Советлар яширган ҳалокат: Бойқўнғирда қитъалараро баллистик ракета нега портлаб кетганди?
1960 йилда Бойқўнғир космодромида Р-16 қитъалараро баллистик ракетаси синов парвозига саноқли минутлар қолганда портлаб кетади. Оқибатда, 100 дан ошиқ одам ҳалок бўлади. Ушбу ҳодиса советлар томонидан қарийб 30 йил оммадан яширилади ва СССР парчаланиб кетиши арафасида ошкор қилинади.
Дунёда турли қуроллар ва узоқ масофаларга уча оладиган ракеталар синовларида кўплаб муваффақиятсизликлар содир бўлган. Улар орасида 1960 йилда Бойқўнғир космодромида портлаб кетган Р-16 қитъалараро баллистик ракетаси ҳалокати ҳам бор.
Аксарият муваффақиятсиз амалга ошган синовларда техник муаммолар туфайли ракеталар белгиланган манзилга етиб бормасдан бошқа жойларга тушган. Ёки ҳавога кўтарилганда портлаб кетган. Бойқўнғирда содир бўлган ҳодисада ракета ҳали парвоз қилмасдан, стартга ярим соат қолганда портлаб кетган. Оқибатда 100 дан ошиқ одам ҳалок бўлган ҳамда яна кўплаб инсонлар тан жароҳатлари олган.
Қуролланиш пойгаси
Иккинчи жаҳон урушигача дунёнинг катта қисми Буюк Британия қўл остида мустамлака эди ва бу давлат гегемон саналарди. Урушдан кейин геосиёсий вазият кескин ўзгаради. Гитлер Германиясини енгишда асосий рол ўйнаган СССР ва Японияни енгган АҚШ дунё гегемонлиги учун рақобат қила бошлайди.
Бу икки давлат орасидаги рақобат айниқса янги турдаги турли қурол-яроғлар, ҳарбий техникаларни ишлаб чиқаришда ва космосни ўзлаштиришда авж олади.
1950-йилларда геосиёсий вазият бўйича устунлик АҚШда эди. Ғарбий Европадаги аксар давлатларда, Туркияда, Япония ва Жанубий Кореяда Американинг ҳарбий базалари бўлиб, уларда кўп миқдорда ҳарбий техникалар ҳамда аскарлар жойлаштирилганди.
СССР эса бу масалада мақтана олмас, Ғарбий яримшарда Кубадан бошқа иттифоқчиси йўқ эди. Ўша пайтда Кубада ҳали совет ракеталари жойлаштирилмаган, кейинчалик 1962 йилда бунга уриниш ҳам муваффақиятсизликка учрайди.
Ана шундай шароитда советлар СССРдан учирилганда АҚШ ҳудудига етиб борадиган, узоқ масофаларга уча олувчи қитъалараро баллистик ракеталарнинг синовини ўтказа бошлашади. 1960 йил Бойқўнғир космодромида муваффақиятсизлик билан тугаган синов ҳам ана ўшалардан бири эди.
Ҳодиса тафсилотлари
1960 йил 24 октябр куни Бойқўнғир космодромида Р-16 қитъалараро баллистик ракетанинг синов парвози амалга оширилиши керак эди. Ўша куни ракетанинг айрим қисмларида носозлик юзага келгани аниқланади.
Аммо Москвага парвоз вақти ҳақида ҳисобот берилган, уни ортга суришнинг иложи йўқ эди. Шу сабабли техник ходимларга зудлик билан носозликларни бартараф этиш топшириғи берилади. Парвозга бир соат қолганда ҳам техник ходимлар носозликларни бартараф этиш устида ишлаётган эди.
Ўша куни соат 18:45 да 30 минутлик сўнгги тайёргарлик эълон қилинади. Техник ходимлар бу пайтда ракетанинг қувват тақсимлаш ускуналарини созлаётганди. Шу пайтда циклограмма орқали ўтаётган қувват манбаи узилмагани учун ракета парвоз қилгандан сўнг иккинчи босқичда ишга тушиши лозим бўлган двигател ишлаб кетади.
Двигателдан чиққан олов парвознинг биринчи босқичида ракетани самога олиб чиқилиши лозим бўлган оксидловчи модда солинган идишлар ва ёқилғи бакларининг портлашига сабаб бўлади.
Портлаш туфайли юзага келган оловли тўлқин ва ракета двигателидан чиқаётган кучли олов атрофдаги барча қурилмаларни ва унда созлаш ишларини олиб бораётган одамларнинг олов ичида қолиб кетишига сабаб бўлади.
Ракета портлаганда одамларнинг бир қисми ўша заҳоти ҳалок бўлади. Бошқалар эса устки кийимлари ёнаётган ҳолда ҳар томонга қараб қоча бошлайди. Кучли оловни жиловлашнинг мутлақо иложи йўқ эди. Икки соатда ракета, унинг атрофидаги қурилмалар ва қочишга улгурмаган одамларнинг барчаси ёниб кетади.
Талафотлар
Олов тафти пасайгандан сўнг қутқарув ишлари бошланади. Аммо парвоз майдончаси ва унга туташ ҳудудларда қутқарадиган ҳеч ким ва ҳеч нарса қолмаганди.
Кейинчалик, ҳодиса оқибатида 126 нафар одам ҳалок бўлгани, яна кўплаб одамлар турли даражада куйиш жароҳатларини олгани маълум бўлади. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари кучли олов туфайли ёниб кетгани учун улар бедарак йўқолганлар рўйхатига қўшилади.
Ҳалок бўлганлар орасида оддий техник ходимлардан ташқари юқори лавозимли ҳарбий инженерлар ва яна бир қатор таниқли конструкторлар бор эди.
Жумладан, СССР Ракета қўшинлари бош қўмондони, артиллерия маршали М.Неделин, СССР Министрлар совети қошидаги мудофаа техникалари бўйича қўмита бошлиғи Л.Гришин, Бойқўнғир полигони бошлиғи ўринбосари ва яна кўплаб ҳарбий конструкторлар ҳалок бўлади.
Ҳодиса содир бўлгандан саноқли соатлар ўтиб, Кремлга, СССР раҳбари Никита Хрушевга телефонограмма жўнатилади.
Унда, 24 октябр куни соат 18:45 да стартга ярим соат қолганда парвоз майдончасида ёқилғи бакининг портлаши оқибатида ёнғин содир бўлгани, ҳодиса жойига зудлик билан тажрибали тез тиббий ёрдам бўлинмаларини жўнатиш сўралганди.
24 октябрдан 25 октябрга ўтар тунда Бойқўнғирга Москва, Ленинград ва Ростов шаҳарларидан малакали шифокорлар гуруҳлари етиб келади. Улар кучли олов ва азот кислотаси туфайли куйиш жароҳатини олганларни муолажа қила бошлашади.
Оғир аҳволда бўлган 14 кишини тери кўчириш операцияларини амалга ошириш учун зудлик билан Москвага жўнатиб юборишади.
Ҳодиса юзасидан суриштирувлар
Ҳалокат содир бўлганидан бир кун ўтиб Бойқўнғирга СССР олий совети президиуми раиси Леонид Брежнев (кейинчалик СССО раҳбари бўлган) бошчилигидаги махсус комиссия келади. Комиссия таркибида СССР мудофаа вазири ўринбосари Дмитрий Устинов, министрлар совети қошидаги мудофаа техникалари қўмитаси раиси, Радиоэлектроника қўмитаси раиси ва яна бошқа кўплаб юқори лавозимли шахслар бор эди.
Бойқўнғирда ўтказилган илк йиғилишида Брежнев ҳодиса юзасидан ҳеч ким жазоланмаслигини айтади. Орадан бир неча кун ўтиб махсус комиссия ҳодиса юзасидан ўз хулосаларини эълон қилади. Унда ҳалокатга техника хавфсизлиги қоидаларининг қўпол тарзда бузилиши сабаб бўлгани айтилади.
Жумладан:
- Синов парвозидан бир кун аввал парвознинг иккинчи босқичида ишлатилиши лозим бўлган ёқилғи бакларини ажратиб турувчи юпқа тўсиқларнинг (мембрана) ёрилиши;
- Техник ходимлар парвоз белгиланган вақтга улгуриш учун ракета бортидаги ампула батареясининг муддатидан олдин улангани; (Кўрсатмаларга кўра, бортдаги ампулали батареялар барча текширувлардан сўнг, тўғридан тўғри ишга тушириш жараёнида уланиши керак эди)
- Парвоздан ярим соат олдин бошқарув тизимларининг дастурий механизмларини, хусусан, қувват тақсимлаш ускуналарини созлашда хатоликка йўл қўйилгани ҳалокатга сабаб бўлган деб топилади.
Кейинги синовлар
Ҳодисадан бир неча кун ўтиб, Украинадаги заводга иккинчи ракетани зудлик билан тайёрлаб жўнатиш талаби қўйилади. 1960 йил 28 декабр куни завод иккинчи ракетани поезд билан жўнатиб юборади.
1961 йил 2 феврал куни Бойқўнғирдаги парвоз майдончасидан иккинчи ракета учирилади ва парвоз муваффақиятли амалга оширилади.
Иккинчи синов парвози вақтида:
- Хавфсизлик чоралари кучайтирилади;
- Автоматик ёнғинни ўчириш тизими жорий этилади;
- Қўлда бажариладиган ишлар сони минимал даражада камайтирилади;
- Ракетани учиришдан олдин тайёргарлик кўриш ва учириш тартиби ўзгартирилади;
- Бир қатор операцияларни бирлаштириш ва кенгайтириш ҳисобига парвоз майдончасидаги операторлар ва назоратчилар сони қисқартирилади.
Ракетага ёқилғи қуйиш бошланиши билан махсус режим ўрнатилади. Парвозга тайёргарлик кўраётган барча ходимлар ёнғинга чидамли махсус кийим кийишади.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ёқилғи қуйиш вақтида ва ундан кейин парвоздан олдин ракета атрофида йигирма нафар атрофида одам қолдирилади.
Парвозга ярим соат қолганда ракета атрофида барча одамлар парвоз майдончасидан узоқроққа олиб кетилади.
Иккинчи ракетанинг юқори қисми Камчатка ўрнига Красноярск ўлкасига тушган бўлса-да, парвоз муваффақиятли ўтди деб хулоса қилинади.
1961 йил 3 март куни учинчи ракетанинг синов парвози ўтказилади ва у муваффақиятсиз чиқади. Аммо бу сафар хавфсизлик чоралари кўрилгани учун ҳеч ким ҳалок бўлмайди ва жароҳатланмайди.
Шундан сўнг Р-16 ракетасини янада мукаммал кўринишга келтириш устида ишланади. Фақат 1962 йил август ойидан бошлаб ушбу ракета нормал уча бошлайди. 1962 йил 20 октябрда ҳукумат қарори билан Р-16 қитъалараро баллистик ракетаси фойдаланишга топширилади. 1965 йилга келиб Р-16 ракеталарига атом бомбалари ўрнатилиб, 186 та ўт очиш қурилмаларига жойлаштирилади.
Ҳодисанинг яширилиши
Ўша пайтда халқаро майдонда АҚШ билан ҳар томонлама рақобат олиб бораётганда советлар Бойқўнғирда содир бўлган ҳалокатни оммадан яширишади.
1960 йил 26 октябр куни Известия газетасида таъзия билдирилган кичик хабар эълон қилинади.
Унда, ўз хизмат вазифасини бажараётиб авиаҳалокат туфайли ҳалок бўлган Стратегик аҳамиятдаги ракета қўшинлари қўмондони, Артиллерия бош маршали М.Неделиннинг оила аъзоларига КПСС марказий қўмитаси ва СССР министрлар совети номидан таъзия билдирилганди.
Ҳодисада ҳалок бўлган бошқалар ҳақида ҳеч қаерда хабар берилмайди. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари СССРнинг турли шаҳарларида дафн этилади.
Гарчи, ҳодиса СССРда оммадан яширилган бўлса-да, хориж оммавий ахборот воситалари у ҳақда хабар топишади ва эълон қилишади.
Жумладан, Италиянинг Continentale ахборот агентлиги, Буюк Британиянинг The Guardian нашри СССРда қитъалараро баллистик ракета синов парвози вақтида портлаб кетгани ва бир қанча юқори лавозимли ҳарбийлар билан бирга юз нафардан ошиқ одам ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатишади.
СССРда илк бор, орадан 29 йил ўтиб, 1989 йилда ҳодиса ҳақида Огонёк журналида очерк эълон қилинади ва шу тариқа одамлар 1960 йилда содир бўлган ҳалокат ҳақида хабар топишади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
18:53 / 06.11.2024
АҚШ қитъалараро баллистик ракетани синовдан ўтказди
14:58 / 03.11.2024
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари: Британияга қочган совет майори
14:21 / 20.10.2024
АҚШга қочган дипломат: океан ортидан сиёсий бошпана сўраган совет амалдори
16:15 / 17.10.2024