Ўзбекистон | 08:35 / 23.07.2022
18785
3 дақиқада ўқилади

Мактабларда педагогик ставкаларни қисқартириш юзасидан ҳеч қандай ишлар олиб борилмаяпти - Иқтисодий тараққиёт вазирлиги 

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги умумтаълим муассасаларида битта синфдаги ўқувчилар сонининг 36 нафардан 40 нафаргачани ташкил этиши ва ушбу ҳолат таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши юзасидан билдирилаётган эътирозлар бўйича изоҳ билан чиқди.

Фото: yuz.uz

Қайд этилишича, бугунги кунда республика бўйича умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сони тўлиқлиги ўртача 25 нафарни ташкил этади. Айрим мактабларда ушбу кўрсаткич 40 нафар бўлса, айримларида 20 нафарни ташкил этади. 

Ушбу кўрсаткич бўйича Тошкент шаҳрида синфлардаги ўқувчилар сони тўлиқлиги ўртача 31 нафарни ташкил этади. Алоҳида таълим муассасалари кесимида олиб қаралганда, 78 та мактабда синф тўлиқлиги 30 нафардан кам бўлса, 23 та мактабда синфлардаги ўқувчиларнинг ўртача сони 35 нафардан 40 нафаргачани ташкил этмоқда. 

Билдирилишича, шу билан бирга, ҳозирги вақтда умумтаълим мактабларида айрим фанлардан ўқитувчиларнинг етишмовчилиги юзага келмоқда. Умумтаълим мактабларида жами 500 мингдан ортиқ ўқитувчи фаолият юритса, шундан бугунги кунда 20 фоизи 1,0 дан ортиқ педагогик ставкада ишлайди.

Аҳоли сонининг ўсиш кўрсаткичлари инобатга олинса, кейинги 5 йилда мактаб ўқувчиларнинг сони 7,7 миллион нафарни ташкил этиши ёки бугунги кундаги кўрсаткичга нисбатан 1,5 миллион нафарга ортиши кутилмоқда. 5 йилда мактаб ўқувчилари сонининг ушбу тарзда ўсиши фонида педагогик ставкалар сони ҳам шунга мутаносиб равишда кўпаяди.

“Ўқув дастурини такомиллаштириш бир кунлик масала эмас. Бу масала таълим соҳасидаги ислоҳотлар доирасида ўқитувчилар, мутахассислар ҳамда халқаро экспертлар иштирокида кенг муҳокамадан ўтиши зарур. Агар ушбу муҳокамалар доирасида умумтаълим мактабларида ўқув дастурини мақбуллаштириш хулосасига келинса, шунга тегишли равишда ўқитувчиларнинг педагогик юкламаси миқдори ҳам халқаро тажрибадан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқилиши зарур”, дейилади вазирлик маълумотида.

Қайд этилишича, бугунги кунда умумтаълим мактабларида педагогик ставкаларни қисқартириш юзасидан ҳеч қандай ишлар олиб борилмаяпти.

Бундан олдин бош вазир ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров синфларда ўқувчилар сонини камайтириш борасида депутатлар саволига жавобан, кўриладиган чоралар қаторида дарслар сонини ҳам кескин қисқартиришни таклиф қилганди. 

“Ўзбекистон дарслар сони бўйича дунёда биринчи ўринда туради”, деди Қўчқоров.

Мавзуга оид