Жамият | 13:37 / 02.08.2022
20882
2 дақиқада ўқилади

ХТВ: Мактаб маъмурияти ўқувчиларни ягона форма кийишга тарғиб қилиши мумкин

Айрим мактабларда маъмурият ота-оналарни фарзандлари учун тасдиқланган дизайндаги мактаб формаларини сотиб олишга ундамоқда. ХТВ матбуот котиби Kun.uz сўровига жавобан маълум қилишича, мактаблар томонидан ягона форма тарғиб қилиниши мумкин, лекин бу ўқувчини мактабга киргизмасликка сабаб бўла олмайди.

Ягона мактаб формасининг мажбурий жорий этиш кечиктирилганига қарамай, айрим мактабларда масъуллар ўқувчиларни сотиб олишга ундамоқда.

Kun.uz'га мурожаат қилган фуқаронинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳри Миробод туманидаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси Telegram'даги гуруҳда мактаб учун ўқувчиларга форма олиш мажбурий эканини ёзган.

Ҳолат юзасидан Kun.uz'га изоҳ берган халқ таълими вазирининг матбуот котиби Лайло Рустамованинг айтишича, мактаб маъмурияти ва ўқитувчилар ягона мактаб формасини тарғиб қилиши мумкин. Бироқ ўқувчи тасдиқланган намунадаги ягона формани киймаган тақдирда, уни мактабга киргизмасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

“Халқ таълими вазири баёнотининг мазмуни билан яна бир бор танишиб чиққан ҳолда, 2022/23 ўқув йилида мактаб ўқувчиларининг таълим муассасаларига мактаб формасида келишлари тартиби бекор бўлмаганини, аксинча, кўп сонли аҳолининг таклиф ва илтимосларига кўра, мактаб формасини тўлиқ жорий этиш 2025 йилга қадар босқичма-босқич амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратишингиз сўралади.

Шу ўринда мактаб жамоаси ўқувчиларнинг мактаб уставида белгиланган кийиниш талабларига, хусусан ички тартиб ва одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этиш кўникмаларини мустаҳкамлаш, ижтимоий тенгликни таъминлаш мақсадида ўқувчиларнинг мактаб формасида келишлари талаби бекор бўлмагани инобатга олишингизни, амалиётга тўлиқ жорий этиш босқичма-босқич олиб борилаётганини, ўқувчиларнинг мактаб формасида келишлари мактаб раҳбарияти назоратида ва бу ҳақда ота-оналарга тегишли тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилиши мумкин”, – деди Лайло Рустамова.

Эслатиб ўтамиз, мактабларда ягона формани жорий этиш 2024/25 ўқув йилигача босқичма-босқич амалга оширилиши айтилган, бироқ бу босқичлар қандай бўлиши ҳақида ҳозирча маълумот берилмади.

Мавзуга оид