Минали майдон бўйлаб. Байден Яқин Шарққа муҳим ташрифни амалга оширмоқда: ташрифга катта умид боғланган
Жо Байден АҚШ президенти сифатида илк бор Яқин Шарққа келди. Чоршанба куни у Исроилга қўнганди, жума куни эса Саудия Арабистонига учади, бу унинг турнесидаги асосий манзил бўлади.
Жиддада Баҳрайн, Кувайт, Уммон, Қатар, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларини бирлаштирган Форс кўрфази давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммити ўтказилади. Унда Миср, Ироқ ва Иордания раҳбарлари ҳам иштирок этади.
Ҳеч бир муболағасиз, Яқин Шарқдан узоқлардаги кучлар тақсимоти Байденнинг Ар-Риёд билан музокаралари натижасига боғлиқ.
Кўплаб экспертлар фикрича, америкаликлар президенти минали майдон бўйлаб ҳаракатланишига тўғри келади: ҳар қандай хато қадам ташланиши халқаро майдонда ҳам, мамлакат ичкарисида ҳам резонанс келтириб чиқаради.
Байден ҳокимиятга келгач, Яқин Шарқ Америка ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари доирасидан четга чиқди. Аммо бугунги кунда дунёда содир бўлаётган воқеалар Оқ уй аниқ шошилганини кўрсатмоқда.
Украинадаги уруш, россияликларнинг нефт ва газ билан шантаж қилиши, энергия нархлари ошиши, Россия ва Эрон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик туғилаётгани - Жо Байденнинг Яқин Шарққа ташрифи шундай фонда амалга оширилмоқда.
Тақдир ҳазилини қарангки, бу муаммоларнинг бир қисмини ҳал қилиш учун у Саудия Арабистонига йўл олишига тўғри келмоқда - бу мамлакат яқинда халқаро майдонда яккаланиб қолиш хавфи остида қолаётганди.
Байден мураккаб вазиятда
Бир томонда Россия жаҳон нефт ва газ бозорини остин-устун қилаётган, иккинчи томонда Эрон ядро қуролини яратишга яқин келган бир вазиятда Ар-Риёд Байденга сув ва ҳаводек зарурдир.
Ресурсларга бой, қолаверса Теҳрон билан душман кайфиятда бўлган Саудия Арабистони Вашингтонга энергетика ва хавфсизлик соҳасидаги вазиятни барқарорлаштиришда катта ёрдам кўрсатиши мумкин, аммо у ердагилар Байден ўз президентлик пойгасида айтган гапларни унутишмаган.
У журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши учун Ар-Риёдни жазолашга ваъда берган, Америка разведкаси маълумотларига кўра, бу жиноятга «қиролликдаги энг юқори мартабали шахслар» алоқадорлигини айтганди.
Хусусан, у мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқаларини, айниқса мудофаа соҳасидаги муносабатларни қайта кўриб чиқишни ваъда қилганди. Шунингдек ўз партиядошлари ва сайловчиларини ушбу минтақада инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни тартибга келтиришига ишонтирганди.
Энди эса Оқ уй америкаликларни президент таъзим қилиш учун эмас, кескин ўзгараётган глобал вазиятда Ғарб манфаатларини ҳимоя қилиш учун бораётганига ишонтиришга уринмоқда.
«Саудия Арабистони бўйича сиёсатимизнинг мақсади - ушбу давлат билан муносабатларни бузиш эмас, қайтадан тузиш. Маъмурият ушбу йўналишга содиқ бўлган ва шундай бўлиб қолади», деди душанба куни Байденнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан.
Ўз ватанида сўл қанот босими остида бўлган Жо Байден июн ойидаёқ Washington Post газетаси учун ёзган мақоласида инсон ҳуқуқлари ва эркинлиги масаласида ҳеч қачон чекинмаслигига ишонтирганди.
У АҚШ Қошиқчининг қотиллиги буюртмачиси ва диссидентларни таъқиб этувчи деб ҳисоблайдиган Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан яккама-якка учрашмоқчи эмаслигини айтганди.
«Мен МБС (шаҳзоданинг исми-шарифи қисқартмаси) билан учрашмоқчи эмасман, мен у ҳам бўладиган халқаро учрашувга бораман», деганди Байден ўтган ойда.
Аммо қўллаб-қувватловини кутаётганинг мамлакатнинг амалдаги ҳукмдори билан бевосита алоқа қилмай туриб кўп нарсани ҳал қилиш мумкинми?
Ар-Риёддан нима кутиш мумкин?
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ўзини ислоҳотчи ва тараққиёт тарафдори сифатида намоён этади.
У технологиялар ривожига кўп эътибор қаратади ва Саудия Арабистони иқтисодиётини нефтга қарамликдан халос этишни орзу қилади.
Аммо мамлакатдаги мухолифатнинг сиқувга олиниши, айримларни жисмонан йўқ қилишгача борилиши борасидаги айбловлар унинг халқаро майдондаги имижига жиддий путур етказади.
Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази вице-президенти Жон Альтерман унинг учун халқаро имижини тиклаш ўта муҳим эканини таъкидлайди.
«Менинг фикримча, саудияликлар бу сафар давомида президентни ноқулай вазиятга тушириб қўйишга уриниши эҳтимоли нисбатан паст, чунки бу уларнинг стратегик мақсадларига зарар етказади. Ўйлайманки, уларда ҳамкорлик учун рағбат жуда кучли», деган Альтерман.
Аммо Байден бўшашмаслиги керак. Ҳатто саммит иштирокчиларининг умумий фотоси ҳам, агар унда Муҳаммад бин Салмон ҳам бўлса, Қўшма Штатларда унга қимматга тушиши мумкин.
АҚШ президенти манфаати учун Саудия томони қай даражада ноқулайликлардан қочишга тайёрлигини фақат тахмин қилиш мумкин.
Нозик Фаластин масаласи
Яқин Шарқ иқлимига мослашишни (ҳар жиҳатдан) Байден Исроилдан бошлади. Бу унинг ушбу мамлакатга ўнинчи, АҚШ президенти сифатидаги биринчи ташрифи бўлди.
Анъанага кўра, Исроил ва Оқ уй муносабатлари демократ президент даврида республикачи президент давридагига қараганда ёмонроқ бўлади.
Бу ерда ҳамон Дональд Трамп иккинчи муддатга сайлана олмаганидан афсусланувчилар топилади.
Аммо ҳозирда ушбу мамлакатда яна сиёсий инқироз юзага келган. Аввалбошдан яшовчан бўлмаган ва фақатгина собиқ бош вазир Биньямин Нетаньяҳуни ҳокимиятдан четлатиш учунгина тузилган коалиция бир ярим йил ўтиб парчаланиб кетди.
1 ноябр куни мамлакатда сўнгги тўлиқсиз тўрт йил ичидаги бешинчи сайлов бўлиб ўтади.
Байден учун бу идеал палла бўлиши мумкин: Исроилда ҳокимият учун курашаётган ҳар бир сиёсий куч ўз ҳисобига Вашингтон билан келишувни ёзиб қўйишни истайди.
Айни вақтда Байден Эрон ва Россия билан боғлиқ барча масалаларда Исроилнинг қўллаб-қувватловини кутмоқда.
Биринчи ҳолатда, ҳеч қандай ажабланишга ўрин йўқ - Исроил Эронни ўз хавфсизлигига асосий таҳдид деб билади ва Эронга қарши ҳар қандай чақириқни қўллайди.
Аммо Россия билан боғлиқ вазиятда Исроил нисбатан юмшоқ позиция танлаган. Бу давлат Ғарбнинг Россияга қарши санкцияларига қўшилмаган ва Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатмай келмоқда.
Ҳозирда Исроилда Киевга қурол етказиб бериш масаласида муҳокамалар кетмоқда, эҳтимол, Байденнинг ташрифи бу жараёнга таъсир кўрсатиши мумкин.
Кўп нарса Байденнинг Фаластин-Исроил келишуви масаласидаги позициясига боғлиқ.
Бен-Гурион аэропортидаги қутлов нутқида у дарҳол икки қўшни давлатнинг тотувликда яшаши ғоясига содиқ қолишини таъкидлаб ўтди.
Шу билан бирга, кўпчилик бу муаммо мавжудлиги ҳақидаги ягона эслатма бўлганини қайд этмоқда. Нутқнинг қолган қисми Исроил тарихи, унинг Яқин Шарқдаги роли ҳамда Исроил ва АҚШ ўртасидаги яқин алоқалар ҳақида бўлди.
Аксар фаластинликларнинг ҳисоблашича, Жо Байденнинг Фаластин ҳудудига ташрифи - шунчаки кўзни шамғалат қилиш ишораси.
Улар у ўзидан олдинги президент Дональд Трампнинг Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиш ҳақидаги қарорини бекор қилмаганидан ғазабда.
Байден Фаластин мухториятига Шарқий Қуддусдаги шифохоналарга ёрдам сифатида 100 млн доллар олиб келган. У Жиддада Форс кўрфази бўйидаги давлатлардан ҳам Фаластин соғлиқни сақлаш тизими учун яна шунча маблағ ажратишни сўраши кутилмоқда.
Аммо, Саудия Арабистонида ўз мақсадларига эришиш учун фаластинликлар учун янада кўпроқ иш қилиши талаб этилади.
Сўнгги йиллардаги айрим ўзгаришларга қарамай, Ар-Риёд ҳамон Исроилни тан олмайди ва Фаластин давлати тузилиши ғоясини фаол қўллаб-қувватлайди.
Бугун Жо Байден Исроилдан Саудия Арабистонига (Трамп 2017 йилда тескари йўналишда учганди - Саудия Арабистонидан Исроилга) илк бор тўғридан тўғри парвоз қилади, бу ерда Вашингтоннинг Фаластин кун тартиби алоҳида эътиборда бўлади.
Мавзуга оид
20:16 / 24.12.2024
WP: Байден Путинга «хайрлашув зарбаси» — Россия энергетикасига қарши санкциялар тайёрламоқда
18:07 / 24.12.2024
Саудия Арабистонидаги кўзгусимон мегашаҳарни роботлар қуради
17:40 / 24.12.2024
Байден 2025 йил учун рекорд даражадаги АҚШ мудофаа бюджетини тасдиқлади
18:12 / 23.12.2024