Ўзбекистон | 17:15 / 27.07.2022
19366
6 дақиқада ўқилади

“Фермерлар маҳалламиз ариғига насос ўрнатиб олган” — Урганчдаги маҳалла сув муаммосидан қийналмоқда

Хоразм вилояти, Урганч тумани, Қипчоқ маҳалласи аҳолисининг бир қисми экинларини суғоришда қийналмоқда. Маҳаллага сув келтирадиган ягона ариқ билан боғлиқ муаммолар одамларни қийнаб қўйган. Аҳоли деҳқончилик, чорвачилик қилиш имконияти чекланиб бораётгани туфайли ташвишга тушиб, ёрдам сўрамоқда.

Фото: KUN.UZ

Урганч тумани, Қипчоқ маҳалласида 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Унинг чекка ҳудудида яшовчи одамлар кўп йиллардан буён томорқаларини суғоришда қийналмоқда. Гап сув танқислигида эмас, балки маҳаллага сув келтирувчи ягона ариқ билан боғлиқ муаммода бўлиб турибди.

Бу ҳақда маҳаллада истиқомат қилувчи 58 ёшли Ўктам Мавлонов шундай деди:

«Маҳалламизга Дўстлик каналининг 12-пикетидан сув берилиши керак. Каналдан маҳалламизга келувчи ягона ариққа бошқа маҳалла аҳолиси, баъзи фермерлар насос билан уланиб, сувни тортиб олмоқда. Оқибатда, 700 метрлик ариқнинг охиригача сув етиб бормаяпти. Ваҳоланки, Қипчоқ маҳалласи аҳолисининг 3/4 қисми шу ариқдан фойдаланиши, томорқасини суғориб, деҳқончилик қилиши керак. Насос ўрнатган фермерларда бошқа ариқ қазиш орқали каналга уланиш имконияти бор. Аммо улар маҳалламиз ариғига насос ўрнатиб олган. Оқибатда, ариққа сув келган пайтда томорқаларимизни суғориш имконсиз. 2-3 фермернинг боғи туфайли минглаб одамларнинг томорқасига қирон етяпти. Ерлар қақраб, экинлар қуриб ётибди. Боғларимизда мевалар тўкилиб қоляпти».

Сўнгги йилларда сув танқислиги боис, ҳар бир туманга лимит асосида сув берилмоқда. Аммо ўша лимит доирасида ариқларга сув келганида ҳам, Қипчоқ маҳалласи аҳолиси томорқаларини суғора олмаяпти. Бошқа маҳалла аҳолиси, фермерлар ўрнатган насослар туфайли бу имконсиз.

Бундан ташқари, маҳаллага сув келтирувчи ариқ билан боғлиқ бошқа муаммолар ҳам бор. Улар ҳақида 80 ёшли Ражаббой Сапаров шундай деди:

«15 йилдан буён ариқдан сув мунтазам келмай қолди. Томорқаларимизни сифатсиз ер ости сувлари билан суғоряпмиз. Бундай сув шўр бўлади. Хоразм вилояти шароитида ерларнинг шўрланиш даражаси юқори. Ҳар йили баҳорда далалар, томорқалар камида 2-3 марта бостириб суғорилмаса, шўри ювилмайди. Ер ости сувлари билан буни амалга ошириш имконсиз. Ариқ суви билан суғоришимиз керак, аммо бунинг иложи бўлмаяпти».

Ҳар қандай қишлоқ аҳолиси каби қипчоқликларнинг турмуш тарзи деҳқончилик билан боғлиқ. Одамлар томорқасига экилган сабзавотлар, полиз экинлари, мевали дарахтлар ҳосилидан фойдаланишади, қўшимча даромад олишади. Томорқадаги ўт-ўланлар билан қорамол, қўй, эчки боқишади. Бироқ, сувсизлик билан боғлиқ муаммо туфайли, бунинг имконияти камайиб боряпти.

Маҳалла оқсоқоллари сўзларига кўра, олдин деярли ҳар бир уйда чорва моллари боқилган бўлса, ҳозирда уларнинг сони бармоқ билан санарли даражада оз қолган. Сувсизлик туфайли молларни ем билан таъминлаш имкони бўлмаяпти.

Ариқ билан боғлиқ яна бир муаммо – унинг тобора кўмилиб, йўқолиб бораётганида.

«700 метрлик ариқ тобора кўмилиб боряпти, кейинчалик йўқолиб кетса керак. Биз уни ўз кучимиз ва маблағимиз ҳисобига қазиб, кенгайтириб, тозалатишга тайёрмиз. Аммо шунинг ҳам иложи бўлмаяпти», дейди Ўктам Мавлонов.

Гап шундаки, ариқ атрофига одамлар уй, молхона қуришган. Ўзбошимчалик билан электр симёғочлари ўрнатилган. Шунингдек, турли дарахтлар экиб ташланган. Оқибатда, ариқ атрофи торайиб, кичрайиб қолган.

«Ариқни қазиб, тозалатишга тайёрмиз. Аммо унинг атрофида экскаватор ҳаракатлана олмайди, чунки сиғмайди. Ариқнинг муҳофаза ҳудуди аллақачон одамлар томонидан эгалланган. Улар ушбу ҳудудга қурилган уйлари, молхоналарини қандайдир йўллар билан ҳужжатлаштириб олишган. Ахир катта маҳаллага сув келтирадиган ариқнинг муҳофаза ҳудудига уй қуриш мумкинми? Нега бу ҳудуд мутасадди ташкилотлар томонидан ҳимоя қилинмаган? Биз ариқ атрофига экилган дарахтларни ҳам кеса олмаймиз, чунки «Экология» дарҳол жаримага тортади», деб куйинади Ўктам Мавлонов.

Кўмилиб бораётган бўлса-да, ариқ орқали маҳалла ҳудудига сув келтириш имконияти ҳали йўқолмаган.

«Яқинда вилоятимизга олий мартабали меҳмонлар ташриф буюрди. Шунда ариқларимиз сувга тўлди. 2-3 марта бир амаллаб томорқаларни суғордик. Демак, ҳали имконият бор экан. Агар бошқа маҳалла фермерлари ўрнатган насослар олиб ташланса, ариқ тозаланса, бундан ҳам яхши бўлади. Сув сатҳи паст бўлган тақдирда ҳам маҳаллага етиб келади», дейди Ражаббой Сапаров.

Оқсоқоллар маҳалла аҳолиси номидан бу борада ёрдам сўраб вилоят ҳокимлигига, туман ҳокимлигига мурожаат қилишган. Аммо ҳозиргача вазият бир қадам ҳам олдинга силжимаган.

«Вилоят ҳокими қабулига, туман ҳокими қабулига бордик. Маҳалла раисига, ҳокимнинг маҳалладаги ёрдамчисига айтдик, фойдаси бўлмади. Турли ташкилотлардан келиб вазиятни ўрганишади, ёрдам ҳақида ваъда беришади. Қандайдир қоғозларга «Эътирозимиз йўқ» деб ёздириб, имзо чектиришади. Вазият эса ўзгармасдан қоляпти», дейди Ўктам Мавлонов.

Маҳалла аҳолиси қилган мурожаатларга келган жавоб хатлари мазмуни ҳам қизиқ. Мисол учун, Урганч тумани ҳокимлиги томонидан юборилган жавоб хатида «Урганч арна канали тўлиқ қазилиб, сув билан таъминлангани, маҳаллаларга сув навбатма-навбат берилиши» ҳақида ёзилган. Ваҳоланки, маҳалла аҳли мурожаатда сув сўрамаган, балки ариқ билан боғлиқ муаммонинг ҳал қилинишида ёрдам сўраган (Урганч арна каналини эмас).

Урганч тумани прокуратурасининг жавоб хатида «ариқ атрофига техниканинг кириши учун йўл очиб берилгани, ариқни қазиш ишлари бошлангани» тўғрисида ёзилган. Ваҳоланки, йўл ҳамон очилмаган, экскаватор ариқ атрофига киролмайди, қазиш ишларини бошлаш уёқда турсин.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид