Жаҳон | 22:05 / 03.08.2022
24271
2 дақиқада ўқилади

Тоғли Қорабоғда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинди. Боку демилитаризация ҳақида баёнот берди

Озарбойжон қуролли кучлари арман ҳарбийларининг ҳужумида озар аскари ўлганини маълум қилиб, бунга жавобан дронлар ёрдамида Тоғли Қорабоғдаги арман позицияларини ўққа тутди. Тан олинмаган республикада қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинди. Расмий Боку Қорабоғнинг тўлиқ демилитаризация қилинишини талаб қилиб чиқди.

Фото: Озарбойжон Мудофаа вазирлиги

3 август куни Озарбойжон Мудофаа вазирлиги Тоғли Қорабоғда “Қасос” операциясини бошлаганини маълум қилди.

Вазирлик баёнотига кўра, операция арман томонининг ўт очиши оқибатида Қорабоғнинг Лочин туманида озар аскари ҳалок бўлганига жавобан ўтказилмоқда.

Расмий Боку операция натижасида Тоғли Қорабоғдаги бир нечта тепалик устидан назорат ўрнатганини билдирган. Ҳужум учувчисиз учиш қурилмалари (Bayraktar TB-2 экани айтилмоқда) ёрдамида амалга оширилган.

Тоғли Қорабоғ томони Озарбойжонни оташкесимни бузганликда айблади. Тан олинмаган республика Мудофаа вазирлигининг ахборотига кўра, ҳужум оқибатида икки ҳарбий ҳалок бўлган, 14 нафари жароҳатланган. Натижада президент Араик Арутюнян қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилган.

Ўз навбатида, Россия Мудофаа вазирлиги Озарбойжой ҳарбийлари ҳудудда ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини маълум қилди.

Озарбойжон қуролли кучлари дрондан йўлланган зарбалар видеосини эълон қилди.

Расмий Бокунинг баёнотида Тоғли Қорабоғ демилитаризация қилиниши кераклиги таъкидланган.

“Уч томонлама баёнотга қарамай, Озарбойжоннинг вақтинча Россия Федерацияси тинчликпарвар кучлари жойлаштирилган ҳудудларида Арманистон ҳарбий кучлари ва ноқонуний тузилмаларининг сақланиб тургани хавф манбайи бўлиб қолаётгани Озарбойжон Республикаси томонидан бир неча марта таъкидланди. Бу ҳудудлар демилитаризация қилиниши, арман қўшинлари тўлиқ олиб чиқиб кетилиши ва ноқонуний арман ҳарбий тузилмалари қуролсизлантирилиши шарт”, – дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, узоқ йиллик можаро 2020 йил кузида кенг кўламли урушга айланган, бир ярим ой давом этган ҳарбий ҳаракатлар натижасида Озарбойжон Тоғли Қорабоғнинг қарийб ярми устидан назорат ўрнатиб, ҳудуднинг қолган ярмига Россия тинчликпарвар кучлари жойлаштирилганди.

Россия воситачилигида эришилган келишувга биноан, Арманистон Тоғли Қорабоғдан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетиши керак эди. Расмий Боку шундан буён Ереванни келишувни бажармаётганликда айблайди. Арманистон томони ва тан олинмаган республика расмийлари бу айбловни рад этиб келмоқда.

Мавзуга оид