Жамият | 17:48 / 28.07.2022
9824
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда пиёдани уриб юборган ҳайдовчи қочиб кетди. 71 ёшли жабрланувчи вафот этди

Олиб борилган тезкор қидирув ишлари давомида ушбу жиноятни Зомин туманида яшовчи фуқаро Damas машинаси билан содир этгани аниқланган.

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 23 июл куни соат 21:00ларда А-376 Қўқон-Жиззах автомобил йўлининг Шароф Рашидов тумани Ғозғонтепа маҳалласи ҳудудидан ўтган 292-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Номаълум ҳайдовчи пиёдани уриб юбориб, унга ёрдам кўрсатмасдан ҳодиса жойидан қочиб кетган. Оқибатда, Шароф Рашидов тумани Бахт маҳалласида яшовчи 71 ёшли фуқаро оғир тан жароҳатлари олиб воқеа юз берган жойда вафот этган.

Ҳолат юзасидан Шароф Рашидов тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчига нисбатан қидирув эълон қилинган.

Олиб борилган тезкор қидирув ишлари давомида ушбу жиноятни Зомин тумани Гулистон маҳалласида яшовчи фуқаро Damas машинаси билан содир этгани аниқланган. Гумонланувчи процессуал тарзда ушланиб, вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Аввалроқ, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида ҳам ҳайдовчилардан бири пиёдани уриб қочиб кетган ва оқибатда 69 ёшли жабрланувчи воқеа жойида вафот этганди.

Мавзуга оид