлари фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин.

116-модданинг амалдаги талқини бундай: “Айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади. Тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг иш тартиби қонун билан белгиланади”.

Мазкур модда қуйидагича янги таҳрирга ўтказилади:

  • Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам бепул кўрсатилади.
  • Терговнинг ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланган адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади.
  • Адвокат шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.

117-моддада маҳаллий кенгашлар депутатлиги учун сайловни Марказий сайлов комиссияси ўтказиши ҳақида норма киритилмоқда.

122-моддага қуйидагича бандлар қўшилади:

  • Ўзбекистон Республикасида Давлат бюджетини ва давлат қарзини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиби очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида амалга оширилади.
  • Фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг шакллантирилиши ва ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади. Фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирок этиши тартиби ва шакллари қонунда белгиланади.

Конституцияни ўзгартириш бўйича қонун лойиҳасининг бугун бошланган жамоатчилик муҳокамаси 10 кун давом этади.

Комрон Чегабоев тайёрлади.

Мавзуга оид