Ўзбекистон | 14:25 / 09.07.2022
35245
7 дақиқада ўқилади

Ҳайит кунларида қурбонлик сўйиш кимлар учун вожиб? Қурбонликка оид ҳукмлар

Бугун ҳижрий ҳисоб бўйича Зулҳижжа ойининг 10-куни – Ислом дунёсининг энг катта байрами Қурбон ҳайити юртимизда ҳам кенг нишонланмоқда. Ҳайит намозидан кейинги 3 кунликда, шунингдек, қурбонлик амали ҳам қилинади.

Шу муносабат билан бир қанча вақт аввал Тошкент шаҳри «Новза» жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин домла Ҳамроқулов билан қурбонлик ҳукми ва аҳкомларига доир уюштирган суҳбатимизни такроран эълон қилишни лозим топдик.

Бу ойда амалга ошириладиган қурбонликнинг ҳукми қандай?

— Ушбу муборак ойда қилинадиган амали солиҳларнинг энг афзали – Зулҳижжа ойининг 10-куни Ҳайит намози ўқилганидан сўнг, учинчи кун қуёш ботгунга қадар, яъни 3 кун ичида, мусулмон, оқил, балоғат ёшига етган, муқим ва закот беришга қодир бўлган кишиларга бир жонлик сўйиш вожиб ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу кунда энг биринчи қиладиган ишимиз қурбонлик сўйишдир», дейдилар.

Қуръони каримнинг энг кичик «Кавсар» сурасида: «Биз сизга, эй Расулуллоҳ, Кавсарни ато этдик. Шундай экан, Роббингизга намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг», дейилади. Муфассирлар ушбу оятлар тафсирида, намоздан мурод – Қурбон ҳайити намози, қурбонликдан мурод қурбонлик сўйиш эканини айтишади. Бундан кўринадики, қурбонлик қилишлик мусулмон, оқил, солиҳ, муқим ва закот беришга қурби етган инсонга вожиб бўлади.

Закот берувчи ва қурбонлик қилувчи ўртасидаги фарқ

— Шу ўринда, закот ва қурбонлик орасидаги нозик қирра ҳақида. Мазҳабимизда закот беришдан аввал нисобга етган мол бир йил ўзгармасдан туриши шарт қилинган бўлса, қурбонлик қилиш учун нисобга етган моли уйда бир йил туриши шарт эмас. Қурбон ҳайити байрами арафасида ёки қурбонлик қилиш мумкин бўлган кунлари моли нисобига етса, қурбонлик қилиши вожиб бўлади.

Яна бир тарафи: пулдор, моли нисобига етган одам мусофир бўлиб қолса, унга қурбонлик қилишлик вожиб бўлмайди. Агар сафарга кетаётган одам молига васийлик қиладиган одамга: «Агар мен сафарда бўлиб қайтолмай қолсам, қурбонлик қилинглар» деса, қилса бўлади. Аммо бу сўзни айтмаган бўлса, бўйнидан соқит бўлади.

Қандай ҳайвонлардан қурбонлик қилинади?

— Қўй, эчки, қорамол, қўтос ва туя каби ҳайвонлардан қурбонлик қилинади.

Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда қўй бир киши учун, қорамол ва туя бир нафардан етти нафаргача кишининг номидан сўйилса ҳам бўлади.

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонларнинг ёшлари ҳам китобларимизда баён қилинган. Қўй – 1 ёшли, қорамол – 2 ёшли ва туя – 3 ёшли бўлиши керак. Эчки-қўйларни бир киши, қорамол ва туяни бир неча киши қўшилиб, қурбонлик қилиши мумкин.

Қурбонликда ният муҳим

— Алоҳида уқтириш керакки, қурбонлик қилаётганлар қурбонлик ниятини қилиши керак. Масалан дейлик, 5-6 киши қорамол қурбонлик қилишга ният қилди, аммо уларнинг бири: «Ўзи уйга гўшт олишим керак эди, арзонга тушади», деб оддий гўштли бўлиш ниятини қилди. Бу ҳолда бошқаларнинг қурбонлиги ҳам қабул бўлмайди, соқит бўлмайди.

Энг чиройлиси ва соғломи қурбонлик қилинади

— Қолаверса, қилинаётган қурбонлик мукаммал, чиройли ва соғлом бўлиши керак. Инсонга доимо мана шундай чиройли ва сифатли нарсалар ёқади. Энди Аллоҳ учун, ибодат учун ҳам, албатта ҳар томонлама мукаммалининг ҳаракатини қилиш керак.

Бунинг сабаби нимада? Бунинг сабаби – холислик ва унинг гўшти тақдим қилинадиган мискин ва камбағал инсонларнинг кўнглини тўлдириш. Оладиган одам ҳам шу гўштнинг тозалигига ва сифатлигига ишонади ва кўнгли хотиржам бўлади.

Қулоқлари ёки бошқа аъзоларида белгиси бор ҳайвонлар ҳукми

— Баъзи бир чўпонлар боқаётган ҳайвонларини адаштириб юбормаслик учун қулоқларини кесади, сирға тақиб қўйишади ёки шунга ўхшаган қанақадир белгилар қилиб қўйишади. Бу белгилар нуқсон ўрнига ўтмайди, балки ажратиш маъносида айтилади.

Қурбонлик ибодати жорий бўлиши тарихи

— Қурбонлик қилишнинг тарихи узоқ-узоқларга, аниқроғи, Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломларнинг замонларига бориб тақалади. Иброҳим алайҳиссалом пайғамбарларнинг оталари саналади. Чунки Иброҳим алайҳиссаломдан қолган пайғамбарлар тарқалган. Сора онамиздан туғилган фарзандлари Исъҳоқ алайҳиссаломдан минг-минглаб пайғамбарлар, Ҳожар онамиздан туғилган катта ўғиллари Исмоил алайҳиссаломдан пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом дунёга келганлар.

Иброҳим алайҳиссалом ёлғон арафа куни, яъни Зулҳижжа ойининг 8-куни бир тушь кўради. Унда катта ўғли Исмоил алайҳиссаломни бўғизлаб қурбонлик келтираётган бўлади. Шунда Иброҳим алайҳиссалом бу тушни шайтоний бўлса керак деб, эътибор қилмайди. Лекин уч марта кўрганидан кейин бу Аллоҳ томонидан буйруқ экани аниқ бўлади ва ўғлининг олдига бориб: «Эй ўғлим, сизни тушимда қурбонлик қилаётган эканман», – дейди. Шунда ўғли: «Эй отажон, сиз Аллоҳнинг айтганини қилинг, мени сабр қилгувчилардан топасиз, иншааллоҳ», дея жавоб қайтаради.

Шу билан Иброҳим алайҳиссалом ўғлини етаклаб Мино водийсида кетаётганларида Исмоил алайҳиссаломнинг ортидан уч марта шайтон чиқиб: «Отанг сени сўйишга олиб кетяпти», деб васваса қилади. Лекин Исмоил алайҳиссалом унинг шайтон эканини билиб тош отади. Ҳаж ибодатини адо этишда Мино водийсида тош отиш шундан қолган.

Қурбонлик қилиш одоби

— Иброҳим алайҳиссалом ўғлини қурбонлик қилишликка ётқизганида, ўғли: «Эй отажон, мени бўғизлаётган пайтингизда юзимни ерга қаратиб қурбонлик қилинг. Мен сизга ёмон назар билан қараб қўймайин», – дейди. Шу боис, қурбонлик қилишда қўйнинг қулоғини бир қўл билан ушлаб, унинг кўзи тўсилиб, қурбонлик ҳайвонини сўйиш қурбонлик қилиш одоби ҳисобланади.

Иброҳим алайҳиссалом тиғни тортган вақтларида мўъжиза юз бериб, тиғ Исмоил алайҳиссалом бўйинларни кесмайди.

Шунда Аллоҳ томонидан: «Эй Иброҳим, сизнинг тушингиз вожиб бўлди, сиз ва ўғлингиз имтиҳондан ўтдингиз, сизга жаннатдан бир қўй ато этдик, ўшани қурбонлик қиласиз», деган нидо келган ва шу пайтгача шундай бўлиб қолган.

Интервю Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан диний экспертизадан ўтказилган.

Мавзуга оид