Жаҳон | 11:55 / 22.07.2022
32645
15 дақиқада ўқилади

Конгрессда республикачи депутат Украинага ёрдам масаласида шовқин кўтарди: Киев буни «рус пропагандаси» деб атаган

АҚШ Конгрессининг келиб чиқиши украин бўлган аъзоси Виктория Спартц Украина ҳукуматини урушга яхши тайёргарлик кўрмаганликда айблади. У Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Россияга ишлашига ишора қилган. Конгрессвумен бу фикрга разведка маълумотлари асосида келганини айтган.

Фото: Tom Williams / CQ-Roll Call, Inc / Getty Images

Украина Ташқи ишлар вазирлиги ушбу чиқишга муносабат билдирди. Ижтимоий тармоқларда Спартцнинг сўзлари фаол муҳокама қилинди. BBC Виктория Спартцнинг баёноти атрофидаги воқеаларни таҳлил қилди.

Спартц Украина ҳукуматини нимада айблади?

Қизлик фамилияси Кулгейко бўлган Виктория Спартцнинг миллати украин, Черниҳивда туғилган. Олий маълумотни Киевда олган, 2000 йилдан буён АҚШда яшайди. 2020 йил АҚШ Вакиллар палатасига Индиана штатидан сайланган.

Уруш бошланганидан буён депутат табиийки фаоллашиб қолди: Конгрессга мурожаат қилиб, ватанига ёрдам беришни сўради, уруш бошланганидан буён олти марта Украинага келди.

6 июл куни Спартц АҚШ президенти Жо Байден ва Украина президенти Володимир Зеленскийни танқид қилиб чиқди. «Байден ва Зеленский одамларнинг ҳаёти билан ўйнашни бас қилиши шарт. Конгресс Украинадаги вазиятни тўғри баҳолаши керак», деди у.

Депутат Байденни «сиёсий ўйинларни бас қилиб» Украинага хавфсизлик масаласида ушбу мамлакатдаги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда ёрдам беришга чақирди. Унинг фикрича, Зеленский ҳам армия ва маҳаллий ҳокимиятларни бошқариш ўрнига «театр ва сиёсатда ўйин қилмоқда».

Спартц Конгресс Украинага керакли қуроллар бериши, оғриқли муаммоларни назоратга олиши кераклигини таъкидлади. Келиб чиқишига кўра украин бўлган депутат биринчи чиқишида Украина президент маъмурияти раҳбари Андрей Ермак ҳақида гапирмаганди, аммо 8 июл куни яна бир чиқиш қилган сиёсатчи АҚШ президенти Жо Байденга Зеленский жамоаси раҳбари Ермак устидан суриштирув ўтказиш сўрови билан мурожаат қилиб, хат ёзганини айтди. Унинг фикрича, Ермакнинг Россия билан алоқалари текширилиши керак. Депутатнинг фикрича, айнан Ермакнинг ўринбосари Олег Татаров коррупцияга қарши курашувчи ташкилотлар фаолиятига тўсқинлик қилмоқда.

Қисман эълон қилинган хатга Украина ҳукумати вакиллари ҳам эътибор қаратишди. Спартц хоним хатда Ермакнинг фаолиятига шубҳа билдирар экан, бу хулосаларга разведка маълумотлари асосида келганини айтади.

«Украина сизнинг маъмуриятингиз томонидан хавфсизлиги учун кўпроқ ва тезроқ ёрдам олиши керак. Афсуски, ҳозирча бундай бўлмаяпти», деган Спартц АҚШ президентига мурожаат қилар экан.

Виктория Спартц иштирокида Украина учун ленд-лиз тўғрисидаги қонунни имзолаш маросими. Фото: GETTY IMAGES

Депутат Андрей Ермак Украина Ички ишлар вазирлиги тергов бошқармаси раҳбари Олег Татаровни ўз ёрдамчиси қилиб тайинлаганига ҳам эътибор қаратган. Спартцнинг айтишича, айнан Татаров Украинада коррупцияга қарши курашиш учун махсус масъул тайинлаш ишларини ортга суриб келмоқда.

«2020 йил ҳозирги лавозимга киришишдан аввал жаноб Татаров Украина аксилкоррупция бюроси кузатуви остида бўлган, унинг ишини оддий прокурор кўрган ва ёпиб юборган. Жаноб Татаров Янукович бошқаруви вақтида ҳам ички ишлар вазирлигида юқори лавозимда бўлган, Евромайдан иштирокчиларини таъқиб қилган», дейилади хатда.

Андрей Ермак ва Олег Татаров борасидаги гаплар Украинада икки йилдан буён тинмайди. Спартц хонимнинг чиқиши Зеленский ва унинг жамоаси танқидчилари учун айни муддао бўлди. Депутатнинг Байден маъмурияти Украинага жуда секин ёрдам юбораётгани ҳақидаги танқиди эса эътиборсиз қолдирилди.

ТИВнинг кескин муносабати ва Ермак манзилига айбловлар

9 июл куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Олег Николенко Facebook'даги саҳифасида америкалик депутатнинг чиқишларига муносабат билдирди. Унинг айтишича, Спартц хоним рус пропагандачиларининг усулидан фойдаланган ҳолда Украина ҳукуматидагилар Россияга ишлаши ҳақида сафсата сўқиган. ТИВ вакили Спартц Украинани АҚШ ички сиёсатидаги воқеаларга аралаштирмоқчи бўлаётганини айтди.

«Спартц хоним уруш мавзусида гапириб украиналиклар алами ортидан сиёсий мавқейини кўтаришга интилмоқда, ундан бу ҳаракатларини тўхтатишини сўраймиз. Бу сўзларни Конгрессда келиб чиқиши украиналик бўлган одам гапиргани айниқса ғалати», деди Украина ТИВ вакили. Унинг айтишича, АҚШ Украинага ёрдам бераётганини гумон остига олиш керак эмас.

Олег Николенконинг ёзишича, Конгресс аъзосининг бу чиқишлари Кремл учун айни муддао бўлган.

Россия армияси урушнинг илк ҳафтасидаёқ Херсон областининг катта қисмини эгаллаб олиши Мариупол қуршовда қолишига олиб келганди

Виктория Спартц Украина Ташқи ишлар вазирлигидан унинг чиқишларини жиддий қабул қилишни сўраб, Андрей Ермак борасида гумонларини билдирган. Булар:

  • Маълумотлар Беларусга сизиб чиқиши сабаб Украинанинг «вагнерчилар»ни ушлаш операцияси барбод бўлгани.
  • Урушгача бўлган вақтда Россия билан муносабатлардаги муваффақиятсизлик.
  • Ермак Украина ҳукуматини Россия февралда бостириб кирмаслигига ишонтиришга уринган, хорижий разведка маълумотларини эса ишончсиз деб атаган. Шу орқали Украина урушга тайёрланишига халақит берган.
  • Херсонни собатаж қилиб русларга топшириш ва бу орқали Мариуполдаги «Азов»чиларни яккалатиш.
  • Асоссиз ва ҳатто ноқонуний тарзда тезкор ҳарбий харидларни кечиктириш.
  • Ёрдамчиси Олег Татаров орқали коррупцияга қарши курашувчи махсус прокурор тайинланишини кечиктириш.

Демократлар Спартцни танқид қилмоқда

АҚШ Конгрессидаги украин кокуси ҳамраисларидан бири Марси Каптур Спартцнинг чиқишларини танқид қилди

Виктория Спартцнинг ҳамкасби, Вакиллар палатасига демократлардан сайланган Марси Каптур ҳам уни танқид қилди. Каптур АҚШда яшаган украиналик муҳожирларнинг фарзанди ва ҳозирда Конгрессдаги Украина бўйича депутатлар гуруҳи етакчиси. Унинг айтишича, Украина тирик қолиш учун курашишда давом этар экан, АҚШ Зеленскийни қўллаб-қувватлайди.

«Уруш вақтида Украина ҳукумати вакилларига ишончсизлик билдирганлар фақат Путин ва унинг пропагандаси учун хизмат қилади. Иттифоқчи сифатида Зеленский ва унинг жамоаси билан урушни охиригача етказиш учун ҳаракат қиламиз», дейди Каптур.

Спартц Ермак истеъфога чиқиши кераклигини айтмоқда

11 июлдаги янги чиқишида Спартц Андрей Ермакнинг истеъфосини талаб қилиб, Украина ҳукуматини армияга кўпроқ ёрдам беришга чақирди. Унинг айтишича, Киев айнан Ермакнинг раҳбарлида жанг майдонида қаҳрамонлик кўрсатаётган армия аскарларини қўллаш ўрнига сиёсат билан шуғулланиб ўтирибди.

«Андрей Ермак виждонли сиёсатчи бўлса, Украина ҳукуматини Россия ҳеч қачон ҳужум қилмаслигига ишонтиргани учун қишдаёқ ишдан кетган бўларди», деган Спартц Зеленский маъмурияти раҳбари ишдан кетиши кераклигини таъкидлар экан. Спартц Украинага юборилган қуролларни алоҳида ташкилот назорат қилиши шартлигини айтган ва бу вақтни чўзиши ҳақидаги фикрларга қарши чиққан.

Спартц Ермак истеъфога чиқиши кераклигини айтмоқда. Фото: NURPHOTO

11 июл куни, Спартц хоним истеъфосини талаб қилган кунда Ермак АҚШ президентининг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Жек Салливан билан музокаралар ўтказди. Бу борада депутат твиттердаги саҳифасида пост қолдирди. «Умид қиламанки, жаноб Салливан Киевда Кобулдагидан яхшироқ ҳаракат қилади», деб ёзди АҚШ кетгач Афғонистонда хаос бошланганига ишора қилиб.

Шов-шувли интервю

Ўша куни Виктория Спартц «Европа ҳақиқати» нашрига интервю берди. Суҳбат давомида депутат Ермак ҳақидаги маълумотларни Украинадан эмас, бошқа жойдан олганини айтди. Унинг қўшимча қилишича, АҚШда республикачилар ва демократлар орасида Украинага ёрдам сифатида катта маблағлар юборишга қаршилар кўп, гарчи демократлар бундай чиқишлар қилмаган бўлса-да.

Унинг фикрича, Конгресс Украинага юборилаётган ёрдам устидан назоратга эга бўлиши керак. «Бизнинг пулларимиз қаерга кетаётгани ҳамма каби мени ҳам қизиқтиради. Шу сабаб менинг президентим менга ҳисоб бериши керак. Нима қилишни ўзлари билишади, лекин Украина ҳозир биз билан келиша олмаса, ҳозир уларга ишониш мумкинлигини Конгресс ҳис қилмаса, уларда кейинчалик катта муаммолар пайдо бўлади», дейди у.

Конгрессвуменнинг фикрича, АҚШ томонидан юборилаётган қуроллар Россияга ва ҳатто Сурияга бориб қолиши мумкин, шу сабаб Конгресс бу борада назоратни қўлга олиши керак. У Украина фақат Ғарбнинг ёрдамига кўз тиккани, урушга тайёрланмаганини ҳам танқид қилган.

«Сиз урушга тайёрланмаганингиз етмагандай ўзингизни худди уруш бўлмаётгандек тутяпсиз, ҳаммасини сиз учун Ғарб қилиб беришини кутяпсиз. Киевда уруш шарққа кўчганидан хотиржам бўлган одамлар бемалол ресторанларда ўтиришибди. Лекин сиз шундай катта уруш ичидасизки, бутун мамлакат, бутун саноат ва ишлаб чиқариш унга қаратилган бўлиши керак. Аммо қандай танлов қилишни ўзингиз биласиз», деган депутат.

Спартц хоним АҚШ президенти манзилига ҳам танқидларни ёғдирар экан, Байден нима хоҳлаётганини ўзи ҳам билмаётганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, Киев ҳукумати ҳудудларга мудофаа учун етарлича қурол бермаяпти.

АҚШ Давлат департаменти Спартцнинг баёнотига жавоб берди ва Украина қуроллар бошқа давлатга тушиб қолмаслигини таъминлай олишини билдирди.

Спартцнинг баёноти нимани ўзгартиради?

Украиналик экспертлар Спартцнинг фикрларини таҳлил қилишди. Одесса миллий университети доценти Володимир Дубовикнинг айтишича, Виктория Спартц узоқ вақт Украинага ёрдам миқдорини оширишни талаб қилган анъанавий республикачилар ва Украинага ёрдам миқдорини шубҳа остига олган Доналд Трамп тарафдорларидан бирини танлашда иккиланиб юрган. Эксперт республикачилар вакили бўлган 11 нафар сенатор ва Вакиллар палатасининг 57 нафар аъзоси Украинага 40 миллиард доллар миқдорида ёрдам бериш тўғрисидаги қонунни маъқулламаганини эслатган.

Дубовикнинг фикрича, Спартц ғоявий жиҳатдан трампчиларга яқин ва сайловда ҳам айнан шундай ғоялар ёрдамида ғалаба қозонган. Трамп тарафдорлари эса уруш бошланганидан буён АҚШ Украинага бунчалик катта миқдорда ёрдам юборишига қарши бўлиб келмоқда. Экспертнинг айтишича, Спартцнинг «Украинага бу тартибда ёрдам бериб бўлмайди, у ерда коррупция урчиган» деб айтган гаплари трампчиларнинг талвасасини эслатади. Украиналик доцент Спартц хоним бу ишларни ноябрдаги сайловларда ғалаба қозониш ва шов-шув кўтариш орқали Трамп тарафдорларининг эътиборига тушиш учун қилаётган бўлишини истисно этмади.

«Ҳаммаси 2019 йил Украинага ёрдамни кечиктиришдаги воқеаларни эслатмоқда. Фақат унда барчасини Трампнинг ўзи Руди Жулиани орқали тўхтатиб қўйганди. Жорий ҳолатда эса Вакиллар палатасининг биргина аъзоси қаршилик қилмоқда. Ҳозирча», дейди Дубовик.

Экспертнинг қўшимча қилишича, Украинадан фарқли ўлароқ АҚШда Спартцнинг чиқишларига деярли эътибор беришмаган.

«Унинг чиқиши ҳозирча Украина учун муаммо туғдираётгани йўқ. Аммо Спартц хоним ишга Трампниг тарафдорлари бўлган бошқа сиёсатчиларни ҳам аралаштирса, улар «сафимизда украиналик сиёсатчи бор, шунинг учун Украина қуролларни сотиб юбориши мумкинми йўқми – текшириш керак» деган иддао билан чиқса, бу масала Конгрессда кўтарилса, мана бу чинакам муаммога айланади», дейди эксперт.

Экспертнинг фикрича, Херсонни топширишда Ермакнинг қандайдир айби бўлгани ҳақида далилга эга бўлса, уни кўрсатиши керак, аммо депутат бундай қилмаган. Россия билан музокаралардаги муваффақиятсизлик ҳақида гап ҳам асоссиз, чунки Россия музокараларга деярли йўл бергани йўқ.

Дубовик америкалик депутатнинг Украинага юборилаётган ҳарбий ёрдам устидан назорат йўқ дегани айбловини ҳам асоссиз деб атаган. Унинг айтишича, АҚШ Украинага юбориши айтилган қуролларни АҚШнинг ўзида сотиб олади, ёрдам Украинага пул кўринишида бормайди. Аммо бу ерда эксперт «ўтлаб кетган», чунки Виктория Спартц Украинада қурол учун юборилган пуллар «туя қилиниши»дан эмас, Украинага юборилган қуроллар Россияга ва ҳатто Сурияга бориб қолишидан хавотирда эканини билдирган.

Эксперт Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермакнинг таъсири чиндан фавқулодда катта эканини тасдиқлаган, аммо Спартцнинг ҳарбий жиҳатдан АҚШга боғлиқлик борасидаги эътирозларига қўшилмаган. «Биз уруш ҳолатидамиз ва чиндан АҚШдан келадиган ёрдамга муҳтожмиз. Бу уринишлар давлатлар ўртасига нифоқ солишдан бошқа нарса эмас», деган Дубовик.

1 март куни Спартц Конгрессда Украинага ёрдам кўрсатишни сўраб ҳиссиётли нутқ сўзлаганди

Яна бир эксперт Александр Краевнинг фикрича, Спартц Трамп тарафдори бўлган республикачиларга ўхшамайди, ғоявий жиҳатдан рейганчи республикачиларга яқинроқ. Краевнинг айтишича, Спартц АҚШ республикачилар партияси етакчиларидан бирига айланиб олиши ҳам мумкин, чунки мамлакатда Украина масаласи жуда муҳим ҳисобланади.

Краев америкалик конгрессвумен АҚШдаги Украинага ёрдам ва Россияга қарши санкциялар бўйича барча қонун лойиҳаларини қўллаганига эътибор қаратиб, шу сабаб унинг юборилаётган қуроллар назорати бўйича таклифи мантиқан тўғри эканини айган. Экспертнинг фикрича, рейганчи республикачилар урушда Украина ғалаба қозонишини истаётгани сабаб Украинага ёрдам қанчалик самарали экани ҳақида бош қотирмоқда. Шунингдек, Краев Зеленский маъмуриятидаги «норасмий иерархия» борасида америкаликлар 3 йилдан буён савол бериб келаётганини эслатган.

АҚШнинг ҳарбий ёрдами устидан назорат органи ташкил этиш тажрибаси янги эмас, 2001-21 йилларда америкалик солиқ тўловчилар ҳисобидан АҚШ Афғонистонга жуда катта ҳарбий қуроллар юборган ва уларнинг назорати ўрнатилган. Бундай назоратни Конгресс амалга оширади.

Краевнинг фикрича, Виктория Спартц Украина масаласидаги ушбу шов-шувли чиқишларини разведка маълумотларисиз бошламаган бўларди. «Катта эҳтимол билан, унга бу маълумотларни махсус хизматлар берган. Бу Спартц учун ҳам, президент маъмурияти билан зиддиятга боришни истаётганлар учун ҳам фойдали», дейди Краев.

Эксперт АҚШ томонидан юборилган қуроллар чиндан назорат қилинмаслигини қайд этган. Қуроллар икки мамлакат мудофаа вазирликлари ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган ҳолда жойлаштирилмоқда, холос. Краев депутатнинг чиқишидан кейин бу иш катта минбарларга кўтарилиши ва Украинага қурол юборилишига таъсир қилишига шубҳа билдирган.

«Аммо Украина томони бу мавзуга эҳтиёт бўлиб ёндашиш керак. Афсуски, ҳозирча уларнинг ҳаракатларида эҳтиёткорлик кўринмаяпти. Украина ТИВнинг баёноти Ғарбда damage control деб аталувчи дипломатияда зарарни максимал камайтириш сиёсатига зиддир», деган эксперт.

Эксперт бу борада энг тўғри йўл суриштирув борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш деб ҳисоблайди – агар бу таклиф давлатлар даражасида қўллаб-қувватланса.

Мавзуга оид