Ўзбекистон | 14:36 / 16.07.2022
28092
2 дақиқада ўқилади

Жамшид Хўжаев ташқи савдо вазири лавозимига қайтди

Жамшид Хўжаев Ўзбекистон бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий масалалари бўйича ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимига тайинланмоқда.

Фото: Қонунчилик палатаси

Унинг номзодини бугун, 16 июл куни парламент депутатлари кўриб чиқиб, маъқуллади.

Мазкур лавозимни сўнгги уч ярим йил давомида эгаллаб келган Сардор Умрзоқов Президент администрациясига раҳбар этиб тайинланди.

Жамшид Хўжаев 2019 йил январидан буён қишлоқ хўжалиги вазири сифатида ишлаб келаётганди.

Ташқи савдо вазири лавозими унинг учун бегона эмас – у 2017 йил ноябридан 2019 йил январигача Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига раҳбарлик қилган. Айни пайтда бу вазирлик Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги деб аталади.

Жамшид Абдуҳакимович Хўжаев 1979 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. 2000 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Биринчи президент ташаббуси билан иқтидорли талабалар учун ташкил этилган “Умид” жамғармаси стипендиати. 2002 йилда Европа давлат бошқаруви институтини тамомлаб, 2003 йилда Бирминҳем университетидан (Буюк Британия) халқаро иқтисодий алоқалар ва давлат бошқаруви йўналишида магистр дипломини олган.

Қатор халқаро ўқув курсларида қатнашган: Commerzbank (Германия), Халқаро валюта жамғармаси, Standard Bank (ЖАР), JPMorgan Chase (АҚШ), Россия банки, Natixis (Франция), KB Kookmin (Жанубий Корея), DBS (Сингапур), Credit Suisse (Швейцария) каби молия ташкилотлари шулар жумласидан.

2003–2017 йилларда Ўзбекистон Марказий банкида фаолият борган. Валютани тартибга солиш ва ташқи алоқалар департаменти етакчи мутахассиси лавозимидан бошлаб, 2009 йилда Халқаро резервларни бошқариш департаменти директори бўлган ва бу департаментни 2017 йилгача бошқарган.

2017 йил июнда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки раисининг биринчи ўринбосари бўлиб, кўп ўтмай августда Ҳисоб палатасининг биринчи ўринбосари – Давлат бюджети тушумларининг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимига тайинланган.

2017-2019 йилларда ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири бўлган, 2019 йил январидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари этиб тайинланган.

Мавзуга оид