Жаҳон | 11:54 / 18.07.2022
5740
3 дақиқада ўқилади

Абрамович Евроиттифоқдан ўз хайрия жамғармасига миллион доллар ўтказишни талаб қилди

Миллиардернинг фикрича, Европа иттифоқи санкциялари унинг ҳуқуқларини бузган. Роман Абрамович етказилган зарар учун товон пули «Челси» клубини сотишдан тушган даромад олиш учун ўзи таъсис этган хайрия жамғармасига ўтказилишини талаб қилмоқда.

Фото: Getty Images

Россиялик миллиардер Роман Абрамович Европа умумий юрисдикция судига даъво аризасида Европа иттифоқидан унга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бекор қилишни ва хайрия жамғармасига 1 миллион доллар ўтказишни талаб қилди. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри хабар берди.

Абрамовичнинг таъкидлашича, жорий этилган санкциялар унинг Европа иттифоқи томонидан кафолатланган асосий ҳуқуқларини бузади, чунки у Португалия фуқаролигига эга. Миллиардер Европа иттифоқидан «Челси» футбол клубини 4 миллиард фунт стерлинг (тахминан 5 миллиард евро)га сотишдан тушган маблағларни олиш учун ўзи таъсис этган хайрия жамғармасига бир миллион доллардан ортиқ товон пули тўлашни талаб қилмоқда. 

Сотувдан кейин Абрамович битимдан тушган соф даромад (2,5 миллиард фунт стерлинг ёки тахминан 3 миллиард евро) хайрия ва «уруш қурбонлари»га ёрдам бериш учун йўналтирилишини маълум қилди. У БМТ ва йирик глобал хайрия ташкилотларининг юқори мартабали вакилларига хайрия фондини ташкил этиш ва унинг фаолияти режасини ишлаб чиқишни топширди.

Россиялик миллиардерлар, «Альфа-Банк» асосчиларидан бири Михаил Фридман ва Петр Авен санкциялар қўлланилганидан сўнг дарҳол уларга суд орқали эътироз билдиришларини маълум қилишди. Улар чекловлар учун асосларни «ёлғон» деб аташган. Иккала бизнесменни ҳам бир хил адвокатлар ҳимоя қилган. Миллиардерлар ЕИнинг улар иқтисодиётнинг «Россия Федерацияси ҳукумати учун муҳим даромад манбасини таъминловчи» тармоқларида иштирок этиши ҳақидаги даъвосига эътироз билдирмоқда, деб ёзади WSJ.

Яна бир миллиардер Алишер Усмонов Европа иттифоқининг даъволарига қарши чиқмоқда ва суд харажатлари учун 20 минг доллар талаб қилмоқда. Усмонов суд жараёнини тезлаштиришни истаяпти ва санкциялар оқибатлари бир нечта бизнес битимларини издан чиқарганини ва унинг учта компаниясининг банкрот бўлиши хавфини туғдираётганини тушунтирди. Ўтган ой суд унинг аризасини рад этди, деб ёзади WSJ. 

Мавзуга оид