Жаҳон | 16:59 / 22.07.2022
29415
5 дақиқада ўқилади

МИ-6: Россия армияси бўшашмоқда, Украина қарши ҳужумга ўтиши мумкин

Британия ташқи разведкаси МИ-6 раҳбари Ричард Мур яқин ҳафталар ичида Россия қўшини фронтга янги ҳарбий хизматчилар ва қурол-яроғ жўнатиши тобора қийинлашишини таъкидлади. Унинг фикрича, бу Украина учун қарши ҳужумга ўтиш ойнаси очилишини англатади.

Фото: EPA

МИ-6 раҳбари Ричард Мур Американинг Колорадо штатидаги Аспен шаҳрида ўтказилган Хавфсизлик бўйича форум чоғида Россия ўзининг дастлабки мақсадлари - Украина президентини четлатиш, Киевни эгаллаш ва Ғарб мамлакатлари бирлиги парчаланишига эриша олмаганини эпик муваффақиятсизлик деб атади.

«Бизнинг баҳоларимизга кўра, яқин ҳафталарда россияликларда фронтга юбориш учун жонли куч, қуроллар ва ҳарбий техникалар топиш янада жиддий муаммога айланади. Ўйлайманки, улар тез орада ҳолдан тояди. Улар қандайдир танаффус қилишига тўғри келади ва бу украинларга жавоб зарбаси бериш имкониятини тақдим этади», — дея Мурнинг сўзларини келтирган BBC News.

У Россия босқинини Европада Иккинчи жаҳон урушидан кейинги энг даҳшатли тажовузкорлик акти деб атаган.

Июл ойи бошида Лисичанск эгаллангач, РФ армияси оператив пауза эълон қилганди, аммо бир неча кун муқаддам Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу қўшинларга ҳаракатларни фаоллаштиришга буйруқ берди. Сўнгги уч ҳафтада россиялик ҳарбийлар бирор муваффақиятга эриша олмади, хусусан уларнинг асосий кучлари тўпланган Донецк ва Луҳанск областларида ҳам.

Украина ва унинг иттифоқчилари РФ армияси бўшашганини Ғарб томонидан етказиб берилган узоқ масофага отувчи артиллерия, хусусан АҚШнинг HIMARS баравар ўт очиш тизимлари қўлланаётгани билан боғлаган, Украина қуролли кучлари бу тизимлар орқали россияликларнинг фронт ортидаги ўқ-дори омборлари ва бошқарув пунктларига муваффақиятли зарбалар бермоқда. Шу тариқа, Россия армиясининг ўт очиш кучи бўйича устунлиги йўққа чиқарилмоқда.

Аспендаги форум чоғида Мур Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс томонидан келтирилган Россия армиясининг 15 минг ҳарбийси Украина тупроғида ҳалок бўлгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлаган.

Фото: DANIEL BAYER/Getty

Аммо Мур бу маълумотни «катта эҳтимол билан, консерватив ҳисоблар» деб атаган.

«Бу тахминан улар 1980-йилларда Афғонистондаги урушда йўқотган одамлар сонига тенг. Ва булар Санкт-Петербург ёки Москвадаги ўрта синф вакиллари бўлган йигитлар эмас. Бу бечоралар Сибирдаги ишчилар шаҳарчаларидан келган йигитлар. Улар орасида миллий озчиликлар вакиллари сони жуда кўп. Булар тўпга ем қилинган аскарлар», деган Британия ташқи разведкаси раҳбари.

Бёрнснинг баҳоларига кўра, Украинадаги урушда Россия армиясининг яна 45 минг аскари ярадор бўлиб сафдан чиққан.

Украина РФ армиясининг 38,5 мингдан ошиқ ҳарбийси ҳалок бўлганини иддао қилади. Россия ўз йўқотишлари тўғрисида сўнгги бор 25 март куни хабар берган: ўшанда мудофаа вазирлиги урушда 1,3 минг ҳарбий ҳалок бўлганини айтганди, аммо экспертлар бу рақамлар ҳақиқий ҳолатдан бир неча баробар пастлигини айтишганди.

BBC очиқ манбалар орқали тасдиқланган маълумотларга кўра, Россия армиясининг 5 мингга яқин ҳарбийси ўлими расман тасдиқланган. Аммо бу Донбассдаги «республика»лар кучлари йўқотишларини ўз ичига олмайди.

Россия ҳарбийлари Луҳанск областининг сўнгги йирик шаҳри Лисичанскни июл ойи бошида эгаллаганди.
Sergei Ilnitsky / EPA / Scanpix / LETA

Канадада эса Россия энди ҳарбий салоҳиятга эга эмаслиги айтилди. Украина разведкаси Россия қўшинлари ўз ракеталарининг 60 фоизини ишлатиб бўлганини хабар қилган

Шу каби фикрлар 21 июл куни Канада қуролли кучлари томонидан ҳам билдирилди. «Шахсий таркиб ва техника бўйича жиддий йўқотишлар туфайли Россия Украинадаги амбицияларини амалга ошириш учун етарли даражадаги ҳарбий салоҳиятга эга эмас», — дейилади канадалик ҳарбийлар маълумотида. Канада томони фикрича, Россия ўз стратегик мақсадларини қисқартиришига тўғри келади.

Канада ҳукумати шу тариқа РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавровнинг сўзларига муносабат билдирди, вазир 20 июл куни Россиянинг Украинадаги «махсус амалиёти» географияси ўзгаргани, энди у нафақат «ДХР» ва «ЛХР» ҳудудини, балки Украинанинг босиб олинган Херсон ва Запорижжя областлари ҳудудлари ва «бошқа қатор ҳудудлар»ни ҳам қамраб олишини айтганди.

Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси 21 июл куни россиялик ҳарбийлар босқин бошидан буён ўз захираларидаги ракеталарнинг 55-60 фоизини сарфлаб юборганини даъво қилди.

Америкадаги Урушларни тадқиқ қилиш институтидагиларнинг ҳисоблашича, «россияликларнинг ҳозирги оператив темпи расман оператив танаффус эълон қилинган 7-16 июл кунларидагидан фарқ қилмаяпти». Қайд этилишича, 21 июл куни Россия кучлари «қуруқликда бир неча локал ҳужумлар уюштириш» билан чекланган.

Мавзуга оид