Иқтисодиёт | 17:32 / 22.07.2022
15561
2 дақиқада ўқилади

Мамаризо Нурмуродов: “Йилнинг иккинчи ярмида энергия нархлари ошишини кутмаяпмиз”

Ўзбекистон Марказий банки йилнинг иккинчи ярмида электр ва газ тарифлари ошишини кутмаяпти ва шунга асосланиб 2022 йилдаги инфляция 12 фоиз бўлишини прогноз қилмоқда. Аввалроқ ҳукумат тарифларни оширишни номаълум муддатга кечиктирган эди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда июл ойидан электр энергияси ҳамда табиий ва суюлтирилган газ нархлари оширилиши кутилган эди, бироқ ҳукумат бу борадаги режаларни номаълум муддатга кечиктирди.

Kun.uz мухбири 21 июлдаги матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовдан энергетика тарифлари ўзгармай қолишини қандай баҳолаши ва тарифларнинг инфляцион кутилмаларга таъсири ҳақида сўради.

Маълум бўлишича, Марказий банк йил охиригача инфляция даражаси 12-14 фоизлик коридорнинг қуйи чегараси атрофида шаклланиши бўйича прогнозида энергия нархлари ошишини ҳисобга олмаган.

“Йил охиригача инфляция 12 фоиз доирасида шаклланади деганда тарифлар йилнинг иккинчи ярмида ўзгаришини ҳисобга олмадик. Яъни биз ўзимизнинг ҳисоб-китобларимизда тарифлар бугунги кун даражасида маълум бир корректировка бўлиши мумкин,(ҳокимиятлар ва бошқалар берадиган ички локал тарифлар бор), бироқ ҳукумат даражасида биз тарифлар йил охиригача ўзгармаса керак, деган мулоҳазадан келиб чиқиб, 12 фоизлик прогнозни белгиладик”, – дейди Нурмуродов.

Унга кўра, Марказий банк май ойидаги ҳисоб-китобларида тарифлар ўзгариши инфляцияга 2 – 2,4 фоиз таъсир қилишини кутган.

“Ҳозир бу таъсир ўз-ўзидан минималлашиб, бизга 12 фоизлик инфляцияни хулоса қилишга имкон берди”, – дейди МБ раиси.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк бошқаруви 21 июл куни йиллик асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 15 фоиз даражасида белгилади.

Регулятор ЯИМ бўйича кутилмаларни ҳам яхшилади – йил якуни бўйича ЯИМнинг реал ўсиши 5,0-5,5 фоиз атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда (аввалги прогноз 3,5–4,5 фоиз эди).

Инфляция бўйича 2022 йилга 7-8 фоизлик, 2023 йилга 5 фоизлик таргетлар мос равишда 2023 ва 2024 йилларга кўчирилади.

Мавзуга оид