Иқтисодиёт | 18:00 / 04.08.2022
31248
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш бўйича 6-йиғилишга тайёргарликни йил охиригача якунламоқчи

Жорий йил 2 август куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев раислигида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Тадбир давомида таъкидланишича, ишчи гуруҳ 5-йиғилиши доирасида кўп томонлама ва икки томонлама музокаралар давомида ЖСТга аъзо давлатларга мамлакат ташқи савдо режими ҳақидаги барча саволларга тўлиқ жавоблар тақдим этилди. Музокаралар натижаларига асосан, амалиётга мувофиқ, июль ойи охирида ЖСТга аъзо давлатлар томонидан қўшимча ёзма саволлар юборилди.

ЖСТга аъзо бўлиш доирасида фаол икки томонлама музокаралар ўтказиш, алоҳида қўшимча ҳужжатларни тайёрлаш ва тақдим этиш каби жорий йил охиригача амалга ошириладиган асосий вазифалар белгиланди.

Ўзбекистон бўйича ишчи гуруҳ навбатдаги, 6-йиғилишини жорий йил охиригача ўтказиш учун республика ЖСТ котибиятига ташкилотга аъзо давлатлар қўшимча саволларига жавоблар ҳамда сўровларга мувофиқ техник жиҳатдан тартибга солиш, интеллектуал мулк ва бошқа йўналишларга оид янгиланган ҳужжатларни тақдим этиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда республиканинг ЖСТга қўшилиши бўйича навбатдаги музокараларни самарали ва сифатли ташкил этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, аъзо бўлиш жорий ҳолатини таҳлил қилиш бўйича ҳафталик ишчи муҳокамалар ўтказишга қарор қилинди.

Мавзуга оид