Ўзбекистон | 18:04 / 01.07.2022
66938
5 дақиқада ўқилади

Аҳоли учун электр ва газ тарифлари ошмайдиган бўлди

15 июлдан хонадонлар учун электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ тарифлари ўзгармай қолади, нархлар юридик шахслар учун оширилади. Ҳукумат муҳокамага чиқарилган қарор лойиҳасига билдирилган фикрлар инобатга олингани, аҳоли истеъмоли учун ижтимоий норма киритиш масаласида эса ўрганишлар давом этаётганини маълум қилди.

Ўзбекистонда энергоресурслар нархлари хонадонлар учун ўзгармай қолади, юридик шахслар учун эса тарифлар оширилади. Бу ҳақда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия ҳамда Энергетика вазирликлари баёнот тарқатди.

Шу йил 31 май куни ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини оширишга оид ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилган эди. Вазирликлар муҳокамада фаол қатнашган фуқаролар, ОАВ, мустақил иқтисодчилар ва экспертларга миннатдорчилик билдирган.

Қайд этилишича, 15 июн куни якунланган муҳокама жараёнида қарор лойиҳасига 1 100 дан ортиқ таклиф ва эътирозлар келиб тушган.

Жумладан, энг кўп таклифлардан бири қиш мавсумида электр энергиясига (табиий газ учун ўрнатилгани каби) белгиланган ижтимоий меъёр шакллантириш бўйича келиб тушган.

Бунда асосий сабаблар сифатида иситиш мавсумида газлаштирилмаган, газ босими пасайган ва табиий газ етказиб беришда узилишлар кузатиладиган хонадонларда, шунингдек, айрим кўп қаватли уйларнинг иситиш тизими талабга жавоб бермаслиги сабабли хонадонларни иситиш мақсадида электр энергиясидан фойдаланишга тўғри келиши кўрсатилган.

Шунингдек, ижтимоий меъёрлар миқдорини ошириш бўйича таклифлар келиб тушган. Таклифларнинг аксариятида ижтимоий меъёр киритилаётганига эътироз мавжуд эмаслиги, бироқ ижтимоий меъёр миқдорини ошириш зарурлиги билдирилган.

Шунингдек, кўп қаватли ва якка тартибдаги ҳовли уй-жойларда истеъмолнинг турлича бўлиши қарор лойиҳасида инобатга олинмагани бўйича фикрлар келтириб ўтилган.

Шуни маълум қиламизки, қарор лойиҳаси бўйича аҳоли томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, шунингдек, мазкур таклифларни инобатга олган ҳолда ёқилғи-энергетика нархларининг ўзгаришига оид Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги қарори қабул қилинди”, дейилади расмий релизда.

Қарор билан 2022 йил 15 июлдан бошлаб:

1 кВт соат электр энергияси учун қуйидагича нархлар ўрнатилади:

  • аҳоли учун ўзгаришсиз, яъни – 295 сўм;
  • НКМК, ОКМК ва бюджет ташкилотлари учун – 800 сўм (ҳозирда 450 сўм);
  • қолган юридик шахслар учун – 600 сўм (ҳозирда 450 сўм).

1 куб метр табиий газ учун қуйидагича нархлар ўрнатилади:

  • аҳоли учун ўзгаришсиз, яъни – 380 сўм;
  • НКМК, ОКМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1 300 сўм (ҳозирда 660 сўм);
  • автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1 150 сўм (ҳозирда 1000 сўм);
  • иссиқлик электр станциялари учун – 1 000 сўм (ҳозирда 660 сўм);
  • қолган юридик шахслар учун – 1 100 сўм (ҳозирда 660 сўм).

Суюлтирилган газ нархи ҳам аҳоли учун ўзгаришсиз (1 120 сўм) қолдирилади.

Шунингдек, корхоналарни узоқ муддатли режалаштиришга мослаштириш, операцион самарадорликни ва энерготежамкорликни ошириш мақсадида жорий йил учун янги нархлар билан бирга, 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган янги нархлар ҳам мазкур қарор билан белгилаб берилди.

Бунда, 2023 йил 1 апрелдан қуйидаги нархлар жорий этилади:

Электр энергияси бўйича:

  • Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун 850 сўм;
  • қолган юридик шахслар учун – 700 сўм.

Табиий газ бўйича:

  • иссиқлик электр станциялари учун – 1 200 сўм;
  • Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1 350 сўм;
  • автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1 350 сўм;
  • қолган юридик шахслар учун – 1 350 сўм.

2023 йил 1 апрелдан ўрнатиладиган ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари келгуси йилларда қайта кўриб чиқилишида инфляция даражасига индексация қилиб борилади.

2026 йилдан бошлаб эса электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланади.

“Муҳокамага чиқарилган қарор лойиҳаси бўйича аҳоли томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, қарор лойиҳасида аҳоли учун жорий этилиши назарда тутилган ижтимоий меъёр ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш жараёнида эканини маълум қиламиз”, – дейилади учта вазирликнинг қўшма баёнотида.

Мавзуга оид