Ўзбекистон | 10:46 / 01.08.2022
12593
2 дақиқада ўқилади

Конституцияга таклиф қабул қилиш тўхтатилди

«Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига таклифларни қабул қилиш 1 август соат 00:00 дан тўхтатилди.

Фото: Kun.uz

Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари келиб тушган таклифларни умумлаштириш, таҳлил қилиш ва қонун лойиҳасини такомилига етказиш борасидаги фаолиятини давом эттиради.

Бугун Қонунчилик палатасида Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари қўмиталари томонидан ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказилади.

Унда Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари тўғрисида ахборот берилиши режалаштирилмоқда.

Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар Ўзбекистон конституцияси олтмишдан ортиқ моддасини қамраб олади. Унда инсон қадрини улуғлаш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш каби кўплаб нормалар белгиланмоқда. 

Давлат қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини, тадбиркорлик ривожланиши учун шарт-шароитларни таъминлаш, ҳалол рақобат ҳимоя қилинишини, иқтисодий фаолиятда монополлаштиришга йўл қўйилмаслигини кафолатлаш, тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақлиги белгилаб қўйилмоқда.

Конституциявий қонун лойиҳасида давлат ҳокимияти асосларини янада такомиллаштиришга, парламент ваколатларини кучайтиришга, фуқаролар қонунчилик жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашга қаратилган нормалар акс этмоқда. 

Мавзуга оид