Озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид кучаймоқда, импортга барча тўсиқларни олиб ташлаш керак — Зафар Ҳошимов
Тадбиркор Зафар Ҳошимов ҳукуматни жаҳондаги озиқ-овқат инқирозидан огоҳлантириб, глобал бўҳроннинг Ўзбекистонга таъсирини юмшатиш учун импорт тўсиқларини олиб ташлашга чақирди. “Агар барча тариф чекловлари ҳозир олиб ташланмаса, бизда ҳимоя қиладиган нарсанинг ўзи қолмайди”, деди у. Ҳошимовга кўра, қатъий қарорлар зудлик билан қабул қилиниши лозим: “Кечикиш жуда қимматга тушади”.
Тадбиркор Зафар Ҳошимов Facebook'даги саҳифасида эълон қилган мақоласида жаҳондаги беқарорликнинг миллий иқтисодиётга оқибатларини юмшатиш учун ҳукуматни протекционизм сиёсатидан воз кечиб, импортга тўсиқларни олиб ташлашга чақирди. Kun.uz мазкур мақолани ўзбек тилига ўгирди.
Украинадаги урушнинг биринчи ҳафталарида урушнинг истеъмол бозоримиз учун эҳтимолий оқибатлари ҳақида ёзгандим. Тўрт ой ўтгач, кичик апдейт қилиш вақти келди.
Ўшанда ёзган постимни Украинадаги уруш Ўзбекистонга бир қанча қийинчиликлар туғдиради, деб бошлагандим. Бунга шуни қўшимча қилиш керакки, урушнинг дастлабки кунларида бўлганидек келажакка нисбатан катта ноаниқликлар ҳали ҳам сақланиб турибди.
Ўтган ойлар давомида Россиянинг ҳарбий машинаси, афтидан, Украинанинг жануби ва шарқида мустаҳкам ўрнашиб олди; бутун прогрессив дунё эса украиналикларга инсонпарварлик, пул ва қурол-яроғ билан фаол ёрдам беряпти; ва эндиликда уруш катта эҳтимол билан узоқ вақт давом этиши борган сари ойдинлашяпти. Уруш давом этаркан, санкциялар, тақиқлар ва турли чекловлар ҳам сақланиб қолади. Бу шароитнинг барча ёқимсиз иқтисодий оқибатлари бизга у ёки бу даражада таъсир қилади ва бу таъсир ҳам тез орада йўқолиб кетмайди.
Жаҳонда бирорта ҳам халқаро иқтисодий мактаб, бирорта ҳам халқаро ташкилот йўқки, глобал нархлар ошиши, инфляция, энергетика ва озиқ-овқат етишмовчилиги, баъзи жойларда эса кучли танқислик ва очликни башорат қилмаган бўлса. Бу башоратларнинг баъзилари аллақачон дунёнинг бир қатор мамлакатлари истеъмол бозорларини қамраб ола бошлади. Бу оқибатлар, албатта, яқин келажакда янада кучаяди.
Бу ҳолат, афсуски, бизнинг минтақамиз учун ҳам оғир оқибатларни келтириб чиқаради. Негаки мамлакатимизда аҳолининг умумий даромадлари унчалик юқори эмас. Қолаверса, Россия – бизнинг энг йирик савдо-иқтисодий ҳамкоримиз ҳамда бизга келувчи транспорт-логистика коридорларининг аксарияти айнан Россия орқали ўтади, бу мамлакат эса, кўриниб турибдики, тобора кўпроқ изоляцияга тушиб қолмоқда.
Кўплаб йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг Россиядан чиқиб кетиши, бошқа корхоналарнинг қисқариши ва ишлаб чиқаришни тўхтатиши, етказиб бериш занжирларининг узилиши, хомашё ва бутловчи қисмлар етишмаслиги, банк секторига киритилган санкцияларнинг таъсири, валюта чекловлари ва пул ўтказмалари тизимларидаги тўсиқлар – буларнинг барчаси кундалик ҳаётимизга эндигина салбий таъсирини кўрсата бошлаяпти.
Санаб ўтилганлар қаторига транспорт блокадасини ҳам қўшинг: Россия кемалари ва юк машиналари хорижий портлар ва йўлларга қўйилмаяпти, бунга жавобан Россия ҳам ўз ҳудудида Европа транспортининг ҳаракатланишини чеклаяпти, бир қатор йирик логистика компаниялари юкларни Россия ҳудуди ва портларига ёки Россия ҳудуди ва портлари орқали ташишдан бош тортяпти. Буларнинг барчаси – бизнинг ҳам истеъмол бозоримизга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган муаммоларнинг энг кўзга кўринарли қисмлари холос.
Истеъмол бозоримиз МДҲ мамлакатлари маҳсулотларига, биринчи навбатда Россия ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчиларига иқтисодиётимизнинг бошқа секторларига қараганда, эҳтимолки, кўпроқ боғланган.
Бунинг бир нечта сабаблари бор: совет давридан сақланиб қолган ишлаб чиқариш соҳаларидаги алоқалар, истеъмолчилар қайси маҳсулотларни афзал кўриши борасидаги ўхшашликлар, стандартлар, қулай логистика, рекламанинг Россия ОАВ орқали кириб келиши, таниқли брендлар ва бошқа турли омиллар. Аммо яна шуни айтишга журъат этаманки, бизнинг ички бозоримиз Россия маҳсулотларига қарамлигининг ҳал қилувчи сабаби бу – Россия (ва бошқа МДҲ давлатлари) билан қулай божсиз савдо режими ўрнатилганидир. Шу билан бирга, дунёнинг бошқа мамлакатлари маҳсулотларига нисбатан импорт тарифлари анчагина юқори.
Яъни Россия ва бошқа МДҲ давлатларидан маҳсулотлар олиб киришда импорт божлари ундирилмайди, бошқа мамлакатлардан келган товарлар эса анча юқори ставкаларга тортилади. Биз билан савдо алоқалари бўлмаган айрим давлатларнинг маҳсулотларига эса яқин-яқингача икки баравар бож солинган. Мазкур тартиб президентнинг жорий йил 1 майдаги фармони билан бекор қилинди [2023 йил 1 январгача – таҳр.]. Худди шу қарор билан 22 та товар гуруҳи учун божлар ҳам 2022 йил охиригача олиб ташланди. Бу – жуда ва жуда муҳим ижобий қадам, аммо ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп.
Масалан, урушдан олдин мамлакатга Россия ва Украинадан жуда кўп шоколад олиб келинган ва бу маҳсулотлар бождан озод қилинган, аммо ўша шоколадни, айтайлик, Европа, Туркия ёки бошқа мамлакатлардан импорт қилишда ҳали ҳам бож ставкаси 30 фоиз.
Россия, Украина ва Беларусда ишлаб чиқаришдаги узилишлар ва логистика қийинчиликлари кузатилаётган, бу мамлакатлар ўз ҳудудидан маълум товарларни олиб чиқиб кетишга кучли тақиқ қўётган, шунингдек, Қозоғистон ўз ички истеъмол бозорини ҳимоя қилиш учун маҳсулотлар экспортига чекловлар қўллаётган ҳозирги вазиятда Ўзбекистонда истеъмол бозорини етарли ҳажмдаги товарлар билан таъминлаш масаласи тобора қийинлашмоқда.
Тўрт ой олдинги мақоламда “яқин” хориж фойдасига бундай тариф асимметрияси мавжудлиги янги воқелик нуқтайи назаридан мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги учун аниқ таҳдид эканини ёзган эдим. Афсуски, жанговар ҳаракатлар ва санкциялар давом этаётгани сабабли ўша пайтдаги потенциал хавфлар энди босқичма-босқич реалликка айланмоқда.
Гарчи давлат ички бозорни узлуксиз таъминлаш ва энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари, масалан, шакар, гўшт, буғдой, ун, сариёғ, картошка ва бошқа бир қатор маҳсулотлар нархини ушлаб туриш учун жуда самарали фавқулодда чораларни кўраётган бўлса ҳам, озиқ-овқат ва асосий саноат товарларининг тўлиқ ассортименти манбалари умумий географиясини фаолроқ диверсификация қилинмаса, бу чоралар етказиб беришнинг эҳтимолий узилишлари ва нархлар кескин ўсишининг олдини олиш учун етарли бўлмайди.
Озиқ-овқат тақчиллигининг олдини олиш ва нархлар ошишига чек қўйиш бўйича биринчи ва мутлақо тенгсиз қадам – барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига, энг зарур саноат истеъмол товарларига ҳамда уларни ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш учун барча хомашёларга импорт божлари ва акциз солиғини тўлиқ бекор қилиш бўлиши керак.
Гап шундаки, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг энг катта ҳажмларига эга бир қанча давлатлар жаҳон бозоридан чиқиб кетиши билан, бутун дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи аллақачон кескин кўтарила бошлаган.
Аммо бу ягона муаммо эмас. Келгуси бир неча йил ичида глобал озиқ-овқат тақчиллиги вақтинчалик мураккаблик ҳолатидан барқарор воқеликка айланиши ва жаҳонда нархлар фақат ўсиб бориши тобора аён бўлмоқда.
Дизел ёқилғиси етишмаслиги ва давом этаётган жанговар ҳаракатлар туфайли украиналик фермерлар экиш кампаниясини ўтказа олмадилар, Россияда эса санкциялар туфайли уруғ, айрим турдаги ўғитлар, техника етишмаслиги туфайли экин экиш жараёни тўхтаб қолди.
Шу сабабли ҳам ҳозир жаҳон бозорларида биржада сотиладиган озиқ-овқат маҳсулотларининг барча “жонли” (спот) ҳажмлари қандай тез сотиб олинаётгани ва фючерс нархлари барқарор ва тез ўсиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Бизнинг ҳолатимизда, буларнинг барчаси географик жойлашувимиз тақозо этган логистика қийинчиликлари билан янада оғирлашади.
Шу нуқтайи назардан, биз мамлакатга ҳар қандай, такрор айтаман, ҳар қандай (!) озиқ-овқат маҳсулотини қанча кўп олиб келсак, шунча яхши.
Мен тотал протекционизм мафкураси тарафдорларига алоҳида айтмоқчиман. Агар барча тариф чекловлари ҳозир олиб ташланмаса, бизда ҳимоя қиладиган ҳеч нарса қолмайди. Кўпгина ишлаб чиқариш объектларимиз аллақачон хомашё ва материаллар билан боғлиқ қийинчиликларни бошдан кечирмоқда ва тез орада ишлаб чиқариш ҳажмини камайтиришга мажбур бўлиши мумкин. Бундан ташқари, географик жиҳатдан диверсификацияланган янги импорт маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳажмда сиқиб чиқара олмаслиги аниқ. Мен барча божлар ва акцизлар бекор қилингандан кейин ҳам Россия, Қозоғистон, Украина ва бошқа МДҲ давлатларидан келувчи етказиб бериш ҳажмини ҳатто қисман бўлса-да қоплаш мумкинлигига ишончим комил эмас.
Бошқача қилиб айтганда, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун яшаб қолиш имконияти сақланиб қолади ва ҳатто сезиларли даражада ошади. Асосийси, улар ўзлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга улгуришлари керак. Бундан ташқари, ҳеч бўлмаганда логистика қийинчиликлари, ёқилғи ва бошқа харажатлар ортиб бораётгани сабабли импорт қилинадиган маҳсулотлар нархи объектив равишда шу пайтгача бўлганидан сезиларли даражада юқори бўлиши аниқ.
Қолаверса, агар бож ва акцизлар сақланиб қолса, ноқонуний импорт ва истеъмол секторидаги қора бозор улуши кескин ошади ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қора бозордан ҳимоя қилиш қийин, балки имконсиз ишга айланади.
Давлат бюджетига тушадиган бож ва акциз солиғи тушумлари ҳимоячиларига дарҳол жавоб бераман: яқин қўшни давлатлардан қилинган импорт учун шу пайтгача ҳам бюджетга тушум тушмагани, бу импорт ҳажмини барибир бошқа мамлакатлар ҳисобига қоплай олмаслигимизни инобатга олсак, бюджет ҳеч нарса йўқотмайди. Бундан ташқари, қонуний бозорнинг ўсиши бюджетга тушадиган импортдан ҚҚС миқдорини оширади.
Тўрт ой давомида мен ва менинг жамоам бозорни тарк этаётган позицияларнинг ўрнини тўлдириш учун деярли кеча-ю кундуз турли хил маҳсулотларни қидирдик, шартнома туздик ва олиб келдик, лекин бу тобора қийинлашмоқда ва энг муҳими, қимматроқ бўлиб бормоқда. Маҳсулот олиб келиш имконияти сақланиб қолаётган бозорларда ҳам захиралар ва ишлаб чиқариш қувватлари тугаб боряпти, кўплаб мамлакатлар мақсадли равишда ўз захираларини тўлдирмоқда ва маҳсулотлар экспортига тақиқ ва чекловлар қўймоқда. Экспортдаги тақиқлар ва божлар пойгасида Россия ва Қозоғистонга Туркия ҳам қўшилди. Туркия ўсимлик ёғи ва бошқа бир қатор маҳсулотларни экспорт қилишни тақиқлади. Мамлакатларнинг ўз истеъмол бозорларини ҳимоя қилишга бўлган бу “худбин” тенденцияси бутун дунёда кучайишда давом этади.
Олдинда ҳали бошқа хавф ва ноаниқликлар ҳам кутмоқда. Қатъий ҳаракат қилиш керак.
Кечикиш бизга жуда қимматга тушади.
Сўзимни тадбиркорларимизга анъанавий маслаҳатлар билан якунлайман: ҳеч бўлмаганда ўрта муддатли истиқболда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат (ҳар қандай), хомашё ва бутловчи қисмлар, саноат учун зарур товарларни ишлаб чиқариш жуда жозибадор бизнесга айланади. Айни пайтда мамлакатга имкон қадар кўпроқ хомашё, озиқ-овқат, уй-рўзғор буюмлари, шахсий гигиена воситалари ва бошқа истеъмол товарларини олиб кириш лозим.
Умид қиламанки, давлат бу далилларни инобатга олиб, озиқ-овқат ва энг зарур товарлар йўлидаги барча тариф ва нотариф тўсиқларни олиб ташлайди. Ҳеч бўлмаганда кейинги йил ёки бир ярим йил ичида жаҳон бозоридаги бу бўрондан омон қолиш учун шундай қилиш керак.
Кейин ким билади, бу тўсиқлар ҳақиқатан ҳам ҳеч қандай иқтисодий муаммоларни ҳал қилмаслиги, аксинча одамлар ҳаётини янада оғирлаштириши ҳаммага аён бўлиши мумкин.
Зафар Ҳошимов,
Korzinka супермаркетлари тармоғи асосчиси ва раҳбари
Мавзуга оид
20:49 / 21.12.2024
“Таннархни тушириш – кенгайиш, ҳажмни ошириш билан бўлади” — Зафар Ҳошимов
14:56 / 19.12.2024
Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари Покистон бозорига олиб кирилади
20:23 / 10.12.2024
Ёғ-мой маҳсулотлари экспортига рухсат берилиши мумкин
10:13 / 03.12.2024