Жаҳон | 20:32 / 20.07.2022
24376
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда 223 бош қорамол тириклай ёниб кетди

Фермага ўт кетиши оқибатида 30 минг боғлам пичан ҳам ёниб кулга айланган. Ҳеч кимга зарар етмаган. Минг бошдан ортиқ қорамол қутқариб қолинган.

Ёнғин Чуй вилоятидаги фермада юз бергани, жами 2 минг метр квадрат майдонга ўт кетгани айтилмоқда. Ҳодиса оқибатида 223 бош қорамол нобуд бўлган, 30 минг боғлам пичан ёниб кулга айланган.

Фото: Қирғизистон ФВВ

Мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, ёнғинни ўчириш учун еттита ўт ўчириш бригадаси, махсус техникалар, газ ва электр таъминоти корхоналари мутахассислари жалб этилган. Фавқулодда ҳодиса натижасида куйган ёки ҳалок бўлган инсонлар йўқ.

Фото: Видеодан кадрлар

Маҳаллий ОАВ минг бошдан зиёд қорамол ёнғиндан қутқариб қолингани ҳақида хабар берган. Қўшни ферма эгаси ёнғин бошланган вақтда қорамолларнинг арқонларини кесиб чиққани, бироқ уларнинг айримлари шунда ҳам оғилхонадан чиқиб кета олмай нобуд бўлганини айтмоқда.

Фото: Видеодан кадрлар

Ёнғин қандай келиб чиққани ва етказилган зарар миқдори ҳозирча маълум эмас. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, ёнғин натижасида фермер кўрган зарар 26 млн қирғиз пулига баҳоланган.

Аввалроқ, 8 июлда Зарафшон дарёси ўзанидаги бутазорга номаълум шахслар ўт қўйгани оқибатида 4 гектар майдондаги бутазор ёниб кетганди. Июн охирида эса Жомбой туманида жойлашган Зарафшон миллий табиат боғига қарашли ўрмонда ёнғин содир бўлганди.

Мавзуга оид