Спорт | 18:07 / 31.07.2022
32018
6 дақиқада ўқилади

«Барса» «Челси» олмоқчи бўлган яна бир футболчини «илиб кетди», Суарес ҳайрон қолдирди. Ҳафта трансферлари

Ёзги трансферлар авж палласида. Сўнгги бир ҳафтада ҳам клублар кўплаб янги келишувларни амалга оширишди.

Жюл Кунде: «Севилья» → «Барселона» (50 млн евро)

Ҳафтанинг энг асосий трансфери. Кунде бир неча йил ичида «Севилья»да жиддий ўсишга эришди ва кўплаб топ-клублар радарига тушди. Бу ёзда ушбу 23 ёшли француз ҳимоячиси учун «Челси» ва «Барселона» ўртасида қаттиқ кураш кетди. Футболчи Лондонга йўл олиши муқаррардек кўринганида каталонлар рақибни доғда қолдиришди ва Кундени Барселонага келишга кўндиришди. Жюл учун «Барса» «Севилья»га 50 млн евро тўлади, футболчи билан 2027 йил ёзига қадар амал қилувчи шартнома тузилди.

Эътиборли жиҳати, бу ёзда «Челси» ва «Барселона» бразилиялик ҳужумчи Рафиня учун ҳам жиддий рақобат қилган ва якунда футболчи каталонияликлар таклифини қабул қилганди.

Луис Суарес: «Атлетико» → «Насьонал» (эркин агент)

Бир давр якунига етди. Суарес Европада 16 йил ўйнади ва бу давр мобайнида ҳақиқий юлдузга айланди. «Гронинген», «Аякс», «Ливерпул», «Барселона», «Атлетико» — барча футболчилар ҳам бундай йўл билан мақтана олмайди. Бу ёзда эса Луис Мадрид билан хайрлашди ва кўплар уни Европанинг бошқа бирор жамоасида кутишганди. Аммо Суарес барчани ҳайрон қолдирди — у ватанига, Уругвайга қайтди. Энди 35 ёшли ҳужумчи 2005 йилда ўз футболчилик фаолиятини бошлаган жамоаси «Насьонал» сафида голлар уради. Шартнома янги мавсум охиригача тузилган.

Дуайт Макнил: «Бёрнли» → «Эвертон» (23,8 млн евро)

Дунёдаги энг қиммат лига ўз репертуарида. «Бёрнли» ўтган мавсум якунларига кўра Чемпионшипга тушиб кетди, аммо «Эвертон»дан ўтган мавсумда 38 ўйинда атиги бир ассист билан кифояланган ҳужумчиси Макнил учун қарийб 24 млн еврони қуртдек санаб олди. Фрэнк Лэмпард таркибни бундай футболчи билан кучайтирганидан хурсандлигини билдирган. Англиялик футболчи билан шартнома беш йил муддатга тузилган.

Оскар Мингеса: «Барселона» → «Сельта» (3 млн евро)

«Барса» бу ёзда жуда кўп харажат қилмоқда, шу туфайли маошлар ведомостини енгиллатиш осон бўлмаяпти. Ҳимоячи Мингеса ҳам қисқаришга тушди, ёзги трансферлардан кейин унга таркибда жой ҳам қолмади. 23 ёшли испаниялик энди ўз кучини бошқа камтарроқ жамоада — «Сельта»да синаб кўради. Виголиклар клуби «Барса» ҳисоб рақамига 3 млн евро жўнатишди ва футболчи билан тўрт йиллик шартнома имзолашди.

Нуну Тавареш: «Арсенал» → «Марсел» (ижара)

Ўтган мавсумда Тавареш тез-тез «Арсенал»нинг чап қанот ҳимоясида ўйнади, аммо бу ёзда барчаси ўзгариб кетди. Клуб «Манчестер Сити»дан Олександр Зинченкони сотиб олди ва ёш португалиялик у ҳамда Киран Тирни билан рақобатда аутсайдерга айланди. Вазиятдан чиқиш йўли тезда топилди: 22 ёшли португал бир мавсум учун «Марсел»га юборилди. Бу барча учун ютуқли вазият: Тавареш Европадаги топ-чемпионатда ўйнашда давом этади, «Марсел» янги мавсум арафасида кучайди, «Арсенал» эса истеъдодли футболчисидан маҳрум бўлмади.

Даниэл Мальдини: «Милан» → «Специя» (ижара)

Мальдинилар оиласи ҳар бир авлодда жаҳон футболига юлдузлар бериб келмоқда. Аввалига Чезаре бўлган, кейин — Паоло, энди эса — Даниэл. Ўтган мавсумда 20 ёшли ҳужумчи А Серияда саккиз ўйинда иштирок этиб, бир гол ҳам урди ва якунда жамоа билан Италия чемпионига айланди. Аммо бундай ёшда ўйин амалиёти керак, ҳозирча ёш Мальдини чемпионларнинг асосий таркиби учун хомлик қилади. Даниэл «Специя»да тез-тез майдонга чиқиши мумкин, у мавсум якунига қадар ушбу жамоага ижарага берилди.

Магомед Оздоев: «Зенит» → «Фотиҳ Карагюмрюк» (эркин агент)

Россиялик футболчи Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Отабек Шукуровга жамоадош бўлади. Ёзда Оздоевнинг «Зенит» билан шартномаси муддати якунланди ва яримҳимоячи янги клуб излашга тушди. Магомед хорижда ўйнаш истагини яширмади ва якунда шундай ҳам бўлди. 29 ёшли футболчи Туркиянинг «Фотиҳ Карагюмрюк» клуби билан икки йиллик шартнома имзолади. Унга бу ерда Андреа Пирло устозлик қилади.

Бошқа трансферлар:

  • Пицци: «Бенфика» → «Ал-Ваҳда» (эркин агент)
  • Рубен Винагре: «Спортинг» → «Эвертон» (ижара)
  • Висенте Иборра: «Вильярреал» → «Леванте» (ижара)
  • Алекс Тейшейра: «Бешиктош» → «Васко да Гама» (эркин агент)
  • Кевин Мбабу: «Вольфсбург» → «Фулҳэм» (5,5 млн евро)
  • Эмилиано Ригони: «Сан-Паулу» → «Остин» (3,64 млн евро)
  • Уссама Идрисси: «Севилья» → «Фейеноорд» (ижара)
  • Клинтон Н’Жье: «Динамо» → «Сивасспор» (эркин агент)

Мавзуга оид