Ўзбекистон | 15:30 / 11.07.2022
9440
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши жараёни доирасида донорлар учрашуви ўтказилди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури (БМТТД) билан биргаликда донор давлатлар ва тегишли халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни мувофиқлаштиришга қаратилган учрашув ўтказди.

Тадбирдан мақсад республиканинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида техник ёрдам лойиҳаларини амалга оширишнинг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилиш ҳамда бажарилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишдан иборат.

Ўзбек томони иштирокчиларга Ўзбекистоннинг ташкилотга аъзо бўлиши ҳозирги ҳолати ва истиқболларини, ЖСТ ишчи гуруҳининг 2022 йил июнь ойида муваффақиятли ўтказилган 5-йиғилиши асосий натижаларини тақдим этди. ЖСТ котибияти билан тегишли ҳужжатларни тайёрлаш ва музокаралар жараёнини илгари суриш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовскага кўра, мамлакат интилишлари барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишни рағбатлантиради ҳамда иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган савдони эркинлаштириш ислоҳотларини чуқурлаштиради.

Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлик бўлими раҳбари Франсуа Бежо учрашув ўзаро фикр алмашиш, Ўзбекистонга ЖСТга қўшилишда кўрсатилаётган ёрдам самарадорлигини янада ошириш бўйича таклифларни муҳокама қилиш учун имконият бўлганини таъкидлади. Эксперт Европа иттифоқи бу жараёнда тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

ЖСТ котибиятининг ташкилотга аъзо бўлиш департаменти директори Маика Ошикава Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши бўйича ишчи гуруҳи 5-йиғилишига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида Ўзбекистон томони олиб борган фаол ва тизимли саъй-ҳаракатлари, яқин келажакда республиканинг ташкилотга қўшилиш жараёнини янада жадаллаштириш вазифалари ҳақида сўзлаб берди.

Тадбирнинг асосий қисмида халқаро ташкилотлар ва донор мамлакатлар, БМТТД, ХСМ, КХИСИ, GIZ вакиллари сўзга чиқиб, техник ёрдам лойиҳаларини амалга ошириш доирасида шу кунгача бажарилган ишлар ва навбатдаги тадбирлар ҳақида маълумот берди. Экспертлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши бўйича ишчи гуруҳи 5-йиғилиши самарадорлигини юқори баҳолади.

Тадбир якунида Ўзбекистон ривожланиши устувор йўналишлари ва вазифаларини ҳисобга олган ҳолда, республика ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаш борасида донорлар урғу берадиган техник ёрдам тадбирларини самарали мувофиқлаштиришга келишилди.

Мавзуга оид