Жаҳон | 14:22 / 02.08.2022
27684
5 дақиқада ўқилади

Қозоғистон қирғизларнинг Қамбарота-1 ГЭСини қўлламоқда: бунга сабаб нима?

Қозоғистон президентининг Қирғизистонга ташрифи якунлари икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги инвестицион боб очиб беради. Музокаралар якунига кўра асосий янгиликлардан бири Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Қамбарота-1 ГЭСини қуриш бўйича лойиҳа таклиф қилгани бўлди, деб ёзади Eurasiatoday.

Нашрга кўра, бу Қирғизистон учун ниҳоятда муҳим янгилик, чунки у истиқболда республикада энергия тақчиллиги муаммосини ҳал этиш билан бирга сув-энергетика тартибга солиш тизими имкониятларини яхшилаб, Норин дарёси бассейнидаги ҳамкорлик салоҳиятини ҳам мустаҳкамлайди. Бу эса Марказий Осиё минтақаси учун биринчи рақамли мавзу.

Воқеанинг муҳимлигини тушуниш учун ГЭС барпо этиш ташаббуси собиқ иттифоқ давридаёқ муҳокама қилинганини эсга олиш кифоя. Шундан сўнг Россия билан кооперация қилишга уринишлар бўлди, лекин нимагадир кутилган натижага эришилмади.

Бошқача айтганда, лойиҳа узоқ йиллар ноаниқлик тумани ичида қолиб кетди. Бу ўз-ўзидан тушунарли, чунки трансчегаравий дарёларни «жиловлаш»га фақат қўшниларнинг розилиги билан эришиш мумкин. Бу ўринда ўзаро тушунишга эришилмаганди.

СССР парчалангач Марказий Осиёдаги бир вақтлар ягона бўлган сув-энергетика комплексида қарама-қаршиликлар ва ўзаро гина-кудуратлар йиғилиб қолган эди.

Марказий Осиё дарёларининг сув тақсимоти

Жумладан, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов бу объект қурилишига қарши чиқиб, суғориш учун фойдаланиладиган сув Қирғизистон томонидан товламачилик ва найранглар воситасига айланиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Яъни ишонч бўлмаган, Тожикистондаги Роғун ГЭСига нисбатан ҳам тушуниш бўлмаганидек. Дарёларнинг қуйи оқимида жойлашган давлатлар доим сув оқимларини тартибга солишга уринишларга сергаклик билан муносабатда бўлишади.

Тожкистондаги Роғун ГЭСи.
Фото: fb.com/khadamotimatbuot

Бундай лойиҳалар кўпинча кескин муносабатлар ва ҳаттоки жанговар риторикага сабаб бўлади. Ғарбдаги кўплаб ҳамкорлар айнан сув бўлишиш масалаларида йирик можаро салоҳиятини кўришган, бу муаммо «ҳалокатли иқлим», музликлар эриши ва сувдан нооқилона фойдаланиш туфайли янада чуқурлашади.

Шу сабабли, вазиятни ўзгартириш учун қилинадиган биринчи иш — ўзаро ишонч муҳитини яратиш, янада жипс ва ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатиш.

Бу йўлда муҳим қадам 2019 йилда ташланди, узоқ танаффусдан сўнг Марказий Осиё давлатлари етакчилари ниҳоят бир стол атрофига йиғилиб, маслаҳатлашув учрашувини ўтказишди. Шундан буён минтақавия эволюцион жараён интенсивроқ ривожлана бошлади.

Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳаси бўйича ҳамкорлик нияти минтақадаги янги сиёсатнинг кўплаб тимсолларидан бири. Бу ташаббусни Ўзбекистон ҳам қўллаб-қувватлаган. Фақат биргаликдаги ҳаракатлар билан сув-энергетика тизимида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш мумкинлиги англаб етилди.

Ҳамкорлар янги генерация қувватлари Қирғизистон учун жуда муҳимлигини ҳам тушуниб туришибди. Чунки 2010 йилгача мамлакатда электр энергияси захиралари мавжуд бўлган бўлса, сўнгги йилларда унинг тақчиллиги кузатилмоқда.

Янги ГЭС ишга тушиши билан қирғизлар қўшимча 1860 MW электр энергияга эга бўлади, бу эса мавжуд эҳтиёжларни тўлиқ қоплаш билан бирга, уни экспорт қилиш имконини ҳам беради.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Қамбарота-1 ГЭСи қурилишига старт бермоқда. Фото: Султон Дўсалиев

Қишлоқ хўжалигидаги вазият юқоридан келадиган сув ҳажмига боғлиқ бўлган Қозоғистон ва Қирғизистон ўз навбатида, гидроиншоотларнинг ишлаш режимига таъсир ўтказа олиш учун лойиҳада иштирок этишни истамоқда.

Сирасини айтганда, ўзаро манфаатлар манаман дея бўй кўрсатиб турибди. Марказий Осиё давлатларининг, кенгроқ олинадиган бўлса — бутун турк оламининг кооперациясисиз, ЕОИИ ва ШҲТ бўйича қўшниларнинг ўзаро ҳаракатисиз, тўсиқларни олиб ташламасдан, инфратузилмани ривожлантирмасдан туриб, барқарор ривожланиш ҳақида гап очиб бўлмаслиги ҳам равшан.

Янада жипс муносабатлар образли қилиб айтилганда геосиёсий контекстдаги «ёнғинларни ўчириш»да ҳам қўл келади. Чунки глобал қарама-қаршиликнинг янги ҳалқаси Марказий Осиё учун бирор яхшилик ваъда қилаётгани йўқ. Йирик барқудрат давлатлар манфаатлари ўртасида усталик билан жон сақлар экан, минтақа республикалари манфаатлар мувозанатини сақлашга, бирлашувни мустаҳкамлашга интилмоқда.

Шу сабабли сувни бўлишиш масалалари биринчи планга чиқмоқда. Сайёрамизда кутилаётган озиқ-овқат инқирози (ҳаммаси шунга қараб кетмоқда, ахир) мамлакатларимиз иқтисодиётига зарба бермаслиги, қайтага янги имкониятлар дарчасини очиши жуда муҳим. Бунга эса баҳамжиҳат эришса бўлади, албатта.

Марказий Осиё давлатларининг стратегик манфаатлар умумийлиги мавжуд, инсон, табиат ва саноат салоҳияти бор. Минтақада 60 миллион аҳоли истиқомат қилади, умумий ер майдони эса 4 млн квадрат километрни ташкил этади: бутун Европа Иттифоқи давлатлари шунча ер майдонига эга.

Ниҳоят, давлатларимизни тарихан маданият, тил муштараклиги, шунингдек, дин, анъаналар ва қариндошчилик ришталари боғлаб туради. Буларнинг барчаси минтақавий бирлик, умумий иқтисодий ва ижтимоий-маданий кенглик яратиш амалга оширса бўладиган вазифа эканидан далолат бериб турибди. 

Мавзуга оид