Ўзбекистон | 15:28 / 04.08.2022
9142
6 дақиқада ўқилади

«Паст кучланишли тармоқларимизда йўқотишлар кўлами анча юқори» – вазир ўринбосари билан суҳбат

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистонда паст кучланишли тармоқларда йўқотишлар кўлами анча юқори эканини тан олди. Унинг сўзларига кўра, тақсимловчи тармоқларда ўрта ҳисобда 13-14 фоиз электр энергияси истеъмолчига етиб келгунча йўқ бўлиб кетади. Ривожланган мамлакатларда эса бу кўрсаткич 6-7 фоиздан ошмайди.

– Электр энергияси тизими ўргамчак тўри шаклида бирлаштирилган. Шу тизимда авария бўлиб кенг тарқалишининг энг юқори қуввати аниқланганми? Қайси миқдордаги юқори кучланиш мана шундай йирик аварияларга олиб келади?

– Аслида авария кучланиш даражасига кўп ҳам боғлиқ эмас. Мамлакат миқёсида жуда катта авария 500 мегаваттли тармоқларда носозлик ёки юқори кучланиш келиб чиқсагина кузатилиши мумкин. Бу фақат Ўзбекистонда эмас, бутун дунё тажрибасини ўрганганимизда бунга амин бўлганмиз.

Блэкаутларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олинган хулосалар чуқур таҳлил қилинади, шу жумладан, Ўзбекистон ҳамда қўшни давлатларда бўлиб ўтган блэкаут сабабларини ҳам бошқа мамлакатларнинг экспертлари таҳлил қилади. Яъни энергетиклар орасида авариялар сабабларини сир тутиш одати йўқ. Ҳамма бир-бирига очиқ ва мавжуд муаммоларни кўрсатиб беришга ҳаракат қиладики, мақсад – бу муаммолар қайтарилмасин.

– Тўрақўрғон ИЭСда 2020 йил ноябрида юз берган аварияда-чи? Қандай қувватда тизим ишдан чиқди?

– Тўрақўрғонда катта авария кузатилмади. Очиғини айтиш керак. Баъзан буғ-газ қурилмалари қандайдир нуқсонларни бартараф этиш учун кутилмаганда, яъни режалаштирилмаган ҳолда ўчирилади. Лекин бирор марта ҳам Тўрақўрғонда режадан ташқари электр станциясини ўчирганимиз тизимли аварияга олиб келгани йўқ.

– Рисоладагидек релели ҳимоя воситалари, кабелни ҳимоя қилувчи автомат, ҳарорат юқори бўлганда тизимни ўчириб қўядиган механизмлар билан жиҳозланганда трансформаторлар ёниб кетмаслиги керак. Лекин уларнинг ёниб кетаётгани ҳақидаги хабарларга тез-тез кўз тушмоқда. Балки уларни таъмирлаш ёки хизмат кўрсатиш жараёнида камчиликларга йўл қўйилаётгандир. Балки таъмирлаш жараёнида зарур эҳтиёт қисмларнинг сифатсизлари ишлатилаётгандир?

– Буни инкор этиб бўлмайди. Кўп ҳолатларда эксплуатациядаги камчиликлар туфайли ёнғинлар келиб чиқади. Айтганингиздек, ҳимоя вақтида ишламайди. Ёки сунъий равишда ўчириб қўйилган бўлади. Сабабини тушунтириб беришга ҳаракат қиламан.

Масалан, битта трансформаторга автомат ўрнатилган бўлади. Ортиқча юклама бўлгандан кейин у ўз-ўзидан ўчиб қолади. Бир неча марта ўчгандан кейин аҳолидан шикоятлар кўпайиб кетгач, баъзан электромонтёрлар автомат орқали эмас, тўғридан тўғри улаб қўйишади. Бу – албатта эксплуатация хатоси.

Оддий мисол сифатида Чилонзор 5-мавзесида 29 июл куни содир бўлган авария тафсилотларини айтиб бераман (суҳбат 30 июл куни бўлиб ўтган). У ерга иккита кабел тармоғи борган. Биттаси куйгандан кейин мавзенинг бир қисмида свет ўчган ва шу сабабли аҳолидан жуда кўп шикоят келиб тушган. Туман электр таъминоти корхонаси томонидан истеъмолчиларнинг шикоятларини камайтириш мақсадида мавзенинг светсиз қолган қисмида яшовчи аҳоли иккинчи кабел тармоғига улаб берилган. Йўриқнома бўйича бундай қилиш мумкин эмас.

Мавзенинг ярми электрсиз қолгач юзлаб шикоятлар келиб тушгандан сўнг мажбурликдан шу ишни қилишган. Масъуллар қисқа вақт ичида ўчиб қолган кабел тармоғини таъмирлаб улгуришларига ишонишган. Натижада бу қарор иккинчи кабел тармоғи ҳам ишдан чиқишига олиб келган. Битта тармоқнинг ўрнига иккитасини таъмирлашга мажбур бўлдик.

Бундай ҳолатлар кўплаб кузатилади. Лекин масаланинг яна бир бошқа тарафи бор. Аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан трансформатор пунктларимизни очиб, автоматларга таъсир кўрсатиш, яъни уларни ўчириб қўйиш ёки электр тармоғига автоматни четлаб ўтиб, тўғридан тўғри уланиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Тез-тез кузатилади демайман, лекин ўз тажрибамда бундай ҳолатларни жуда кўп кузатганман.

– Бундай вазиятда сиз айтаётган ишга қўл урган истеъмолчиларга қандайдир чора кўриладими? Қонунчиликда бундай ҳаракат учун жавобгарлик борми?

– Қонунчиликда бор. Бундай вазиятларда электр тармоғига ноқонуний уланганларга нисбатан чора кўриш назарда тутилган. Лекин минг афсуски, трансформаторларимиз камералар билан жиҳозланмаган, шу боис бу ишни ким қилганини исботлаш жуда қийин.

– Ўзбекистонда электр йўқотишлари қанча? Қанчаси истеъмолчига етиб келгунча йўқолади?

– Ишлаб чиқарилган электр энергиясининг бир қисми мана шу станцияларнинг ўзида генератордан чиқиб то тармоққа узатилгунча йўқолади, бу – техник йўқотиш. Унинг меъёри 0,65 фоиз. Дунё миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, тахминан халқаро стандартларга мос келади.

Магистрал тармоқларимиздаги йўқотишлар 2,5 – 2,6 фоиз. Бу ҳам дунё миқёсидаги яхши кўрсаткичларга тенг. Лекин тақсимловчи тармоқларимизда, яъни паст кучланишли тармоқларимизда йўқотишлар кўлами анча юқори. Бу кўрсаткич ҳудуддан ҳудудга қараб ўзгаради, ўрта ҳисобда 13-14 фоизни ташкил этади. Бу ерда қиладиган ишимиз кўп, ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич икки баробар пастроқ, яъни йўқотишлар 6-7 фоиздан ошмайди.

– Йўқотишни камайтириш учун нималар қилиняпти? Бу борада қайси давлатларнинг тажрибаси ўрганиляпти? Бизда ҳам жорий этилиши яқин бўлган хорижий тажрибалар мавжудми?

– Бу ерда қандайдир бир мамлакатнинг тажрибаси дейиш нотўғри бўлади. Чунки халқаро тажриба бор, халқаро стандартлар бор. Бугунги кунга қадар биз олти юзга яқин халқаро стандартларни Ўзбекистонда қўллаш бўйича адаптация ишларини якунладик, яъни биз ушбу стандартларни қўллай оламиз.

Табиийки, бу стандартларни қўллаш харажатлар билан боғлиқ. Ҳозир янги стандартлар бўйича тармоқларни лойиҳалаш, қуриш, эксплуатация қилиш мумкин, лекин бу капитал харажатлар ортишига олиб келади. Ҳеч кимга сир эмас, электр энергияси йўқотишларини 5-6 фоизгача тушира олган ривожланган мамлакатларда тармоқларга сарфланган маблағлар бизникига нисбатан бир неча баробар кўпроқ.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилиш мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчилар: Абдуқодир Тўлқинов, Асадбек Курязов
Монтаж устаси: Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид