Иқтисодиёт | 10:24 / 08.07.2022
11758
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон маҳсулотларини Европага экспорт қилиш ҳажми 86 фоизга ошди

2022 йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатлари ўртасидаги товар айланмаси 22 фоизга, Ўзбекистондан ЕИга экспорт ҳажми эса 86 фоизга ошган. 

Энг катта ўсишни кўрсатган товар тоифалари орасида кимё саноати маҳсулотлари (6 марта ўсиш), тўқимачилик (90 фоизга ўсиш) ва озиқ-овқат маҳсулотлари (65 фоизга ўсиш) бор. 

Бунга кўп жиҳатдан Ўзбекистон томонидан 2021 йилда Европа Иттифоқининг “GSP+” Преференциялар бош тизимининг бенефициар мақомини олиши туфайли эришилган. 

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков Брюсселда Европа Кенгаши Президентининг Ташқи сиёсат бўйича Бош маслаҳатчиси Саймоном Мордю билан учрашди. Унда томонлар “GSP+” тизими доирасида ЕИ мониторинг миссиясининг Ўзбекистонга ташрифи якунларини муҳокама қилдилар ва ушбу тизимнинг бенефициари сифатида унинг афзалликларини амалда қўллаш мақсадида мамлакат томонидан ратификация қилинган барча 27 халқаро Конвенция талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олдилар.

Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиш мавзусига тўхталар экан, Ўзбекистон томони ЕИнинг Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича Ишчи гуруҳининг 5-йиғилишини ташкил қилиш ва ўтказишда қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди. Бу йўналишда ҳамкорлик қилиш бўйича навбатдаги саъй-ҳаракатлар белгилаб олинди.

Мавзуга оид