Ўзаро савдо, озиқ-овқат хавфсизлиги, экология ва Афғонистон. Шавкат Мирзиёев Чўлпонота учрашувида нималар ҳақида гапирди?
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувида нутқ сўзлади.
21 июл куни Чўлпонота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров раислигидаги саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов иштирок этди.
Минтақавий хавфсизликка замонавий хатар ва таҳдидларга қарши биргаликда чора кўриш борасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари, Марказий Осиё давлатларининг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлаш, фаол маданий-гуманитар алмашинувларини давом эттириш мақсадида минтақавий шерикликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида ушбу форматда йўлга қўйилган мунтазам мулоқот туфайли Марказий Осиёда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитини яратишга муваффақ бўлинганини таъкидлади.
«Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини, изчил ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш бўйича мураккаб вазифаларни изчил ҳал қилиб келяпмиз», деди Шавкат Мирзиёев.
Бу борада кўплаб тўсиқлар бартараф этилди, фуқароларимиз эркин ҳаракатланиши, фаол маданий ва туристик алмашинувлар амалга оширилиши учун шароитлар яратилди. Ўзаро савдо ва инвестицияларнинг ўсишига хизмат қилаётган қулай муҳит шакллантирилди.
Минтақа мамлакатлари саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга киришди, самарали қўшилган қиймат занжирларини яратмоқда, транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантирмоқда.
«Энг муҳими – барча ижобий ўзгаришларни биродар халқларимиз ҳис қилмоқда», деди мамлакат етакчиси.
Глобал вазият
Шавкат Мирзиёев жаҳондаги мураккаб вазият минтақага ҳам бевосита таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
«Жаҳондаги минтақамизга бевосита таъсир кўрсатаётган мураккаб вазият бўйича бугун билдирилган фикр-мулоҳазаларни қўллаб-қувватлайман.
Халқаро тартиботнинг оқибатларини олдиндан айтиш қийин бўлган шиддатли трансформация жараёнлари кузатилмоқда. Биз глобал миқёсда мулоқот ва ишонч тақчиллиги тобора ортиб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳолатлар кучайиб бораётгани натижасида мамлакатларимиз анъанавий логистика занжирлари узилиши билан боғлиқ муаммога дуч келмоқда, инфляциянинг импорти ортмоқда, озиқ-овқат ва энергетик хавфсизлигига нисбатан хавф-хатарлар бир неча бор кўпаймоқда. Бундай шароитда Маслаҳат учрашувлари формати доирасида кўп томонлама ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш зарурати янада кучаймоқда.
Шуни алоҳида қайд этмоқчиман, бутун минтақамизнинг тинчлиги, барқарорлиги ва фаровонлиги жипслигимизга, Марказий Осиёнинг умумий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қатъий чоралар кўришга тайёрлигимизга боғлиқ», деди Шавкат Мирзиёев.
Савдо алоқалари
Ўзбекистон президенти долзарб масалалар юзасидан нуқтайи назарини баён қилди ҳамда кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва минтақада амалий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди.
Ижобий суръатга қарамасдан мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлик салоҳияти рўёбга чиқарилмай қолаётгани таъкидланди. Бугун минтақа ичидаги савдо ҳиссасига турли ҳисоб-китобларга кўра мамлакатлар ўртасидаги умумий товар айирбошлашнинг 5 фоизидан 10 фоизигача тўғри келмоқда.
«Кўп қиррали муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва амалий минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида умумий саъй-ҳаракатларимизни қуйидаги муҳим йўналишларга қаратишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Биринчиси – иқтисодий йўналиш. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ижобий дўсиш суръатларига қарамасдан, мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлик салоҳияти тўлиқ ишга солинмасдан қолмоқда.
Турли ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда минтақа ичидаги савдо улушига мамлакатларимиз ўртасидаги умумий товар айланишининг 5 фоизидан 10 фоизигача бўлган қисми тўғри келмоқда.
Шу муносабат билан ўзаро савдони рағбатлантиришнинг янги шакл ва механизмларини фаол жорий қилишни таклиф этамиз. Товар етказиб беришнинг қоидалари бирхиллаштирилган ва тартиб-таомиллари соддалаштирилган чегара ҳудудларида савдо зоналари тизимини яратиш шулар жумласидандир», деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари учинчи мамлакатлардан импортнинг ўрнини минтақа мамлакатларида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан босишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришга чақирди.
«Бу борада учинчи мамлакатлардан қиммат ва ҳар доим ҳам сифатли бўлмаган импорт ўрнини ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларимиз маҳсулотлари ҳисобидан тўлдириш бўйича саъй-ҳаракатларни тушуниш ва қўллаб-қувватлаш муҳим.
Саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш яна бир муҳим вазифадир.
Бизнес доираларимиз минтақа мамлакатлари иқтисодиётларининг рақобат нуқтайи назаридан устунликлари ва бир-бирини тўлдириб туришидан фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқариш қувватларини яратишдан манфаатдор.
Шу муносабат билан саноатни ривожланиш миллий дастурлари асосида Марказий Осиёда маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш маконини шакллантириш бўйича умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш муҳим аҳамиятга эга.
Иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишни таклиф этаман. Бу маҳсулот таннархини камайтириш ва рақобатбардошлигини таъминлаш имконини беради.
Савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида ҳудудлараро тўғридан тўғри ҳамкорлик борасидаги салоҳиятдан кенгроқ фойдаланиш ва ҳар йили Марказий Осиё ҳудудлари форумини ўтказишни йўлга қўйишни таклиф этамиз.
Шу билан бирга, минтақанинг инвестиция соҳасидаги умумий жозибадорлигини ошириш учун ягона қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга интилиш зарур», деди президент.
Шавкат Мирзиёев минтақадаги ҳамкорларга яқинда Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги махсус резолюция қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик билдирди ҳамда ушбу ташаббуснинг давоми сифатида Ҳиндистон, Покистон ва Хитой бозорларига чиқиш учун муқобил транспорт йўлакларини илгари суриш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни таклиф этди.
Иштирокчиларнинг эътибори озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича биринчи навбатда Марказий Осиёнинг умумий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда тизимли ишларни йўлга қўйиш лозимлигига қаратилди.
Шу мақсадда Шавкат Мирзиёев аҳолини мамлакатларимизда етарли ҳажмда ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашнинг комплекс схемасини биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этди.
Яшил тараққиёт
Экология соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Ҳамкорларга эътиборни Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган «Марказий Осиё учун «Яшил» кун тартиби» дастури доирасида иқтисодиётни карбонсизлантириш, муқобил энергетикани ривожлантириш ва ўзаро электр энергияси етказишни ташкил этиш, сув тежовчи ва экологик тоза технологияларни кенг жорий қилиш, шунингдек, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига қаратиш таклиф этилди.
Президент «яшил тараққиёт» масалаларида Марказий Осиё давлатлари бугун жаҳоннинг етакчи минтақаларидан анча орқада эканини афсус билан қайд этди.
«Мамлакатларимизнинг узоқ муддатли истиқболда рақобатбардошлигини таъминлаш учун ҳукуматларда бугун қабул қилинаётган дастурни амалга ошириш бўйича Аниқ чора-тадбирлар режасини тайёрлашни топшириш зарур», - деди давлат раҳбари.
Маданий алоқалар
Минтақа мамлакатларининг биродар халқларини янада яқинлаштириш мақсадида умумий тарихимизни чуқур ўрганиш, маданият, таълим, спорт ва туризм соҳаларида қўшма дастурларни амалга ошириш зарур. Шу маънода, президент Марказий Осиё маданият, санъат ва миллий таомлар фестивалини навбатма-навбат ўтказиб боришни таклиф қилди.
Махсус туризм маршрутлари ва маҳсулотларини ишлаб чиқиш, ягона пиар-кампанияларни ўтказиш орқали минтақа ичидаги туризмни фаол рағбатлантиришимиз лозимлиги таъкидланди. Ёшларга доир сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида кўп томонлама битим тайёрлаш ташаббуси илгари сурилди.
«Мамлакатларимизда Марказий Осиё маданият, санъат ва кино фестивалини навбатма-навбат ўтказиб боришни таклиф қиламиз. Туризм соҳасидаги ҳамкорлигимизни кенгайтириш имкониятларига алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Махсус туризм маршрутлари ва маҳсулотларини ишлаб чиқиш, умумий пиар-кампанияларни ўтказиш орқали минтақа ичидаги туризмни фаол рағбатлантириб боришимиз лозим.
Шу мақсадда ўзаро туризм оқимларини ошириш бўйича аниқ таклифларни тайёрлаш учун қўшма экспертлар гуруҳини тузишни таклиф этамиз.
Жорий йил май ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё ёшлар форумининг самарали якунларига алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Ёшларимизнинг қараш ва интилишлари ўхшашлигига, уларнинг улкан интеллектуал салоҳиятига яна бир бор амин бўлдик. Уларнинг илғор ташаббуслари, креатив ёндашувлари ва стартап лойиҳаларини бундан буён ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз лозим. Навбатдаги учрашувимизгача Ёшларга доир сиёсатнинг умумий йўналишлари тўғрисида кўп томонлама битим тайёрлашни таклиф этамиз», деди давлат раҳбари.
Хавфсизликка таҳдидлар
Давлат раҳбари хавфсизлик соҳасидаги минтақавий ҳамкорликнинг стратегик йўналишларига алоҳида эътибор қаратди. Унинг фикрича, кўлами тобора ортиб бораётган интернетдаги ноқонуний фаолият билан боғлиқ янги хатарлар алоҳида эътиборни тақозо этмоқда.
«Хавфсизлик соҳаси – минтақавий ҳамкорлигимизнинг стратегик йўналишидир. Минтақавий хавфсизлик бўлинмас ва энг аввало, бизнинг шериклигимиз қанчалик самарали йўлга қўйилганига боғлиқ эканини таъкидламоқчиман.
Шу маънода, экстремизм ва терроризм, уюшган жиноятчилик ва наркотрафик каби анъанавий таҳдидларга қарши курашда амалий ҳамкорлигимизни бундан буён ҳам кучайтириб боришимиз зарур. Кўлами тобора ортиб бораётган Интернетдаги ноқонуний фаолият билан боғлиқ янги хавф-хатарлар алоҳида эътибор қаратишимизни тақозо этмоқда.
Бугун ушбу таҳдидлар йўлида ҳеч қандай чегара йўқ – улар мобил телефонлар орқали кириб келмоқда.
Афсуски, Ўзбекистонда яқинда рўй берган фожиали воқеалар бизнинг режаларимизни бузишга, минтақамизда беқарор вазиятни вужудга келтиришга уринаётган бузғунчи кучлар мавжуд эканини яна бир бор тасдиқлади.
Шу муносабат билан ушбу йўналишларда минтақа мамлакатларининг Хавфсизлик кенгашлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш таклифини қўллаб-қувватлаймиз», деди Шавкат Мирзиёев.
Афғонистон
Афғонистонда узоқ муддатли тинчликни таъминлашга ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалаларида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш биз учун энг муҳим устувор йўналиш бўлиб қолиши кераклиги таъкидланди.
«Афғонистонда узоқ муддатли тинчликни таъминлашга ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалаларида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш биз учун энг муҳим устувор йўналиш бўлиб қолиши керак.
Биз ушбу мамлакатнинг энг яқин қўшнилари сифатида бу заминдаги барқарорликдан биринчи навбатда ўзимиз манфаатдор бўлишимиз лозим. Мазкур муаммо халқаро ҳамжамият томонидан қандай қабул қилиниши ҳам кўп жиҳатдан айнан бизга боғлиқ.
Шунингдек, ушбу мамлакат билан савдо алоқаларини фаол ривожлантириш, уни минтақамиздаги иқтисодий жараёнларга жалб этиш, афғон халқига гуманитар ёрдамни кенгайтириш, муҳим ижтимоий ва инфратузилмавий лойиҳаларни илгари суриш тарафдоримиз», деди Мирзиёев.
Президент сўзининг якунида Маслаҳат учрашуви натижалари мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик ва ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилишига, амалий ҳамкорлик бўйича қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суришига кучли суръат бағишлашига ишонч билдирди.
Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон президентлари ўз нутқларида бундай мунтазам учрашувларнинг долзарб аҳамиятини алоҳида қайд этиб, минтақада дўстлик, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари суришди.
Саммит якунида XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди. Давлат раҳбарлари Чўлпонота Маслаҳат учрашувининг қўшма баёноти, 2022-2024 йилларда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитаси, Марказий Осиё учун «Яшил кун тартиби» минтақавий дастури ҳамда Марказий Осиё давлатларининг кўп томонлама форматлар доирасидаги ҳамкорлиги концепциясини қабул қилди.
Шу билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашуви якунланди.
Мавзуга оид
22:47 / 25.12.2024
Путин яна “тарихий ҳудудлар” ҳақида гапирди. У қаерларни айтяпти?
17:38 / 25.12.2024
Мирзиёев МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди
15:59 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди
00:30 / 25.12.2024