Конституция қишлоқ хўжалиги ерларини хусусийлаштиришга тўсиқ бўлмаслиги керак
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштириш босқичига ниҳоят етиб келди. Бироқ тасодифни қарангки, шу улкан ислоҳот рўй берган 2022 йилда бошқа бир жиддий хатога йўл қўйилиши мумкин: расмийлар Конституцияга қишлоқ хўжалиги ерлари хусусийлаштирилишини имконсиз қилиб қўядиган нормаларни киритмоқчи.
Юристлар Илҳом Азизов ва Умида Ҳақназар Kun.uz учун ёзган мақоласида тарихга мўъжаз назар ташлаб, қишлоқ хўжалигининг мустамлакачилик шаклига таъриф берди ҳамда ер ислоҳотининг дунё тажрибасидаги намунавий моделларини санаб ўтди. Муаллифлар ер бошқарувининг социалистик услубларидан воз кечиши бўйича Ўзбекистон олдида турган вазифалар ҳақида сўз юритди.
Ер сайёрасида аҳоли сони ошган сари экин майдонлари қисқариб боряпти, шу билан бирга ер ҳосилдорлигини ошириш учун харажат ва инвестициялар тобора ўсиб боряпти. Айни пайтда, ерга эгалик ҳуқуқи ҳимояланмаган ва ерни олиб қўйиш таҳликаси сақланиб қолган ҳолатда, масалан, ижара ёки мулкчиликнинг мустаҳкам бўлмаган бошқа туридаги шаклида қишлоқ хўжалиги секторини молиялаштириш қийин бўлади.
Давлат томонидан қўриқланадиган ва таъминланадиган эгалик ҳуқуқи бўлмас экан, ишлаб чиқарувчилардан инвестициялар киритиш ва ер ҳосилдорлигини тиклаш бўйича уринишларни кутиш ўзини оқламайди. Ушбу оддий мантиқдан келиб чиққан ҳолатда, ерга эгалик ҳуқуқини тақдим этишни ҳар томонлама рағбатлантириш лозим, деган хулосага келиш мумкин.
Мустамлакачилик даври
Мустамлакачилар ер устидан назорат ва арзон ишчи кучи кераклигини яхши англаганлар – деҳқонларга ерга эгалик бўйича эркинлик таъминланадиган бўлса, уларнинг ўзлари фермерлик билан шуғулланишни афзал кўрадилар.
Қишлоқ одамларига ерга эгалик қилишда эркинлик ва уларга мустақил равишда хўжалик юритиш имкониятини бериш – даромадларнинг адолатли тарзда қайта тақсимланишига олиб келар, бу эса охир-оқибат мустамлакачиларга хизмат қиладиган феодалларнинг монополиясига ва арзон ёлланма ишчи кучлари ҳисобига максимал даражада даромад олиш имкониятига барҳам берарди.
Қайд этиш жоиз, булар нафақат мустамлакачилик режимларга, балки мустамлакачиликдан қутулган ривожланаётган мамлакатлар тарихига ҳам тааллуқлидир. Бу мамлакатларда маҳаллий элиталар экинзорларни ҳамда ўз манфаатлари йўлида иш кучларини худди мустамлака бўлган мамлакатлардаги каби назорат қилишар ва бунинг оқибатида қишлоқ жойларида қашшоқлик ва ерсизлик юзага келарди.
Маҳаллий элиталарнинг ер ресурслари устидан назорати муайян тарихий амалиётларнинг қўлланиши эвазига таъминланади. Масалан:
- Ҳосилдор/суғориладиган ерларга эгалик ҳуқуқи фақат ҳукмрон элиталар вакилларига тақдим этилади, қолганларга эса фақат унумдорлиги паст, инфратузилмалари умуман йўқ ёки ривожланмаган чекка ҳудудлардаги ер участкалари берилади.
- Йирик ер эгалари учун корпоратив солиқларни пасайтириш ёки бекор қилиш, уларнинг ёлланма ишчиларига ҳам худди шундай имтиёзлар бериш. Мустақил ва эркин деҳқонлар ҳамда уларнинг ёлланма ишчилари учун эса солиқларни кўпайтириб қўйиш. Бу каби иқтисодий сиёсат Ғарбий Европада феодализм даврида, Ўрта асрларда Япония, Хитой, Ҳиндистон ва Усмонийлар империясида ҳамда бошқа мустамлакачи давлатларда кенг қўлланган.
- Бозорлар, йўллар ва ҳоказо жамоатчилик бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқини фақат ҳукмдор гуруҳларнинг хўжаликларига тақдим этиш. Кўп ҳолларда бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини монополлаштириш билан бўлади. Масалан, Мозамбикда “празо” тизими ишчи ишлатишга, маҳсулотни бозорларга чиқаришга, ер ресурсларига монополияни ўз ичига олган эди. Кенияда мустамлакачи ҳукумат 1950 йилларгача маҳаллий туб аҳолига қаҳва етиштиришни тақиқлаб келган. Ҳозирги Малави ва Зимбабве ҳудудларидаги тамаки сотувчи Европа монополиялари мазкур мамлакатлар мустақилликка эришганидан сўнг йирик фермага айлантирилди. Баъзи ҳолатларда монополияларни сақлаб қолиш учун уларга тўғридан тўғри субсидиялар тўланган, натижада улар юқорироқ иқтисодий кўрсаткичларга эришган деҳқончилик хўжаликларига нисбатан рақобатда устун келган.
- Ўз-ўзини банд қилган деҳқонлар меҳнати зиддига чет мамлакатлардан жалб қилинган арзон меҳнатдан ёки қуллардан кенг фойдаланиш. Бу ҳолат мустақил хўжалик юритувчи майда ва ўрта хўжаликларни ташкил этишга тўсқинлик қиларди. Ушбу амалиётдан фойдаланиш ҳасиендаларни ташкил этишга олиб келди.
Ҳасиенда – бир қарашда озод, аммо заминдорга ишлашга мажбур “батрак”лар бириктирилган йирик хусусий ер хўжалиги.
Ҳасиенда – Жазоир, Миср, Кения, Жанубий Африка ва Зимбабведа, Боливия, Чили, Гондурас, Мексика, Никарагуа, Перу ҳамда Лотин Америкасининг бошқа мамлакатларида, шунингдек, Филиппинда, Пруссияда ва Шарқий Европанинг бошқа қисмларида узоқ вақт давомида энг янги тарих даврига қадар қишлоқ хўжалигини юритишнинг асосий шакли бўлиб қолди.
Ўзига тегишли ерида ишлаб, тирикчиликни ўтказиш имконияти бор экан, ишчи ва фермерлар йирик заминдорларнинг далаларида чорикорлик қилишдан, арзимаган пулга ишлашдан бош тортиб келишган. Деҳқонларни мустақил равишда фермер хўжалиги юритиш имкониятидан маҳрум қилиш ҳамда ҳукумат интервенцияларини қўллаш ҳисобига уларни йирик плантацияларда ёлланиб ишлайдиган арзон ишчи кучига айлантириш майда фермерларни рақобатдаги устунликдан мосуво қилар эди. Тор доирадаги йирик заминдорларнинг жуда катта фойда кўришларини таъминлаш мақсадида деҳқонларнинг катта гуруҳини арзимаган иш ҳақи эвазига ишлайдиган мардикорлар сафида ушлаб туриш сиёсати энг янги тарих давригача одатий ҳол бўлиб келди.
Ер ислоҳотлари моделлари
Ер ислоҳотини ўтказиш жараёнида (шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган) ер ислоҳоти турли вазиятларда турлича талқин қилиниши мумкин. Тарихдан ўрин олган ер ислоҳотининг икки моделини алоҳида ажратиш мумкин.
Бозор механизмларига асосланган биринчи моделга кўра, давлат ерни деҳқончилик (боғбончилик) қилиш учун аввалгига қараганда кичикроқ ўлчамларда сотиши ёки ижарага бериши мумкин (тақсимловчи ислоҳот).
Социалистик дея аталувчи иккинчи модел ишлаганда ерга биргаликда ишлов берилади, унинг узуфрукти (фойдаланиш ва даромад қилиш) кооператив, коллектив ва давлат фермалари ишчи-ходимлари томонидан биргаликда амалга оширилади (коллектив модел).
Биринчи модел – тақсимловчи модел доирасида турли мақсадли категориялар мавжуд, уларни қуйидаги асосий категорияларга ажратиш мумкин: “ижтимоий ер ислоҳоти”, “иқтисодий ер ислоҳоти”, “сиёсий ер ислоҳоти” ва “экологик ер ислоҳоти”. Реал ҳаётда улар тез-тез комбинацияланади, ўзида икки ва ундан кўпроқ унсурларни мужассамлаштиради.
Ижтимоий ер ислоҳоти
Ижтимоий ер ислоҳоти тарафдорлари қишлоқда ишсизликни қисқартиришни биринчи ўринга қўйишади, ислоҳотлардан камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий адолатга эришишга интиладилар. Улар аҳолиси зич жойлашган ҳудудлардаги вазиятни енгиллатиш, қашшоқликни қисқартириш, камбағал ва ерсиз деҳқонларни қўллаб-қувватлаш, улар деҳқончилик учун ер кўп бўлган ҳудудларга кўчиб боришига ёрдамлашиш, очарчиликка барҳам бериш каби нишонларга алоҳида урғу беришади. Масалан, Бразилия, Малави, Жанубий Африка ва Зимбабведа.
Иқтисодий ер ислоҳоти
Иқтисодий ер ислоҳоти тарафдорлари унчалик катта бўлмаган фермалар, шу жумладан, оилавий фермаларнинг маҳсулдорлик соҳасидаги устунлигини таъкидлаб келишади. Бу иқтисодий ер ислоҳоти олдида ерни адолатлироқ тақсимлаш ва шу йўл орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулдорлигини ошириш, бу ишларнинг натижаси ўлароқ ишчи ўринларини яратиш, ўз ўзини банд қилишни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш каби муайян мақсадларни ўз ичига олади (Бразилия, Хитой, Ҳиндистон, Филиппин, Жанубий Африка ва Зимбабве).
Сиёсий ер ислоҳоти
Сиёсий ер ислоҳоти тарафдорлари биринчи навбатда феодалларча ишлаб чиқариш муносабатларини тугатишга ҳамда йирик ер участкалари бир неча ҳукмдорларга яқин гуруҳлар қўлида жамланишини тўхтатишга интилишади.
Сиёсий ер ислоҳоти олдида турган конкрет мақсадлар сиёсий барқарорлик ва тинчликни барпо этишдан иборат. Постконфликт даврда (постконфликт – ҳарбий ҳаракатлар тўхтаган ва қайта тиклаш ишларини бошлашга имкон берувчи вақт) бу ерни уруш фахрийларига ёки қочқинларга ва шунингдек, уруш туфайли кўчирилган одамларга (масалан, Зимбабведа) берилишини кўзда тутади.
Постколониал вазиятларда сиёсий мақсадлар, шунингдек, реституцияни, яъни мусодара қилинган ерларни аввалги эгаларига қайтаришни (Шарқий Европа, собиқ СССРнинг Болтиқбўйи республикалари) ҳамда ерга эгаликнинг ирқий дисбалансини тўғрилаш (масалан, Жазоирда, Африканинг шарқи ва жанубида), янги элита аъзолари учун ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришни (Кения ва Зимбабве) ўз ичига олади.
Экологик ер ислоҳоти
Экологик ер ислоҳоти тарафдорлари ерни, ўрмонларни ва ёввойи табиат захиралар эгалигини тегишли тарзда қишлоқ хўжалиги амалиётларини қўллай оладиган омилкор фермерлар гуруҳларига топшириш йўли билан барқарор экологик бошқарувга интиладилар.
Халқаро тажриба: эгалик ҳуқуқи ва ердан фойдаланиш сиёсатида устунликлар трансформацияси
Кўплаб мамлакатлар мустақилликка эришиб, мустамлакачилик тугатилиши билан сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий қарама-қаршиликларни максимал даражада камайтириш мақсадида ер ислоҳотлари амалга оширила бошланди. Ривожланган мамлакатларда ер соҳасидаги муносабатларнинг либераллашуви анча олдинроқ, XVIII-XIX асрларда амалга оширилган.
Масалан, АҚШда конституцияга “Олиб қўйиш тўғрисида” (1791 йилги “Ҳуқуқлар тўғрисида”ги билл) бешинчи ўзгартириш қабул қилиниши билан хусусий мулкнинг мустаҳкамлиги тўғрисидаги тамойил қабул қилинди, яъни хусусий мулк давлат томонидан (жамоатчилик манфаати йўлида, “public needs”) адолатли компенсациясиз олиб қўйилиши мумкин эмас. 1864 йилда Конституцияга 13-ўзгартириш киритилиши билан қуллик ва мажбурий меҳнат бекор қилинди. Мазкур тамойилларнинг ҳеч ким дахл қила олмайдиган ҳуқуқ сифатида қабул қилиниши – ерга эгалик ҳуқуқининг ҳимоя қилинишини мамлакат иқтисодий ва сиёсий тизимнинг асоси сифатида кўрилишидан давлат ҳам манфаатдорлигини намойиш этиб қўйди.
Кейинроқ АҚШ Олий суди томонидан мазкур тамойилларни мустаҳкамловчи бир қатор суд қарорлари қабул қилинди, кейинроқ улар алоҳида штатлар ва ҳудудларнинг ердан фойдаланиш ва ҳудудларга ажратиш (яъни ерларни саноат, қароргоҳлик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа) кодификация қилинган ҳужжатлари сифатида қабул қилинди.
Европада 1879 йилги Буюк француз инқилоби якунлари бўйича феодал эгалик, крепостнойлик ҳуқуқи, феодал судлар ҳамда кўчмас мулк билан боғлиқ оғир тўловларни бекор қилувчи ер ислоҳоти амалга оширилди ва уларнинг ўрнига учта янги – ерга эгалик, мулк ва савдо-саноат фаолияти бўйича солиқлар жорий этилди.
Ривожланган мамлакатларда “мулк шакли” каби тушунчалар, собиқ СССР иттифоқдош республикалари қонунчиликларидаги каби мулкни “хусусий” ва “давлатники”га ажратиш амалиёти мавжуд эмас. Аввало мулкчилик шакли эмас, балки мулк эгаларининг турфа хиллиги тан олинади, негаки ерга жисмоний шахслар ҳам, шериклик кўринишидаги юридик шахслар, корпорациялар, нотижорат ташкилотлари ёки масалан маҳаллий жамоалар ҳам эгалик қилишлари мумкин.
Қишлоқ хўжалигида “давлат мулки” деган тушунчанинг ўзи йўқ. Бунинг ўрнига ерга public land, public property – жамоатчилик ери, жамоатчилик мулки каби тушунчалар ишлатилади. АҚШда жамоатчилик эҳтиёжи учун фойдаланадиган ерлар мавжуд бўлиб, уларнинг қаторига қўриқхоналар, миллий боғлар ёки яйлов учун яшил ҳудудлар ёхуд тоғли ҳудудлар, кўллар, денгизлар, дарёлар ва ҳоказоларни киритиш мумкин.
Европадаги баъзи мамлакатларда, шунингдек, common land – “умумий ер” деган тушунча мавжуд. Баъзиларида utilized agricultural area деган тушунча бор ва маҳаллий ҳокимият органларига тегишли бўлган, қишлоқ хўжалиги мақсадида фойдаланадиган ерни англатади. Бунақа ерларда, шунингдек, бошқа шахслар ҳам умумий ва қўшма ҳуқуқларни амалга ошириши мумкин. Бироқ Европа иттифоқининг ҳамма мамлакатларида ҳам жамоатчилик ерлари йўқ, негаки улардаги барча ерларга жисмоний ва юридик шахслар эгалик қилади.
Шундай қилиб, кўплаб мамлакатларда амалга оширилган аграр ислоҳотларнинг энг муҳим элементи – ерни хусусий мулкка айлантиришга қаратилган қонунларнинг жорий қилиниши бўлди. Нафақат ерга эгалик қилишнинг энг адолатли шакли сифатида, балки ундан фойдаланишнинг энг юқори даражада самарадорлигига эришиш ва узоқ вақт давомида фойдаланиш учун авайлаб асралишини таъминлайдиган ҳолат юзага келтирилди.
Ерни хусусийлаштириш амалга оширилмаган мамлакатларда ҳам ерни узоқ муддатга ижарага ва субарендага бериш зарурати борлигини англаб етдилар.
Масалан, коммунистик Хитойда 1978 йилдан кейин ер аввалига норасмий ижара шартномаси билан 15 йилга берилган, кейинчалик бу муддат 30 йилгача узайтирилган. Вьетнамда ҳам 1998 йилда қабул қилинган “Ер тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, бир йиллик экинлар учун ер ижараси ҳар 20 йилда, кўп йиллик ўсимликлар учун эса ҳар 50 йилда автоматик тарзда янгиланиб бориши кўзда тутилган. Яъни ижара ҳуқуқи тижорат айланмасига киритилган ҳамда чет элликларга муайян шартлар асосида ерни ижарага олишга рухсат беради. Ижара шартномасининг муддати яқинлаган сари унинг узайтирилиши борасида ишончсизлик инвестициявий рағбат даражасини пасайтириб қўйиши мумкин. Шунинг учун ҳам ижара шартномаси муддатини узайтириш қоидаларида шаффофлик ва адолатнинг таъминланиши мулкка эгалик ҳуқуқи ҳимояланишининг муҳим механизми бўлиб қолган (ушбу ҳолатда ижарага).
Дунёнинг аксарият мамлакатларида давлат (қишлоқ хўжалиги ер бозорининг тижорат иштирокчиси сифатида) самараси паст бўлган хўжалик функцияларини бажаришдан воз кечиб, бу вазифани хусусий субъектларга юклаб қўйгани ва шу билан бирга, жамоатчилик манфаати йўлида регулятив функцияларини сақлаб қолган, деган хулосага келиш мумкин.
Қишлоқ хўжалигини тартибга солишда давлат ролининг трансформацияси
Давлат қишлоқ хўжалиги соҳасида (қишлоқ хўжалиги ер бозорида тижорат иштирокчиси сифатида) хўжалик функцияларини бажармай қўйган экан, давлатнинг асосий функцияси жамоатчилик манфаати йўлида регулятив, яъни тартибга солувчи рол бўлиб қолади. Масалан, агар хусусий ер участкасининг эгаси ҳудудлаштириш тўғрисидаги қонунни бузган ҳолда ўрмонни кесиб йўқотмоқчи ёки қурилиш тақиқланган ҳудудларда бино ва иншоотларни барпо этаётган бўлса, яъни жамоатчилик манфаатлари (public interests) бузилаётган бўлса, давлат ўзининг регуляция функцияларини бажаришга киришади.
Бундан ташқари, давлатнинг қишлоқ хўжалигидаги яна бир регулятив функцияси – қишлоқ хўжалик секторига ривожланиш, замонавийлаштириш ва янги бозорларга турли субсидиялар, маркетинг тадқиқотлари, қишлоқ хўжалигининг умумий инфратузилмаларини яхшилаш ва ҳоказолар. Масалан, давлат сув таъминоти тизимини қўллаш, кушхоналарни замонавийлаштириш, лабораторияларни жиҳозлаш, йўл инфратузилмаларини қуриш, тупроқ унумдорлигини асраш бўйича илмий тадқиқотларни ўтказиш, қишлоқ хўжалиги экинлари, уруғларининг янги навларини яратиш, зарарли организмларга қарши курашнинг замонавий услубларини қўллаш, зарур қишлоқ хўжалиги амалиётларини, фермерлар учун таълим дастурларини жорий этиш ва бошқалар ҳам шулар жумласидан.
Саноатлаштириш ўсиши ва замонавий технологияларнинг ривожланиши билан замонавий ривожланган иқтисодиётларда қишлоқ хўжалиги соҳасининг улуши халқ хўжалиги кўламида анча камайиб бормоқда. Иқтисодиётда саноат ва хизматлар сегментларининг ҳажми ўсди, қишлоқ хўжалиги замонавийлаштирилди ва оқибатда ишчи ўринларининг муҳим манбаси сифатида аҳамияти камайди. Масалан, АҚШда қишлоқ хўжалигининг ялпи ички маҳсулот ҳажмидаги улуши 1 фоизга яқин, қишлоқ хўжалиги секторидаги бандлик улуши эса 1,3 фоиздан юқори эмас.
Шундай қилиб, юқори даражадаги саноатлаштириш ҳамда иқлимнинг ўзгариши, ер захираларининг тугаши, аҳоли сонининг ўсиши, даврнинг ўсиб бораётган янги таҳдидлари кўплаб мамлакатларда қишлоқ хўжалиги ерларини тартибга солишда биринчи навбатда қилиниши керак бўлган ишлар қайта кўриб чиқилишига олиб келди. Тартибга солиш ишлари кўпроқ барқарор ривожланиш масалаларига қаратилмоқда, яъни “яшил технологиялар”ни ривожлантиришга ҳамда қишлоқ хўжалигида юқори технологияли инновацияларни ўзлаштиришга кўпроқ эътибор қаратилмоқда ва бу фақат ерга эгалик ҳуқуқи ҳимояланган ҳолатда амалга оширилиши мумкин.
Дунёда ерга эгалик ҳуқуқи ҳимоя қилинишининг ишончли механизмларини татбиқ этишнинг мақсадга мувофиқлиги борасида тортишувлар тўхтаб бўлган.
Ерга хусусий мулк эгалиги, узоқ муддатли ижара ва субаренда ҳуқуқлари билан бир қаторда, самарали қишлоқ хўжалигини таъминлаш мақсадидаги, айниқса замонанинг ўсиб бораётган таҳдидлари қаватида энг муҳим механизмларидан дея тан олинган.
Шунга қарамай, турли мамлакатлар орттирган тажриба шуни кўрсатиб турибдики, ерга хусусий мулк эгалиги ва узоқ муддатли ижара ҳуқуқи жорий қилинганига қарамай, ҳамма жойларда ҳам ер ислоҳотлари муваффақиятли кечиб, ўз мақсадларига эриша олмаган. Бунинг сабаби эса ислоҳот аграр секторнинг самарали ривожланиши учун аҳамияти кам бўлмаган ҳамроҳ механизмлар билан таъминланмаганида. Бу каби зарур ва ўта муҳим механизмлар қаторида қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин:
1. Ҳудудлаштириш (зоналаштириш – ерларнинг қишлоқ хўжалиги, саноат ва тегишли подкатегорияларини тоифалаш). Ҳудудлаштириш самарали равишда жорий қилинган мамлакатларда (АҚШ, ЕИ мамлакатлари) ерни мусодара қилиш бўйича тортишувлар камроқ ва ҳоказо.
2. Ерни кадастр шаклида расмийлаштиришнинг шаффоф механизмлари ҳамда ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар. Баъзи мамлакатларда мулк эгасини аниқлашга ҳамда ипотека каби иккиламчи молиявий ҳужжатларнинг пайдо бўлишига имконият берувчи, ҳуқуқлар борасида баҳслашиш ҳуқуқларини тақдим этишнинг ҳимоя қилинишини таъминлайдиган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг шаффоф механизмлари йўқлиги учун аграр ислоҳотларни амалга ошириш бўйича режалар чиппакка чиқди. Ҳуқуқларни расмийлаштириш бўйича транзакциявий харажатлар ман этадиган даражада юқори ва/ёки ҳаддан зиёд бюрократик бўлмаслиги муҳим, акс ҳолда иш қорабозорлар пайдо бўлишига олиб келади ҳамда ҳуқуқларни аниқлаш ва кредит олиш бўйича имкониятларни мураккаблаштириб қўяди ва ҳоказо.
3. Шу жумладан, ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича тортишувларни кўриб чиқадиган суд тингловлари ва суд қарорларини ижро этиш бўйича ҳуқуқий татбиқнинг самарали механизмлари мавжудлиги. Агар ҳуқуқлар бузилганда суд орқали можарони ҳал қилиш қийин кечадиган бўлса, даъво аризаларини кўриб чиқиш муддати ҳаддан зиёд чўзилиб кетса ёки порасиз ишни битириш имконияти бўлмаса ёхуд муайян участка бўйича чиқарилган суд қарорининг ижроси тегишли органлар томонидан амалга оширилмаса, ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги ўз-ўзидан етарли бўлмай қолиши мумкин.
4. Молиявий инфратузилманинг мавжудлиги. Майда хўжаликлар ва ҳоказоларга кредит тақдим этилишини таъминловчи шароитлар ҳам шу жумладан.
5. Ер/аграр ислоҳоти учун масъул бўлган ваколатли марказий органнинг мавжудлиги. Кўплаб ҳокимият органларининг функцияларини бўлак қисмларга ажратиш – ваколатларининг (ўша бир неча органлар орасида) такрорланишига, шаффофликдан мосуво бўлишга, юқори харажатларга ва коррупциявий схемаларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
6. Ер ресурсларидан самарали фойдаланиш сув ресурсларидан рационал фойдаланишга тўғридан тўғри алоқадор. Қишлоқ хўжалигида пулли сув таъминотига ўтилиши ер бозоридаги бозор механизмларининг ривожланиши учун жуда муҳим омил саналади.
Юқорида баён этилганлардан ташқари, аграр ислоҳот ўтказилиб, ер хусусий мулкка тақсимланаётганда: 1) ер кўпчилик ер эгалари орасида ҳаддан зиёд тарзда парчаланиши ёки акси бўлиши мумкин; 2) саноқли мулк эгаларининг қўли остида жамланиши мумкин, деган хавотирларни эшитиб қоламиз.
Биринчи турдаги таҳдид ортидан ерлар майда яримнатурал хўжаликларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Бунақанги хўжаликлар бозор ва экспортга, замонавий технологиялар ва сифат стандартларини жорий этишга мослашмаган бўлади. Шунақанги ҳолат юзага келмаслиги учун ҳамда бир вақтнинг ўзида ижобий натижаларга эришиш учун майда ва ўрта фермерлар орасида агрокооперацияни ривожлантириш зарур. Агрокооперация инновациявий технологияларни жорий этиш, сектор учун консалтинг ва илмий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ҳамда экспортга йўналтириладиган маҳсулот сотишга мўлжалланган инфратузилмаларнинг ривожлантирилишига кўмак беради.
Иккинчи таҳдид – чекланган йирик заминдорлар қўли остида ерларнинг жам бўлиши латифундияга, бу эса айниқса аксарият улуши қишлоқ аҳолисига тўғри келадиган мамлакатларда ижтимоий тарангликни ҳамда аграр ислоҳотлар олдида турган иқтисодий мақсадларга етишмасликка олиб келиши мумкин.
Шунингдек, ерни хусусийлаштиришда коррупция даражаси юқори бўлса, ерни иккиламчи бозорда қайта сотилишида эса транзакциявий харажатлар юқори қилиб қўйилса, бу – катта ерлар самарали фаолият юритадиган мулк эгаларининг қўлига тушишига тўсиқ бўлади. Шунинг учун ҳам бир-бири билан боғлиқ жисмоний ва юридик шахсларга ерга эгалик қилишда чекловлар ўрнатиш муҳим. Бу каби чекловлар бўлмаса, самараси паст мулк эгалари бошқараётган латифундияларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Масалан, шу каби ҳолат Қозоғистонда юзага келган.
Қайд этиш жоиз, ерларнинг жамланиши (концентрацияси) баъзида давлат фаол равишда қишлоқ хўжалигини қўллаётган шароитларда содир бўлмоқда. Ерга эгалик қилиш унумдорлик ва маҳсулдорликка боғлиқ бўлмаган гектар ҳисобига бериладиган субсидия кўринишидаги даромадлар манбайи бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистоннинг жорий фурсат вазифалари
Ўзбекистонда советлар даврида ер муносабатларининг советча модели қўллаб келинган. Иттифоқ парчаланиб кетганидан кейин ер муносабатларининг концептуал асослари ўзгармай қолди. Ҳозирда амал қилаётган Конституциянинг 55-моддасида ер умуммиллий бойлик деб белгиланган.
Конституциянинг 2-моддасига биноан, давлат халқ иродасини ифода этади ва унинг манфаатлари учун хизмат қилади. Мазкур икки модда ер ва бошқа миллий бойликларнинг эгаси аслида халқ эканлигини ва бу бойликларни бошқариш учун давлатга ишониб топширганини айтади – давлат бу бойликларга эгалик қилади ва уларни халқ манфаатлари йўлида тасарруф қилади.
Конституцияни ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳасидан бош қомуснинг 55-моддаси ҳам жой олган. Таклиф этилаётган талқинга кўра, ер ва бошқа табиий ресурслар “умуммиллий бойлик” эканидан ташқари, улар “давлат мулкида бўлади”. Шу билан бирга, “ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк ҳам бўлиши мумкин”.
“Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди давлатга тегишли бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномалари асосида ажратилади”, деган нормани ҳам мазкур моддага киритиш таклиф этилмоқда.
Амалдаги Конституциянинг 53-моддасида Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши ёзилган. Бу таъриф ерни хусусийлаштириш ва унга хусусий мулк сифатида эгалик қилишга тўсқинлик қилмайди. Конституцияни ер ва бошқа табиий захиралар республика мулки бўлиши мумкинлигини белгиловчи Фуқаролик кодекси тўлдиради. Шундай қилиб, амалдаги Конституция қишлоқ хўжалиги ерларини хусусийлаштиришни истисно этмайди.
Биз Конституциядаги моддалар қишлоқ хўжалиги ерларининг хусусийлаштирилишига йўл берувчи талқинда қолишини муҳим деб ҳисоблаймиз. Биринчидан, бу Конституциянинг мосланувчанлиги ва барқарорлигини таъминлайди. Унутмаслик керакки, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги ерларига хусусий мулк шаклида эгалик қилиш ҳуқуқининг рад этилишига асос бўладиган дастаклар яқин келажакда ўз кучини йўқотиши мумкин.
Иккинчидан, юқоридаги каби таъриф барча боғ ва экинзорларнинг зудлик билан хусусийлаштирилишини англатмайди. Ва энг асосийси – Ўзбекистон тарихида қишлоқ хўжалиги ерлари азалдан йирик товар ишлаб чиқариш ҳамда майда товар ишлаб чиқарувчи (оилавий ва индивидуал) ерларга бўлинади. Бозор шароитида бу каби бўлиниш турли гуруҳларнинг объектив фарқланишини ҳамда корпоратив шахслар ва индивидуал хўжалик юритиш субъектларининг гуруҳ манфаатлари ва имкониятларини акс эттиради.
Ўрта ва йирик-товар ишлаб чиқариш вакиллари заём молиялаштиришнинг катта имкониятларига эга бўлиб, анча замонавийроқ технологиялардан ва жиҳозлардан фойдалана олади, чунки уларнинг баланд нархи хўжалик кўламининг кенглиги билан ўзини оқлайди. Якка тартибдаги ишлаб чиқариш эса ўлчамлари кичик бўлгани, кредиторларни қизиқтира оладиган активлар йўқлиги боис заём олишда чекланган имкониятларга эга. Ҳолбуки, айнан майда хўжаликлар оммавийлиги боис аҳоли бандлиги юқори даражага кўтарилишига ва барқарор ички талаб-эҳтиёжларнинг шаклланишини таъминлай олади.
Майда ер участкалари ижара ҳуқуқининг ликвидлиги албатта йирик ер участкаларининг ижара ҳуқуқи ликвидлигига тенг бўла олмайди. Шунинг учун ҳам ҳар қандай қишлоқ хўжалиги ерига эгалик ҳуқуқини камситмаган ҳолда биз унинг майда аграр ишлаб чиқаришнинг ривожланиши учун айниқса муҳимлигини қайд этмоқчимиз. Йирик товар ишлаб чиқаришнинг ижтимоий аҳамиятга эгалигини эътиборга олган ҳолда давлат бунақа ерларни хусусийлаштириш борасида эҳтиёткор бўлаётганини тушуниш мумкин. Бироқ деҳқон хўжаликларининг ерларини хусусийлаштириш бунақанги ижтимоий таҳликалардан холи бўлгани учун бу ишларни амалга оширишга талаб бор.
Мулкка эгалик ҳуқуқидан фарқли ўлароқ, ижара муносабатлари қишлоқ хўжалиги ерларининг тўлақонли оборотини сезиларли тарзда чеклаб қўяди. Ер ижараси ҳуқуқи қарз мажбуриятининг ижросини таъминловчи чора сифатида ерга эгалик ҳуқуқига рақобат қила олмайди. Ердан фойдаланиш соҳасида хусусий мулк мақомидагина ер аввал ҳам, ҳозир ҳам энг қадрли бўлган ва шундай бўлиб қолаверади. Аграр секторда хусусий мулк мақомидагина ер аввал ҳам, ҳозир ҳам энг серхаридор ва қадрли бўлган ва шундай бўлиб қолаверади.
Агар қишлоқ хўжалиги ерларига хусусий мулк мақоми берилмаса, қишлоқ хўжалиги секторини молиялаштириш, шу жумладан, заём ҳисобига молиялаштириш сустлигича қолаверади. Натижада ер унумдорлиги муаммоси ечилмайди.
Масалан, президентнинг 2021 йил 13 апрелдан кучга кирган 6207-сонли “Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, корпоратив ва заёмли молиялаштириш воситаларининг жорий этилиши кўзда тутилган. Шунақанги молиялаштириш услубларидан бири сукук дея аталувчи Ислом облигациялари бўлиб, олинган заём қайтарилишининг кафолати сифатида кўчмас мулкдан фойдаланишни кўзда тутади. Агар қишлоқ хўжалиги ерлари хусусийлаштирилмаса, қишлоқ хўжалиги секторида Исломий молиялаштирув жиддий чекловлар остида қолади, негаки сукук учун гаровга қўйилган активларнинг ликвидлиги жуда муҳим саналади.
Илҳом Азизов,
Умида Ҳақназар
Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.
Мавзуга оид
07:35 / 20.12.2024
Қишлоқ хўжалиги вазирига янги ўринбосар тайинланди
14:06 / 12.12.2024
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 16 фоизга ошди
15:43 / 05.12.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ХМИ иштирокида 2 млрд долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқда
15:09 / 03.12.2024