Спорт | 20:22 / 26.07.2022
13089
4 дақиқада ўқилади

“Бунёдкор”нинг Беларусдаги ўқув-машғулот йиғини қандай ўтди?

Фото: FC Bunyodkor

Ўзбекистон Суперлигасида мавсумнинг биринчи ярмидан сўнг юзага келган танаффусдан унумли фойдаланиб, “Бунёдкор” жамоаси 12-26 июль кунлари Беларус Республикаси пойтахти Минск шаҳрида иккинчи даврага пухта тайёргарлик жараёнини олиб борди.

Ўлкамиздаги жазирама иссиқни Минскдаги салқин ҳавога алмаштирган “қалдирғочлар” Қаҳрамон шаҳарда жуда ҳам қулай шарт-шароитларда машғулотлар олиб боришди, маҳаллий етакчи клублар билан бир қатор назорат ўйинларида иштирок этишди.

“Ушбу йиғинни бизга ташкил этиб бергани учун бош ҳомийимиз – “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятига ҳамда шахсан клубимиз президенти Меҳриддин Абдуллаевга бутун жамоамиз номидан миннатдорчилик изҳор этамиз. Йиғин ҳар томонлама фойдали ўтди. Ёз фасли бўлишига қарамай, бу ерда футбол учун ўта қулай об-ҳавода шуғулландик. Бу жабҳада футболчилар маза қилиб машқлар олиб боришди. Бошқа барча ташкилий масалалар ҳам аъло даражада муҳайё этилди. Спарринг рақибларимиз ҳам Беларус олий лигасидаги энг олди клублар бўлишди. Фақатгина “Арсенал” (Дзержинск) турнир жадвалида пастроқда бормоқда. Қолган уч рақиб – “Энергетик-БГУ” (Минск), “Ислочь” (Минск тумани) ва “Минск” клублари кучли бешликдан жой эгаллашган.

Уларга қарши турли натижаларни қайд этдик. Лекин, барчага аёнки, йиғиндаги учрашувларда натижа кўпроқ муҳим эмас. Асосийси, жамоа ўйини мазмунини, турли тактик схемаларни текшириб олиш, янги футболчиларни кўрикдан ўтказиш. Ўйлайманки, биз барчасига улгурдик. Ва мазкур йиғиндан ўзимиз учун керакли хулосалар чиқариб олдик. Бу ҳолат бизга иккинчи даврада роса асқатади, албатта. Ишончим комилки, Минск йиғини самарасини мавсумнинг кейинги ярмида шогирдларим майдонда чиройли кўринишда намоён этишади”, - деди таассуротлари билан ўртоқлашар экан жамоа бош мураббийси Виктор Карпенко.

“Бунёдкор” Минскда муҳташам ва айнан спортчиларга мослашган “Виктория Олимп” меҳмонхонасида истиқомат қилди. Машғулотлар шаҳардан ташқарида, ўрмонли салқин жойда олиб борилди. Дам олиш вақтларида эса бутун жамоа қаҳрамон шаҳардаги Комсомол кўли бўйлаб “Свислочь” теплоходида сайр қилган дамлар ҳам бўлди. Эътиборлиси, “Бунёдкор” бу йил ёзги йиғинни хорижда ўтказган юртимизнинг ягона жамоасига айланди.

Бевосита ўтказилган ўртоқлик ўйинларига тўхталадиган бўлсак, уларда қуйидаги натижалар қайд этилди:
16 июль.
 “Бунёдкор” - “Энергетик-БГУ” 2:2 (Умарали Раҳмоналиев 58, Жасур Ҳакимов 88 пенальтидан)
20 июль. “Бунёдкор” - “Арсенал” Дзержинск 0:1
23 июль. “Бунёдкор” - “Ислочь” 2:1 (Димитрие Побулич 30, Францис Нарх 72)
24 июль. “Бунёдкор” - “Минск” ФК 0:2

Мазкур учрашувларда бош мураббий Виктор Карпенко “Бунёдкор”га янги қўшилган уч нафар тажрибали футболчиларни ҳам кўздан кечириб олди. Сўнгги жамоаси Бекободнинг “Металлург”и бўлган таянч ярим ҳимоячиси Акбар Исматуллаевни кўпчилик мухлислар яхши билишади. “Пахтакор”дан келган бўйдор марказий ҳимоячи Жасур Ёқубов ҳам истеъдоди баланд футболчилардан ҳисобланади. Россиядан таклиф этилган ҳужумкор ярим ҳимоячи Павел Могилевецнинг тажрибасига эса умуман шубҳа йўқ. Яқин вақтларгача у Россия премьер-лигасининг “Зенит”, “Рубин”, “Ростов”, “Химки”, “Нижний Новгород” клубларининг етакчиларидан бири эди.

...Энди “Бунёдкор” Ўзбекистон Суперлигаси иккинчи даврасининг илк туридаги рақиби – “Сўғдиёна” жамоасига қарши учрашувга охирги тайёргарлик босқичини Тошкентда давом эттиради. Жиззахдаги ўйин эса 1 август куни бўлиб ўтади.

Мавзуга оид