Самарқанддаги қўзиқоринсимон бино бузилиши керакми: олимлар ва мутахассислар фикри
Самарқанд тумани Жўйсой маҳалласида ҳеч қандай ҳужжатларсиз барпо этилган ва мустаҳкамлиги шубҳа остига олинаётган 12 қаватли меҳмонхона масаласи ҳамон кун тартибида турибди.
Бу бинонинг зарур хавфсизлик талаблари ва шаҳарсозлик меъёрларига жавоб бермаслиги ҳақида дастлаб қурилиш вазирлиги ўз муносабатини эълон қилди. Чунончи, вазирлик «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ ва Самарқанд вилоят қурилиш назорати инспекцияси ходимлари томонидан 2022 йил 6 май куни бинонинг сейсмик ҳолати ўрганиб чиқилиб, бинонинг ҚМҚ, ШНҚ талабларига жавоб бермаслиги ва колонналарнинг айрим жойлари дарз кетганлигини кўрсатиб, бинони бузиш бўйича хулоса берилганини қайд этган.
Самарқанд вилоят қурилиш назорати инспекцияси ҳам бу бинонинг техник ҳолати ҳақида матбуот анжумани ўтказган эди.
Шундан сўнг Kun.uz сайтида ушбу бинони қурган тадбиркор Фурқат Халилов билан катта интервью эълон қилинди. Тадбиркор бинони қандай барпо этганини ҳикоя қилиб, сўнгги йилларда уни ҳужжатлаштириш билан боғлиқ тўсқинликларга дуч келаётганини айтиб берган эди.
Ниҳоят, Қурилиш вазирлиги қурилиш соҳаси соҳа мутахассислари, олимлар иштирокида Самарқанд вилоят қурилиш бош бошқармасида ушбу бинонинг мустаҳкамлиги ва қонунийлиги билан боғлиқ масалаларга ойдинлик киритиш учун катта матбуот анжумани ташкиллаштирди.
12 қаватли меҳмонхона биносининг техник ҳолати ҳақида дастлаб Самарқанд вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Лазиз Ҳамидов ўз фикрларини билдирди. Бошқарма бошлиғи бино шаҳарсозлик нормаларига мутлақо жавоб бермаслигини таъкидлаб ўтиб, унинг мустаҳкамлиги ҳам савол остида эканига урғу берди. Чунончи, бинодан фойдаланишга рухсат берилса, унда қўшимча юклар пайдо бўлиши, қурилганига 6 йил бўлиб ҳали бўй кўрсатмаган нуқсонлар тезда пайдо бўлиб, бинода ишлаётган, яшаётган инсонлар, шунингдек қўни-қўшнилар ҳаётига хавф солиши мумкинлигини айтиб ўтди.
Шу сабабли, дастлаб бинонинг мустаҳкамлиги борасида соҳа мутахассислари ва олимлар, хулоса берган ташкилот ходимларига сўз берди.
Бинонинг мустаҳкамлигини шахсан ўзи визуал ва инструментал текшириб кўрган ва хулоса берган «Оғирсаноатлойиҳа» акциядорлик жамияти етакчи мутахассиси Абурайҳон Сафаев бинода жузъий камчиликлар борлиги, унинг мустаҳкамлигини компьютерда моделлаштириб ҳисобланганда хатоларга йўл қўйганини таъкидлади. Бинонинг сейсмик мустаҳкамлигини ҳисоблашда 7 баллик зилзилага ҳисоблангани, ҳудуд 8 баллик зилзила зонаси экани, қолаверса, амалда бинонинг муайян конструкцияси йўқлиги, ҳисоблашда эса ригелли тизим деб олингани, бинонинг 7-қаватигача ригел йўқлигини баён қилди.
ЎЗГАШКЛИТИ Тошкент филиали бино ва иншоотларни техник тадқиқ этиш бўлими мутахассиси Сарвар Абдужабборов «СВП МАСКАН» МЧЖ томонидан бинонинг мустаҳкамлиги ҳисобланган «Лира» дастурига маълумотлар тўғри киритилганини шубҳа остига олди. Дастур лицензионлиги ёки йўқлигига урғу қаратди.
Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти профессор-ўқитувчилари ҳам сўзга чиқиб, бинонинг мустаҳкамлиги борасида ўз фикрларини билдиришди. Жумладан, ўқитувчи Владимир Кондратьев бундай бинони атайдан ўйлаб топиш мумкинмас, деб баҳолади ва «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖнинг хулосасини тўлиқ қўллаб-қувватлаши ва бино бузиб ташланиши кераклигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг бинонинг ишчи лойиҳасини тузган «KONSTANT-PROYEKT» МЧЖ ташкилот раҳбарига сўз берилди. Раҳбар Одил Зиядуллаев кутилмаганда лойиҳани унга қарашли фирма ишлаб чиқмагани, устидаги муҳр унинг корхонасиники бўлса ҳам, имзо уники эмаслигини айтди.
Фурқат Халилов бино қурилиши 2012 йилда бошланиб, 2016 йилда якунлангани, японлар билан қилинган дастлабки лойиҳа ёниб кетгани, шундан сўнг 2017 йилда «KONSTANT-PROYEKT» МЧЖнинг филиалларидан бирида лойиҳа қайта тиклаганини айтиб ўтди.
Шунга қарамасдан, юқори қаватдаги ригелларда сўнгги текширувлар чоғида остки арматуралар сони лойиҳадагидек 4 дона эмас, 2 дона қўйилгани, ригеллар баландлиги лойиҳадагидек 400 мм эмас, 200 мм экани аниқланган. Бироқ шу лойиҳа асосида бинонинг мустаҳкамлигини ҳисоблаган «СВП МАСКАН» МЧЖ ҳам ҳисоб-китобларда арматуралар сонини 4 дона, баландлигини 400 мм деб олгани қайд этилди.
Қурилиш бошқармаси бошлиғи Лазиз Ҳамидов ноқонуний қурилаётган бино нега ўз вақтида аниқланиб, унинг қурилишини тўхтатиш бўйича зарур чоралар кўрилмагани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.
Унинг айтишича, ноқонуний қурилаётган бинони тўхтатиш ва бузиш борасида хатти-ҳаракатлар 2016 йилдан буён олиб борилмоқда. Тадбиркорга огоҳлантириш хати берилган, иш судга оширилган. Суд жараёни ҳамон давом этиб келмоқда экан.
Самарқанд вилоят қурилиш назорати инспекцияси бошлиғи Саъдулла Зиёдуллаев бино ҳеч қандай хавфсизлик меъёрларига тўғри келмаслиги, уни бузиш лозимлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.
Бинони инструментал текширувдан ўтказиб, унинг мустаҳкамлиги борасида тўрт марта ижобий хулоса берган СамДАҚИ темир-бетон конструкциялар кафедраси мудири, доцент Валиаҳмад Усмоновга кўра, бинонинг умумий мустаҳкамлиги жойида. Бу ҳисоб-китоблар воситасида аниқлаган. Бинонинг кучайтирилиши зарур бўлган конструкциялари борасида тавсиялар берилган. Тавсияларга кўра, бинода кучайтириш ишлари олиб борилган, чунончи 5-қаватдаги консоллар остига кучайтирувчи ва ушлаб турувчи тиргак устунлар ўрнатилган.
В.Усмонов ташқи томондаги тиргак устунлардаги ёриқлар бинонинг оғирлигидан эмас, кейинчалик чўкиши натижасида ҳосил бўлганини урғулади.
Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти Қурилиш механикаси кафедраси доценти Собир Тошев ҳар иккала хулосага қисман қўшилиши, бинонинг мустаҳкамлигини сақлаб қолиш мумкин бўлгани, бироқ маслаҳатлар қурувчи томонидан инобатга олинмагани тўғрисида гапирди.
Чунончи у, бинода ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мутлақо риоя қилинмаганини таъкидлаб, ушбу бинони бузиш тарафдори эканини, бироқ «Ўзоғирсаноатлойиҳа» АЖ томонидан берилган хулосалар етарли эмаслигини айтиб ўтди.
Собир Тошев бинони ташқи томондан ядро қўйиб, ёки қўшимча бинолар билан қисиб мустаҳкамлигини ошириш, қулашдан сақлаб қолишнинг амалда имкони борлиги, бироқ бунда тадбиркорнинг кўпроқ пули кетиши, шу сабабли энг яхши ҳолатда унинг қаватлари сони камайтирилиши кераклигини таъкидлаб ўтди.
«Қишлоққурилишлойиҳа» МЧЖ бош конструктори Шерзод Одилов бинонинг мустаҳкамлиги борасида узил-кесил хулосага келиш учун Турин политехника институти филиалида мавжуд зилзила лабораториясидан фойдаланиш лозимлигини таъкидлаб ўтди. Яъни бинонинг мустаҳкамлигини аниқлаш учун маълум бир баллгача тебратиб кўришни таклиф қилди.
Жўйсой маҳалласида узоқ йиллардан буён истиқомат қилиб келаётган фахрийлардан Фурқат Халиловнинг амакиси ва қўшниси Олим Халилов агар бино мустаҳкамлик талабига жавоб бермайдиган бўлса, у бузиб ташланиши кераклиги, мутахассислар бино мустаҳкам деган якдил фикрга келишса, унинг қолишига қарши эмаслигини таъкидлаб ўтди. Агар, бино қолиши учун ён-атрофдаги уйлар бузилиши керак, деган хулосага келинса, у ўз уйини ҳеч қачон бўшатиб бермаслигини ҳам таъкидлаб ўтди.
Бир неча йил Россиядаги лойиҳалаш фирмаларида ишлаб келган Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти катта ўқитувчиси Алишер Бадалов ўзининг оташин чиқишида шаҳарсозлик нормалари ва талабларини бузганлик учун жавобгарлик борлигини эслатиб ўтди. У ўз нутқида бинонинг мустаҳкамлиги иккинчи масала эканлиги, энг аввало у шаҳарсозлик нормаларига тўғри келмаслиги учун ҳам бузилиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг йиғилишда иштирок этган барча бино қурилган маҳаллага бориб, жойида масалани ўрганишди. Бинога хулоса берган мутахассислар йўл қўйилган хато ва камчиликларни жойида кўрсатиб беришди.
Бинога қўшни турувчи маҳалла аҳлига ҳам микрофон тутдик. Улар фақат 4 қават қурилганда кадастр ҳужжатлари қилиниши учун розилик хати беришганини айтиб, шундан сўнг яна 8 қават кўтарилганини баён қилишди. Агар бино мустаҳкамлигига мутахассислар кафолат берсагина унинг қолдирилишига қарши эмаслигини айтишди. Акс ҳолда, уларга хавф туғдирадиган бўлса бузиб ташланиши лозимлигини таъкидлашди.
Фурқат Халилов бинони лойиҳа ҳужжатларисиз ва ўзбошимчалик билан қургани учун барчадан узр сўраб, раҳбарлардан уйи ёнидаги 2 гектарга яқин узумзорни аукционга чиқариб беришни, у ердан ер участкалари сотиб олиб, ён-атрофидаги қўшниларни у ерга ўз ҳисобидан мустаҳкам уй қуриб бериб кўчиришда амалий ёрдам сўради.
Яъни Фурқат Халилов шунча вақт, маблағ ва меҳнат сарфлаб қурган биносини бузиб ташламоқчи эмас. У шаҳарсозлик нормаларига кўра, ўзи қурган бино атрофидаги 45 метр радиусдаги қўшниларини шу яқинга кўчириб, бинони ташқи томондан мустаҳкамлаб, сақлаб қолмоқчи.
Айни пайтда ушбу бинонинг талабларга зид равишда қурилгани юзасидан суд мажлиси давом этмоқда. Даъвогар — Самарқанд туман ҳокимлиги бино белгиланган қонунчилик ва хавфсизлик талабларга мутлақо тўғри келмаслигини важ қилиб, уни бузиш учун даъво аризаси киритган.
Kun.uz ушбу бино борасидаги воқеа ва янгиликларни кузатишда давом этади.
Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz журналисти
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев
Мавзуга оид
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
15:06 / 01.11.2024
Самарқанд вилоятида иситиш мавсуми 1 ноябрдан бошланди
10:59 / 25.10.2024
Самарқанд вилояти аҳолиси 4,3 млн кишига яқинлашди
15:49 / 02.10.2024