Жамият | 15:45 / 25.07.2022
24288
2 дақиқада ўқилади

15 суткага қамалган блогер Олимжон Ҳайдаров 2 кундан сўнг озод қилинди. Унинг шеригига чиқарилган қарор ўзгаришсиз қолди

Диний адоватни тарғиб қилувчи материаллар тарқатишда айбланиб, 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига тортилган фарғоналик блогерларнинг апелляция шикояти 24 июль куни ЖИБ Фарғона вилоят судида кўриб чиқилди. 

Олимжон Ҳайдаров ва Комилжон Аҳмедов / Фото: Facebook

Олий суд матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ЖИБ Қўқон шаҳар суди томонидан 22 июлда чиқарилган қарорнинг Олимжон Ҳайдаровга оид қисми бекор қилиниб, иш қўшимча суриштирув ўтказиш учун Қўқон шаҳар ИИБга юборилган.

Шундай қилиб, биринчи инстанцияда 15 суткага қамалган блогер орадан икки кун ўтиб озод қилинди. Суд ундан икки сутка маъмурий қамоқда сақланган куни учун 90 минг сўм қамоқ харажатлари ундириш бўйича ажрим чиқарган.

Биринчи инстанция суди қарорининг Комил Аҳмедовга тегишли қисми эса ўзгаришсиз қолдирилган.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган Олимжон Ҳайдаров ўзи билан бирга қамалган блогер Комил Аҳмедов ажримдан норози эканлигини, айни вақтда Олий судга кассация тартибида шикоят киритишни режалаштираётганини маълум қилди.

«Биринчи судда ҳам менга оид далиллар йўқ эди. Ўша пост остига мени исм-фамилиям қўйиб тарқатилган. Шу сабабли иш қўшимча суриштирувга қайтди.

Ҳозир Комил ака Олий судга кассация шикояти ёзмоқчи», - дейди Олимжон Ҳайдаров.

Эслатиб ўтамиз, 22 июль куни фарғоналик блогерлар Олимжон Ҳайдаров ва Комилжон Аҳмедовлар диний адоватни тарғиб қилувчи материаллар тарқатишда айбланиб, 15 суткадан маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Блогерлар томонидан тарқатилган пост матни Дин ишлари бўйича қўмитанинг экспертиза хулосасига кўра, давлат идоралари вакиллари фаолиятига нотўғри баҳо берилган ҳамда ислом динига эътиқод қилувчи фуқароларда христиан динига эътиқод қилувчи фуқароларга нисбатан диний адоватни тарғиб қилувчи хусусиятда, деб топилган эди.

Мавзуга оид