Жаҳон | 21:50 / 29.07.2022
39299
8 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият. Ғарбнинг замонавий қуроллари Россиянинг Донбассдаги ҳаракатини заифлаштирдими?

Украина шарқидаги фронт чизиғида турган аскарларнинг сўзларига кўра, Ғарб етказиб берган энг сўнгги русумдаги қуроллар Россия армияси томонидан берилаётган зарбалар шиддатини тўхтатиб қўйди. Аммо бу - вақтинчалик сукунатми ёки урушда бурилиш палласи аломатими?

Французларнинг «Цезар» артиллерия қурилмаси Украинада.

BBC корреспонденти Эндрю Ҳардинг Донбассдаги фронт чизиғида бўлиб, украин ҳарбийлари ва уларга таълим бераётган хорижлик инструкторлар билан суҳбатлашди.

Бир неча ҳафтадан бери Россия томонидан тинимсиз бомбардимон қилинаётган, деярли ташландиқ ҳолатга келган Бахмут шаҳарчасидан шимолдаги тепалик устида тутун устунлари мовий осмонга кўтарилади.

«Бу яшаш эмас. Хавфсиз жойнинг ўзи йўқ. Мен чин дилдан умрим тугашини истайман», дея нола қилади 86 ёшли Анна Иванова. У ҳассасига таянган ҳолда бегона ўтларни юлиш учун полиздаги жўякка эгилади.

Украин самолётлари деярли бош устидан гувуллаб учиб ўтаётгандек туюлади. Ўн дақиқа ўтиб узоқлардан гумбурлаш овозлари эшитилади.

Сўнгги ҳафталарда Бахмут доимий равишда россиялик ҳарбийлар томонидан ўққа тутилмоқда. Фото: Reuters

Шарқий Донбассдаги эгри-бугри фронт чизиғи ёнидан ўтувчи ҳар бир киши учун - шимолдаги вайронага айланаёзган Словянскдан жанубда Донецк атрофидаги ташландиқ ҳолатга тушган фермерлар қишлоқларигача - россияликлар тартибсиз равишда бўлса-да, аввалги каби жазавага тушиб ўт очишда давом этаётгандек туюлиши мумкин.

Аммо Донецк яқинидаги буғдой даласи бурчагида жойлашган украинлар артиллерия бўлинмаси командири Дмитро (у фақат исмини ёзишни сўраган) бундайлигини қатъий рад этади.

«Улар тез-тез отишаётгани йўқ. [Россия қўшинлари томонидан] артиллерия зарбалари суръати икки баробар пасайди. Балки ундан ҳам кўпроққадир, балки учдан икки қисмигадир», дейди у ёнидаги катта яшил рангли автомобил четига уриб қўйиб.

Бу яшил машина - французлар томонидан ишлаб чиқарилган, улкан стволи россиялик ҳарбийлар эгаллаган томонга қаратилган «Цезар» русумли ўзиюрар артиллерия қурилмасидир.

Бу эндиликда Донбасснинг қишлоқ йўллари билан ҳаракатланаётганига тез-тез кўз тушиш мумкин бўлган Ғарбнинг кўплаб оғир қуролларидан биридир. Бу ердаги кўплар қатори Дмитро ҳам шундай қуроллар урушнинг боришини ўзгартиришга ёрдам берди, деб ҳисоблайди.

«Цезар» кучли овоз чиқариб 27 километр наридаги россиялик пиёдалар ва бир неча артиллерия қурилмалари жойлашган позиция томон учта снаряддан биринчисини учиради.

«Энди биз янада аниқроқ отяпмиз. Ва биз энди янада узоқроқдаги нишонларни уришимиз мумкин», дейди у жилмайиб. Бир дақиқа ўтиб артиллерия гуруҳ яна иккита снарядни учиради, машина эса россияликлар артиллерияси снаряд учиб келган жойни аниқлаб, жавоб зарбаси йўллашидан олдинроқ бу ердан жўнаб кетади.

Сўнгги ҳафталарда украиналик тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбийлар Россия назоратидаги ҳудудларда рўй бераётган кучли портлашлар сериялари акс этган, дронлар орқали олинган ва интернетда тарқалган видеоларни кузатиб, хурсандчилигини яшира олмаяпти.

Хабарларга кўра, украинлар фронт чизиғидан анча ичкарида жойлашган кўплаб ўқ-дори омборларини нишонга олмоқда, Ғарбдан етиб келган замонавий қуроллар, хусусан америкаликларнинг HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари ва полшаликларнинг KRAB гаубицалари туфайли энди бундай объектлар эндиликда украинларнинг «қўли етадиган» ҳудуд доирасида қолмоқда.

«Бу сукунатга қулоқ солинг», дейди Словянск мудофаасига ташланган кўнгиллилар бўлинмасининг 50 ёшлар чамасидаги соқолли командири Юрий Берёза. Шу куни тонгда шаҳардан шарқдаги мудофаа окоплари бўйлаб ҳаракатланиш давомида бирорта портлаш рўй бермади.

«Бунинг бари бизга етказиб берилган артиллерия туфайли. Аввал уларда [россиялик ҳарбийлар] бизнинг битта стволга қарши 50 та ствол бор эди, ҳозир эса нисбат бештага битта. Ҳозирда уларнинг устунлиги сезиларли эмас, буни тенглик дейиш ҳам мумкин», дея изоҳлайди Берёза.

Шу билан бирга, Берёза ҳам худди Дмитро каби Украина муваффақиятли қарши ҳужум ўтказиши учун Ғарбнинг янада кўпроқ қуролларига муҳтож эканини қайд этади.

Юрий Берёзанинг айтишича, Ғарб қуроллари украин қўшинларига россияликларнинг ўт очиш кучи билан тенглашиш имконини берди

«Улар бизни енга олишмайди, биз эса бу ерда уларни енга олмаймиз. Бизга кўпроқ техникалар керак, айниқса зирҳли техникалар, танклар, авиация керак. Буларсиз жонли кучда катта йўқотишлар бўлади. Россия урушни айнан шу тарзда олиб боришга ўрганган. Улар инсон ҳаётини шамолга совуради», дейди Берёза.

«Идеалда биз Ғарб бизга жўнатган қуроллардан уч баробар кўпроғини олишни истардик. Ва тезроқ», дея тасдиқлайди Дмитро.

Аммо қурол етишмовчилиги - Украинага эгаллаб олинган ҳудудларини озод этишга тўсқинлик қиладиган ягона омил эмас. Зарба ёғдириш интенсивлиги пасайганига қарамай, Россия қўшинлари стратегик аҳамиятга эга бўлган Бахмут шаҳрига яқинлашиб келмоқда ва украин ҳарбийлари уларга жонли куч ва тайёргарлик етишмай қолишидан хавотирда.

«Мана оддий бир усул», дея қичқиради тупроқ йўлга ётиб, милтиғидан нишонга олган басавлат ҳарбий бошқа 40 нафар чоғли украин аскарларига сабоқ бера туриб.

«Оёқни шундай кўтарасиз», дейди собиқ британ десантчиси, украин бригадасига кўмак учун етиб келган хусусий гуруҳ аъзоси бўлган ҳарбий.

Барча украинлар кўнгилли сифатида фронтга келган ва атиги бир неча ойлик тайёргарликдан ўтган. Уларнинг командирлари ғарблик конструкторлар билан беш кунлик курс ўтиш бўйича норасмий келишув тузишган.

«Албатта, бу қўрқинчли. Мен аввал уруш кўрмаганман», дейди урушга қадар ҳуқуқшунос бўлган, эндиликда бўлинмага командирлик қилаётган 22 ёшли йигит.

«Ташвишланарлиси шуки, бу йигитлар... Ғарбдагилар кўниккан оддий аскарлик кўникмаларига эга эмас», дейди бошқа бир инструктор, америкалик собиқ денгиз пиёдаси Роб.

Украина шарқида бир неча хусусий ҳарбий компаниялар ҳаракатланмоқда, шулардан бири Mozart гуруҳи.

Айни вақтда Ғарб давлатлари ҳукуматлари Украина армиясига ёрдам сифатида мунтазам қўшинлари ва шартнома асосида хизмат қилувчи ҳарбийларини юборишга рози бўлмаяпти. Бир қанча хусусий ҳарбий компаниялар бу ерда ўз ташаббуси билан ҳаракат қилади, улардан бири Роб аъзоси бўлган Mozart гуруҳидир.

«Бу океандаги томчи, аммо айрим кичик участкаларда бу аҳамиятга эга», дейди АҚШ денгиз пиёдалари кучларининг истеъфодаги полковниги, украин кўнгиллиларининг машғулотларини кузатиб бораётган Энди Милбурн.

Унинг қайд этишича, унинг раҳбарлигидаги Mozart хусусий ҳарбий компанияси Америка ҳукумати билан ҳеч қандай алоқага эга эмас ва ҳукуматдан ҳеч қандай ёрдам олмайди. Шу билан бирга, у Ғарб давлатларини урушда тўғридан тўғри иштирок этишдан бош тортгани учун «узоқни кўра олмаслик»да айблайди.

«Бу тутуруқсизлик. Бу йигитлар шунчаки украин инструкторлари етишмаслиги туфайли жуда кўп одам йўқотишмоқда. Ғарб буни ҳозирдан режалаштириши керак», дея нолийди у.

Мавзуга оид