Спорт | 12:21 / 23.07.2022
13857
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон терма жамоаси бирорта гол ўтказмасдан аёллар ўртасидаги халқаро турнир ғолиби бўлди

Терма жамоа сардори Нилуфар Қудратова турнирнинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Шунингдек, у бешта голи билан мусобақа тўпурарига айланди.

Фото: Тожикистон футбол федерацияси

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Марказий Осиё футбол уюшмалари (CAFA) чемпионати ғолиби бўлди. Ҳал қилувчи баҳсда ҳамюртларимиз Эрон аёллар терма жамоасини мағлубиятга учратишди. Учрашувдаги ягона гол ўйин тугашига беш дақиқа қолганда Мафтуна Шойимова томонидан киритилди.

Шу тариқа Ўзбекистон олтин, Эрон кумуш медал соҳиби бўлди. Бронза медали эса туркманистонлик аёл футболчилардан устун келган Қирғизистон терма жамоасига насиб этди. Мусобақага мезбонлик қилган тожикистонликлар сўнгги ўриндан жой олишди.

Марказий Осиё футбол уюшмалари чемпионати 8-20 июль кунлари бўлиб ўтди. Мусобақа регламентига кўра бешта мамлакат жамоалари бир доира тизимида ўзаро бир-бирларига қарши тўп суришади. Ғолиб тўпланган очколар сони (очколар тенг келиб қолганда тўплар нисбатига қаралади) бўйича аниқланади.

Чемпионат давомида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси – 12, Эрон – 9, Қирғизистон 4, Туркманистон 2, Тожикистон 1 очко жамғарди.

Мусобақанинг Fair Play соврини эронлик спортчиларга тақдим этилди. Туркманистон термаси турнирнинг махсус соврини билан тақдирланди.

Ўзбекистон аёллар терма жамоаси сардори Нилуфар Қудратова халқаро мусобақанинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Шунингдек, у бешта голи билан чемпионат тўпурарига айланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон термаси турнир давомида ўз дарвозасидан бирорта ҳам тўп олиб чиқмади. Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Эрон (1:0), Туркманистон (6:0), Қирғизистон (7:0) ва Тожикистон (6:0) терма жамоаларидан устун келишди. Тўплар нисбати – 20:0.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Ўзбекистон аёллар олимпия терма жамоаси, 2021 йилда эса 20 ҳамда 17 ёшгача бўлган қизларимиз CAFA турнир ғолиби бўлганди.

Мавзуга оид