Иқтисодиёт | 14:34 / 27.07.2022
23176
3 дақиқада ўқилади

Солиқ кодексидан ташқаридаги қоидалар асосида 6 ойда 2,1 трлн сўм солиқ имтиёзи берилган

2022 йилнинг биринчи ярмида юридик шахслардан ундирилмаган солиқларнинг 22,5 трлн сўмига Солиқ кодекси, 2,1 трлн сўмига эса бошқа ҳужжатлар билан берилган имтиёзлар асос бўлган. ДСҚ солиқ имтиёзлари бўйича айрим статистик рақамларни тақдим этди.

Фото: Kun.uz

Солиқ қўмитаси E-imtiyoz ахборот тизими орқали имтиёзлардан фойдаланиш бўйича айрим маълумотларни тақдим этди.

2022 йилнинг 6 ойида юридик шахслар 75 мингта ҳолатда 24,6 трлн сўм солиқ имтиёзларидан фойдаланган. Шундан 8,5 трлн сўми ҚҚСнинг нол ставкаси қўллангани билан боғлиқ.

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича солиқ имтиёзлари:

  • Солиқ кодексига асосан – 22,5 трлн сўм;
  • қонун, президент фармонлари, қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бошқа ҳужжатларга асосан – 2,1 трлн сўм қўлланган.

Солиқ турлари кесимида:

  • Энг кўп қўлланган имтиёз – ҚҚС бўйича 22,4 трлн сўм (91,1%)
  • Бошқа солиқ турларидан – 2,2 трлн сўм (8,9%) миқдорида фойдаланилган.

Ҳудудлар кесимида:

Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси корхоналари томонидан жами имтиёз суммасининг 18 трлн сўм қисми фойдаланилган. Имтиёзнинг қолган 6,6 трлн сўм қисми республиканинг бошқа ҳудудларига тўғри келади.

Имтиёзлардан фойдаланган корхоналарнинг катта қисми Тошкент шаҳрида – 11 286 корхона 3,2 триллион сўм имтиёзларга эга бўлган.

ҚҚСни нол ставкада қўллашдан ташқари энг кўп солиқ имтиёзларига эга бўлган  корхоналар рўйхатида Grand Pharm Trade етакчилик қилмоқда. У олти ойда 308,4 млрд сўмлик имтиёзга эга бўлган. Шунингдек, Meros Pharm MCHJ 192,3 млрд сўм, Farm Lyuks Invest 87,1 млрд сўмлик имтиёзлардан фойдаланган. 

Бундан ташқари, солиқ имтиёзларидан энг кўп фойдаланган ТОП 10 корхоналар 10 лигида имтиёзларнинг асосий қисмини ҚҚСнинг нол ставкаси қўлланиши ташкил қилган. Рўйхатда биринчи ўринни 4,3 трлн сўмлик солиқ имтиёзлари билан Навоий кон металлургия заводи эгаллаган бўлса, 1,8 трлн сўм билан Олмалиқ КМК ва 1,2 трлн сўмлик имтиёзлар билан Ўзмиллийбанк кейинги ўринларни забт этди.

Жорий йилнинг 6 ойида энг кўп солиқ имтиёзлари ҚҚС ( 22 трлн сўм), фойда солиғи (583,5 трлн) ва мол-мулк солиғи (544,7 трлн) дан берилган.

Аввалроқ, Солиқ қўмитаси 2021 йилда индивидуал хусусиятга эга бўлган 15 та ҳужжат бўйича жами 316,2 млрд сўмлик, 2022 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида эса 10 та ҳужжат бўйича жами 144,8 млрд сўмлик солиқ имтиёзи қўлланганини маълум қилганди.

Мавзуга оид